Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилади
Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, асли ўзбек Азимжон Асқаровнинг жасади Ўзбекистонга олиб келиб дафн этилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигидаги манба Kun.uz’га маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Азимжон Асқаровнинг рафиқаси, ўғли ва бошқа оила аъзоларининг унинг Ўзбекистон ҳудудида дафн этилиши ҳақидаги мурожаатига биноан Қирғизистон томони билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилган.
Ўзаро музокаралар натижасида ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ва уларнинг талабларини қаноатлантириш юзасидан келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондаги энг машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири, 10 йилдан буён қамоқхонада бўлган Азимжон Асқаров шу йилнинг 25 июлида қамоқхонада вафот этганди.
У 2010 йил 16 июнида Қирғизистон жанубида, ўзбеклар истиқомат қиладиган ҳудудда рўй берган фожиали воқеалардан кейин қамоққа олинганди. У июнь воқеалари вақтида оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришга шериклик қилишда айбланиб, ҳибсга олинган. Ўша йилнинг сентябрида суд Асқаровни бутун умрга озодликдан маҳрум қилган, бироқ у ўз айбдорлигини тан олмаганди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаровга нисбатан куч ишлатилгани, зўравонлик қилингани, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига нисбатан суд иши адолатсиз тарзда кўриб чиқилганини қайд этган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Асқаровга нисбатан жазо бу қадар оғир бўлганини унинг бевосита милиция томонидан фуқароларга нисбатан қилинган зўравонликлар юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказгани ва уларни фош этгани билан боғлаган.
Азимжон Асқаровнинг иши сабабли Қирғизистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш муҳокама қилинган, бу орада расмий Бишкекнинг АҚШ билан муносабатлари совуқлашганди.
2016 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматидан Асқаровга нисбатан қўлланган жазони бекор қилиш ва уни гаров эвазига озод этишга чақирган, аммо ушбу масала очиқ қолганди.
Мавзуга оид
12:37 / 25.07.2020
Умрбод қамоққа маҳкум қилинган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди
15:18 / 13.02.2017
Атамбаевнинг Европага ташрифи Ўш воқеалари ташкилотчилигида айбланган Азимжон Асқаровга ҳукм билан боғлиқ
19:24 / 24.01.2017