Ўзбекистон | 15:32 / 06.10.2021
15426
2 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат ихчам бўлиши керак» – адлия вазири

Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳукумат аппарати ниҳоятда катталиги, бу ортиқча харажат ва бюрократия экани борасида гапирди.

5 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон: беш йиллик ислоҳотлар» номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда адлия вазири Русланбек Давлетов ҳукумат ихчам бўлиши лозимлиги ҳақида гапирди.

«Келгусида қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчи эдим.

Буни биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб, муаммо сифатида олдимизга қўйишимиз керак. Ҳукумат ихчам бўлиши керак. Биз жуда катта давлат аппаратини ўзимизга... Тўғри келмайди. Унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра иқтисодни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак. Қанча давлат органи кўп бўлса, шунча иқтисодиёт юриб кетиши қийин бўлади. Тадбиркорнинг ишлаши қийин бўлади.

Давлат органи дегани бу — бюрократия дегани. Бу қўшимча ваколат, қўшимча бошқарув функцияси дегани. Шунинг учун бу борада биз ўша ботиб кетган қўлларимизни қайтариб олишимиз керак! Бу бюрократия натижасида коррупция, мана шу қўллардаги негатив факторларни йўқотишимиз керак», — дея адлия вазирининг сўзларини келтирмоқда Кun.uz мухбири.

Шунингдек, у ҳукумат модернизацияси ҳақида гапирди.

«Ҳукумат модернизацияси ҳақида гапирсак, нимага ҳукуматга нисбатан модернизация сўзини ишлатдик? Чунки Ўзбекистонда охирги беш йилда давлат ташкилотларининг ишлаш тизими замонавийлашди.

Ҳозир ҳам аҳолининг эҳтиёжи жуда юқори. Талабга тўғри келиб уни қондириш нуқтайи назаридан ахборот ресурслари ва хизматлар бўйича (давлат органларининг асосий вазифаси хизмат кўрсатиш) оладиган бўлсак, қиладиган ишларимиз кўп», — деди вазир.

Мавзуга оид