Ўзбекистон | 01:37 / 12.05.2018
119283
2 дақиқада ўқилади

Собиқ Адлия вазири озодликка чиқди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Адлия собиқ вазири Равшан Муҳиддинов қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2012 йилдан буён қамоқ жазосини ўтаб келаётган Равшан Муҳиддинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни амалга оширганликда айбланиб, судланганди.

Жорий йилнинг 8 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида собиқ вазир Муҳиддинов реабилитация қилиниб, унга нисбатан амнистия акти қўлланилди.

Маълумот учун, у 2000-2005 йиллар Жиззах вилояти прокурори, 2006 йилга қадар Президент девонида масъул ходим, 2006-2007 йилларда эса Бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шундан сўнг, 4 йил давомида Адлия вазири сифатида фаолият кўрсатган Муҳиддинов 2011 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганди.

Равшан Муҳиддинов қамоққа олинишидан аввал Тошкент вилояти прокурори сифатида фаолиятини давом эттираётган бўлган. У 2012 йил 16 февраль куни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, 15 йил озодликдан маҳрум этилганди.

Ҳукуматга яқин Kun.uz ​ахборот манбасининг таъкидлашича, Муҳиддинов собиқ МХХ ва ўша даврдаги Бош прокуратура тизимига қарши кураш эълон қилган илк расмийлардан бири эди.