Ўзбекистон ва Қатар стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим имзолади
Ўзбекистон ва Қатар ўртасида икки томонлама стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жасим Ол Соний билан учрашди.
"Ўзбекистон ва Қатар икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик мақомига кўтариш орқали муҳим қадам ташлаганини мамнуният билан маълум қиламиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. – Бугун Тошкентда Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жасим Ол Соний жаноби олийлари билан биргаликда икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзоладик".
15 апрел куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Қатар делегацияси "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқоти мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган эди.