14:50 / 16.06.2021
28363

«Ҳаммаси ўйлаб қилинган, ният холис эмасди» — вазир олий таълимдаги катта хато ҳақида

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов МFaktor лойиҳасига берган интервьюсида олий таълимда шу вақтгача йўл қўйилган хато ва унинг оқибати хусусида фикр билдирди.

«Олий таълимдаги энг катта муваффақиятсизлик сабаби – магистратура босқичидир.

Бу босқич бутун таълим тизимини шу аҳволга олиб келиб қўйди. Ўқитувчилар 5 йил ўқитган талабасининг юриш-туриши, илмга муносабати, нотиқлик маҳорати, лидерлик қобилиятига қараб университетда олиб қолишга интиларди.

Олий таълим тизимини 2 босқич: бакалаврат ва магистратурага ажратдик. Бу тўғри бўлди. Лекин биз нима қилдик, магистратурага қабул тизимини нотўғри қилдик. Қабулни олий таълим муассасаларининг ўзига қўйиб бердик. Бакалавр босқичи қабулини тест тизимида қилган бўлсак, магистратурани ректорлар, ОТМ комиссияси ҳал қилади, дедик ва 90 фоиз ҳолатларда коррупцион механизм ишлади.

Университетда ўқитувчи бўлиши керак бўлган иқтидорли талаба қолиб, таниш-билишчилик билан магистратурани шунчаки бакалаврдан кейинги босқич деб биладиган ярамайдиган талабалар қабул қилинди.

Магистратура "ставка"лари ҳам очиқ-ойдин эди, камида 2-3 минг доллар. Шу жараёнда биз университетга керакли иқтидорли ўқитувчиларни йўқотиб қўйдик, улар давлат университетларида дарс беришни исташмаяпти, чунки ойлик кам.

Магистратурага қинғир йўл билан кирганлар битиргач бошқа соҳага борди. Ундан яхши тадбиркор чиқмади. Солиқ ташкилоти, ҳокимиятга борди. Уддалай олмади. Охири иш тополмагач, магистр дипломини кўрсатиб, университетда ўқитувчи бўламан, деди. Бўш иш ўрни бор эди, қабул қилинди. Лекин талабаларнинг ота-онаси бундай ўқитувчиларга ишонмади.

Умумий бакалаврларнинг атиги 2 фоиз талабаси магистр бўлиш имконига эга эди. Жуда кам кўрсаткич эди бу. Бунинг ҳаммаси ўйлаб қилинган. Бу – ниятнинг тўғри эмаслиги. Бунинг оқибати ўқитувчилар етишмаслигини келтириб чиқарди. Ўқитувчилар етишмагандан кейин, ҳалиги [магистратурага пул билан кириб,] тугатганлар кетмади, юраверди.

Ҳозир вазият ўзгарди. Охирги беш йилда магистрлар сони қарийб 7 бараварга кўпайди. 137 та ОТМда 31 минг нафар ўқитувчи ишлаяпти. 31 минг нафар магистр эса ўқияпти. Демак, ҳар бир ўқитувчи ўрнига янги кадр бор.

Қабул нисбатан яхшиланган. Бу йил магистратурага қабулда мутахассислик фанлари ҳам, чет тили ҳам Давлат тест маркази орқали бўлади. Ҳозирги шароитда магистратурага ДТМ орқали қабул – бу нажот. Ҳеч ким аралашолмайди», – деди Тошқулов.

Top