Ўзбекистон | 02:50 / 18.04.2018
46771
3 дақиқада ўқилади

«Сохта иссиқхоналар» деб бутун дунёга шарманда бўлган Қашқадарё вилояти ҳокими ҳайфсан олди

Ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилаётгани, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан қонунбузарлик ва кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани президент Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинмоқда.

17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт, таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Қашқадрё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида йўл қўйилган кўзбўямачиликка, шунингдек, бундан буён ҳеч қачон ўқитувчилар, шифокорлар, талабалар мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигига ваъда берди. 

«Барча топшириқлар тушунарли. Муҳтарам Президентимизнинг 13 апрель кунги гапларидан хулоса чиқардик.

Ростдан ҳам бизда кўзбўямачиликлар бўлган. Биз ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаганмиз, фақат иссиқхоналарда кўзбўямачилик қилинган деб ёзишди», дея  ҳоким дастлаб ўзи тан олган фактни инкор қилишга тутинди -  Биз аслида плёнка остига эккандик...»

Аммо унинг гапини бош вазир бўлиб қўяди: «Эсларингдан чиқармасликларинг керак - ҳозир биз ахборот технологиялари замонида яшаяпмиз. Ҳаммасини видеога олиб, плёнканинг остида нима бор, нима йўқлигини кўрсатиб қўйибди. Экилмаганиниям. Битта кўзбўямачиликни деб бутун дунёга шарманда бўлдингиз!».

Шундан сўнг, Қашқадарё вилояти ҳокими барча гаплар тушунарли бўлганини айтиб, узр сўради ва бундан кейин вилоятда кўзбўямачилик қилинмаслигига ваъда берди. 

«Энди чуқур хулоса чиқарамиз. Ҳаммаси юз фоиз тушунарли. Жамоатчилик ишлари учун пулларимиз етарли. Ижтимоий соҳа ходимлари, ўқитувчилар, талабалар мажбурий меҳнатга жалб қилинмайди», деган вилоят ҳокими.

Йиғилиш давомида Зафар Рўзиевга ҳайфсан эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, «Kun.uz» сайтида февраль ойи охирида Қашқадарёда қўлбола иссиқхоналар билан президентга кўзбўямачилик қилингани ҳақида видеоматериал эълон қилинганди.

Кейинроқ, президент матбуот котиби Комил Алламжонов бу вазият ўрганилишини маълум қилганди.

«Менимча, бундай материаллар бўрттирилган маълумотлар асосида. Чунки, борган ҳудудларимизда кўрган иссиқхоналаримиз аввалдан бор иссиқхоналардир. Материал президент ўтадиган йўллар ёқаларида вақтинчалик иссиқхоналар қурилгани ҳақида бўлса керак. Агар ростдан ўша иссиқхоналар ҳозир йўқ бўлиб қолган бўлса, бузиб ташланган бўлса, буни аниқлаб, тегишли чоралар кўрилади. Лекин, агар ўша иссиқхоналар президент ташрифида қурилган бўлса ҳам, озроқ кутиш керак, агар ўша иссиқхоналарда нимадир экилган бўлса, у униб чиқишини кутиш керак», деганди Алламжонов.

Мавзуга оид