Ўзбекистон | 13:06 / 27.04.2021
6668
3 дақиқада ўқилади

Қўзиқорин етиштириб ўз даромадига эга бўлаётган аёл

Ферузахон Жўраева Ўзбекистон туманининг Қудаш қишлоғида истиқомат қилади. У ўз хонадонининг ертўласида қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйган. Феруза Жўраева тумандаги «Аёллар дафтари»да рўйхатда туради. У давлат томонидан бепул ўқитилиб, салкам тадбиркорга айланди. 

Феруза опа етиштираётган қўзиқоринлар фойдага кира бошлаган. Бироз қоронғи ва салқин хонада етиштирилаётган қўзиқоринлар худдики савдо дўконларидаги каби пештахталарга териб қўйилгани эътиборимизни тортди. Пештахталардаги полиэтилен қопчаларни ёриб чиқиб бўй кўрсатаётган қўзиқоринчаларни кўриб суҳбатдошимиздан уни етиштиришнинг оғир-енгили ҳақида сўрадик. 

«Қўзиқоринни етиштириш учун шелуха бир кун олдин ивитиб қўйилади. Унинг ўзига керакли бўлган дорилари бор, ўша дорилари ҳам қўшилади.  Иккинчи қаторига уруғ солдик, уруғдан сўнг яна шелуха солинади. Бир қатор уруғ, бир қатор шелуха солиб экиб чиқилади. Битта қоп саккиз, тўққиз қатор бўлади. 

Ҳосил дастлаб кичкина-кичкина бўлиб етишиб чиқади. Шу сингари ўзидан ўзи кўпайиб бораверади», — дейди Ф.Жўраева биз билан суҳбатда. 

Унинг таъкидлашича қўзиқорин етиштириш учун тозалик ва озодалик биринчи ўринда туради.
 
«Қўзиқоринлар етишиб чиқиши учун аввало тозалик, тоза ҳаво ва 23 даражадаги иссиқлик керак бўлади. Меҳнати оғир эмас. Инсон ўзини қандай парвариш қилса, буларга ҳам худди шундай парвариш берилса бўлди. Ўзидан ўзи кўпайиб кетаверади», — дея таъкидлайди Феруза опа. 

Маълум бўлишича, ҳозирда қўзиқорин етиштириш илмини пухта эгаллаган қаҳрамонимизга туман мутасаддилари томонидан маҳалладаги бўш турган бино ҳам бириктириб берилган. У бу ерда ҳам қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйган. Етиштирилаётган маҳсулотлар эса Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги савдо дўконларига етказиб берилмоқда. Талаб юқори бўлгани учун Феруза опа ўз фаолиятини янада кенгайтириш ниятида:

«Сентябрга ўтиб янгидан уруғ қадаб, 5-6 аёлни иш билан таъминлаш ниятим бор. Ҳозирда ўзим қарайман, ўқишдан бўш вақтларида 9-синфда ўқийдиган қизим бор, у қарашади. Ўзим улгурмай қоляпман», — дейди у. 

Феруза Жўраеванинг фаолияти билан танишар эканмиз, жамиятда у сингари ишсиз аёллар ҳам ўз даромад манбаларига эга бўлиб, рўзғор тебратаётганидан хурсанд бўлдик. Унинг келгуси фаолиятига омад тиладик. 

Файзулло Султонов тайёрлади.
 

Мавзуга оид