Ўзбекистон | 16:07 / 28.11.2021
21411
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ИИБ ходимлари бўйсунмасдан қочган Lacetti'нинг ойналарини синдирди 

Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқда ИИБ ходимлари машина ойналарини синдириб ташлагани тасвирланган видео тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, жорий йил 27 ноябрь куни соат 16:10 ларда Чироқчи тумани, "Коммуна" МФЙ ҳудудидан ўтган ички йўлда ЙПХ ходимлари томонидан Lacetti русумли машина тўхтатилган.

Аммо ҳайдовчи ЙПХ ходимларининг қонуний талабни бажармаган. У машинанинг ойнаси ва эшикларини қулфлаб ЙПХ ходимларига ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган. Сўнг машинани унинг йўлини тўсиб турган ИИБ ва ЙҲХБ ходимлари устига юрғизган.

Мазкур жараёнда ходимлар томонидан махсус воситалар қўлланилиб, ҳайдовчини тўхтатиш чоралари кўрилганига қарамасдан у воқеа жойидан қочиб кетган.

Қайд этилишича, ҳозирда ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида бўйсунмай ҳаракатланган ҳайдовчи юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид