20:24 / 30.12.2020
9213

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини Россияга киритиб қўйишга ваъда бераётган фирибгарлар алдовидан огоҳлантирди. Чунки ўзбекистонликларнинг Россияга индивидуал киришларига рухсат берилмаган.

Фото: РИА Новости

Сўнгги кунларда Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида Россия ҳудудига кириш учун рухсат олиб бериш бўйича таклиф этилаётган хизматлар ҳамда Ўзбекистондан Россияга бориб, мамлакатга киритилмаётган фуқаролар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу боис, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўз муносабатини эълон қилди. Унда жумладан шундай дейилади:

«Коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан чет эл фуқароларининг Россияга кириши бўйича РФ ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги «Россия Федерациясига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг киришини вақтинча чеклаш ҳамда визалар ва таклифномаларни беришни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида»ги фармойиши билан қатор чекловлар жорий этилган.

Айрим тоифадаги фуқаролардан ташқари ўзбекистонликларнинг индивидуал тарзда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ. Фақатгина Россия ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда.

Айни пайтда Россия ҳудудида ишлаш истагидаги Ўзбекистон фуқароларини пандемия ва ундан кейинги даврда ташкиллаштирилган ҳолда кириш жараёнларини соддалаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Афсуски, ушбу вазиятдан фойдаланиб, айрим шахслар томонидан фуқароларни турли асоссиз хабарлар билан чалғитиш ва фирибгарлик орқали пул топишга уриниш ҳолатлари юз бермоқда.

Шу ўринда юртдошларимиздан Россия Федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз.

Турли сохта ҳужжатлар билан чегараларни кесиб ўтишга уриниш Ўзбекистон ва Россия қонунларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишлари ва иш берувчиларнинг танловларидан ўтган тақдирда ташкиллаштирилган ҳолда ушбу мамлакатга ишга кетишлари мумкин», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz «Россияга юбормоқчи бўлаётган фирмалардан огоҳ бўлинг: уларнинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас» сарлавҳали мақоласида карантин сабаб Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерациясига кириши чекланганидан устомонлик билан фойдаланиб, даромад орттиришга уринаётган айрим “уддабурон тадбиркорлар” ваъдасига ишонмасликни, уларнинг алдовига учмасликдан огоҳлантирган эди. 

Top