Ўзбекистон | 15:20 / 24.11.2023
11140
7 дақиқада ўқилади

"Ҳокимлар таълим жараёнига эмас, мактаблардаги шароитга жавобгар" - вазир ўринбосари билан очиқ суҳбат

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан навбатдаги интервюда ўқитувчилик касбининг нима учун жозибадор эмаслиги, таълимдаги ҳудудлараро нотенглик ва ҳокимларнинг мактаб ишига аралашуви ҳақида суҳбатлашдик.

Мамлакат ривожланишида ҳар соҳанинг ўрни муҳим. Аммо улар ичида таълимнинг ўрни беқиёс. Чунки таълим келажак авлод ва шунга мувофиқ жамиятни тарбиялайди.

Хўш, бугунги ўзбек мактаб таълимида қандай муаммолар бор, уларни ечиш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Kun.uz навбатдаги суҳбатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан шулар ҳақида гаплашди.

Мактаб таълимига оид доим беришимиз керак деб ўйлаб юрган қизиқ саволлар бор. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Ҳилола Умарова келгач ПИИМА (Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги) тажрибаларининг имплементацияси кучайганини кўпроқ кузатдик. Мақсад таълим сифатини яхшилаш, педагогларни ўқитиш бўлди, бу борада ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Аммо бу икки тоифадаги мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар бир-биридан анча фарқ қилишини инобатга олсак, тажриба самара беради деб ҳисоблайсизми? Яъни таълимда методология устида қанча ишланмасин, аввало, меҳнат шароити яхшиланмаса, ушбу тажриба самараси сусаймайдими?

— Энди қаранг, мушкул деб ҳеч нарса қилмасдан ўтирсак, 3-4 йилдан кейин ҳам қийин деб қоламиз. Бизга биринчи компютер қўйиб беринглар, хонага электрон доскалар қўйинглар, барча замонавий шароитларни қилиб, кейин методикага ўтайлик деб ёндашадиган бўлсак, ҳеч қачон бўлмайди. Икки томондан ҳам бу ишни қилиб бориш керак.

Ихтисослашган мактабларнинг имконияти яхшироқ дейишим қийин. Масалан, ҳамма биладиган Қоракўл мактаби бор. Уларга замонавий мактаб 2-3 йил олдин қурилди ўзи, лекин олдинги шароитларини эса аввалроқ шу мактабни кўрган одам билади. Тўғри, қанча яхши шароит бўлса, ўқувчилар яхшироқ натижага эришади. Лекин доим ҳам инфратузилма натижа гарови эмас. Мен буни педагоглар таркибига боғлаган бўлардим. Педагоглар яхши бўлса, яхши методикани бемалол беради. Ихтисослашган мактабларнинг ўқитувчилари билим жиҳатдан устунроқ, бошқа мактабларда ҳам шунга урғу бериш керак. Яъни умумтаълим мактаб устозлари ҳам шу даража, билим, интилишга ҳаракат қилиши керак.

Инфратузилмага келсак, ўтган йили давлат бюджетидан мактаблар қурилиши, таъмири ва жиҳозланишига 2 трлн сўм ажратилди, бу йил эса 4 трлн назарда тутиляпти. Илгари бундай 2 баробар ошириш бўлмаган. Керак бўлса, 4 карра оширса ҳам яхшироқ бўлади, лекин бюджет имкониятларини ҳамма тушуниши керак. Методикани тезроқ жорий қилишимиз лозим, инфратузилманинг тўлиқ яхшиланишини кутмасдан. Балки камроқ самара берар ҳозир, лекин секин-аста яхши даражага чиқиб боради.

Бино ёки методика ҳам эмас, шахс — дарс берувчи ўқитувчи муҳим рол ўйнайди. Сифати паст методика билан ҳам яхши ўқитувчи ўзи изланиб, билим беролади. Ихтисослашган мактаблар ўқитувчилари яхши деганимда улар ўз устида ишлаганини назарда тутдим, яъни иш бошлаганда иккала томон ўқитувчилари даражаси бир хил бўлиши мумкин.

Аммо вақт, физиологик имконият нуқтаи назаридан умумтаълим мактабларидаги ўқитувчилар ўз устида ишлашга имконият тополмаслиги омили ҳам бордир?

Ихтисослашган ёки Қоракўл мактабларида болалар саралаб олинади, айнан ўқишга интилган болалар бўлади. Умумтаълим мактабларида эса болалар ҳар хил, сони ҳам кўп, техник ва меҳнат шароитлари ҳам фарқли.

— Айтилган омилларнинг барчаси муҳим, тўғри. Яхши шароитда ўқитилса, самарадорлик юқори бўлади, ўқитувчи яхши ишлайди. Лекин ўқувчи сони кўп бўлгани учун билим паст бўлади, деган фикр ҳам тўғри эмас. Ўша тилга олганимиз Қоракўл мактаби ҳам ихтисослашган мактаб бўлгунча шундай шароитларда бўлган. Билимни етказиб бериш барибир ўқитувчига боғлиқ ва у шунга ҳаракат қилиши керак.

Бу ерда боланинг истаги ҳам жуда муҳим. Агар болаларнинг ҳаммаси тайёр ўтириб, ўқитувчини эшитамиз деса, албатта, самара бошқачароқ бўлади. Бу вазиятда жамият фақат роботлардан иборат бўлиб қоларди. Лекин устозлар шу шароитда ўз билимини беролса, самара бошқача бўларди. Ўқувчиси кам бўлган мактабларда ҳам билим даражаси унчалик эмас. Кўп болага дарс ўтиб, яхши натижаларга эришаётганлар ҳам бор. Барибир айтганингиздек, идеал шароит ва кадрлар билан яхши натижаларга эришишимиз мумкин. Лекин бугунги кунда молиявий ва ресурс жиҳатдан бу даражага чиқишимиз қийин (ресурс деганда ўқитувчилар салоҳияти ҳам). Дейлик, яхши шароитларни қилиб берсак ҳам, педагог салоҳияти муаммоси чиқади ўртага.

Ўқитувчилар салоҳиятини ошириш бўйича вазирлик қандай ечимларни кўряпти? Туман маориф бўлимлари бор, мактаблар маҳаллий ҳокимликларга боғлаб қўйилган, шу ерда таълим жараёнига тўсиқлар бўляпти. Бу борада нима деёласиз?

— Олдин тумандаги халқ таълими бўлимларида ҳар хил ходимлар бўлган. Таълим сифатини текширган, фанлардан методчилари бўлган. Мактабларда ҳар хил текширувлар уюштиришган. Бу текширувлар нотўғри ташкил этилгандир, фаолиятдан ташқари топшириқлар беришгандир, лекин умуман шундай функционал вазифаси бўлган шундай ходимларнинг.

Ҳозирги январ ойидан қайта ташкил этилаётган туман маориф бўлимларидаги ходимларда бундай функционал вазифалар йўқ. Туман маориф бўлимлари фақатгина мактабларининг операцион жорий ишини ташкил этадиган ташкилотга айлантириляпти. Балки жойларда ҳали бунинг тафаккурига боришмагандир, эски талаблар бордир баъзи жойларда. Лекин айнан ҳозирги ҳолатда маорифларнинг вазифаси ишни ташкил этиш, молия, бухгалтерия ва таъминот билан шуғулланиш.

Туман маориф бўлимлари ходимлари энди бекор бўлганда мактабларга бориб, имтиҳон олиб, текширув ўтказа олмайди. Бундай ваколатли штат йўқ уларда. Мактаблар ҳам аралашишга ҳаққи йўқлигини тушуниши керак энди. Фақатгина вилоят халқ таълими бўлимлари режа асосида текширув ўтказиши мумкин. Туман бўлимларида бундай ваколат мавжуд эмас, қонунан ҳақлари ҳам йўқ. Мана шу ҳам ўқитувчилар ўзини ривожлантириши учун бир имконият. Баъзи жойларда ҳали ҳам ҳокимликлар ёки бошқа ташкилотлар мактаб фаолиятига аралашуви бор. Аммо охирги 5 йил ичида анча камайди.

Интервюнинг тўлиқ қисмини юқоридаги видео орқали томоша қилинг.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Низомиддин Тошпўлатов.

Мавзуга оид