Маданият вазири ўринбосари: «Маданий объектларни муҳофаза қилиш тизими яхши йўлга қўйилмаган»
Тарихий аҳамиятга молик ҳудудларда пухта ўйланмаган асосда қурилиш-бузилиш ишларининг олиб борилиши маданий объектларга путур етказаётганлиги ҳолатлари, сўнгги ҳолатларда, кўп бора қайд этилди. Шу сингари хатти-ҳаракатлар оқибатида ЮНЕСКО умумжаҳон маданий мерослар комиссияси Шаҳрисабз тарихий марказини рўйхатдан чиқариш масаласини кўриб чиққанлиги бунга ёрқин далилдир.
Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова Kun.uz’га берган интервьюсида мазкур ҳолатларга муносабат билдирди.
─ Маданий меросни муҳофаза қилиш фақатгина вазирликнинг ёки маҳаллий ҳокимиятнинг ё бўлмаса, муайян шахсларнинггина жавобгарлигига боғлиқ ҳолат эмас. Бу борада қатъий ишлайдиган тизимни йўлга қўйишимиз зарур. Ўтган 25 йил давомида мана шу тизим йўққа чиққан, дейди вазир ўринбосари.
Оқилова маданий объектлар муҳофазаси бўйича тизимли ишлашнинг бир неча жиҳатларини санаб ўтди.
«Биринчидан, реставрация институтини тиклаш керак. 90-йилларда бу институт ёпилиб кетган. Бу институт ёпилгач, хусусий фирмалар реставрация ишларини олиб бора бошлади. Хорижда маданий объектларни тиклаш масаласига ўта нозиклик билан ёндашилади. Бизда эса реставрация ремонтга айланиб кетган. Номутахассис шахслар томонидан ишлар олиб борган. Шаҳрисабздаги Кўк гумбаз, Самарқанддаги Бибихоним мадрасаси мисолида бунинг аянчли оқибатларини кўришимиз мумкин.
Реставрация деганда кўпчилик бинонинг бир бўлаги тушиб кетганда уни қайта жойига тўғрилаб қўйишни тушунади. Ваҳоланки, бу жараёнда у нимага тушиб кетади, бунинг олдини қандай олиш мумкин, деган саволларга жавоб излаш керак бўлади.
Иккинчидан, ўзимизнинг анъанавий услубда ишлайдиган усталаримиз бор. Уларни йиғиб, реставраторлар ассоциациясини тузишимиз, уларнинг билим ва тажрибаларидан амалиётда ўринли фойдаланишимиз керак.
Учинчидан, хорижий тажрибани тўғри қўллай олишимиз керак.Ҳеч ким четдан келиб бизга нақшкорлик, меъморчилик бўйича дарс ўтмайди. Бу бўйича технологияларнинг ҳаммаси ўзимизники. Тарихий обидаларни конструкция жиҳатдан тиклашда хорижий мутахассисларни жалб қилиш мумкин. Масалан, хитойликлар Ичан қалъада конструкцияни тиклаяпти, нақшларга эса бошиданоқ тегмаймиз, бу сизларнинг ишингиз, дейишган.
Яна бир жиҳат, ёш реставраторларни тайёрлаш масаласи. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтида ёки Тошкент архитектура ва қурилиш институтида реставраторларни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Улар катта тажрибали усталардан амалий сабоқ олиб, ўзини шакллантириши керак. Шунда истеъдодли янги мутахассисларни тайёрлаган бўламиз.
Реставрация ишларининг тарғиботини ҳам кўздан қочирмаслик лозим. Ҳақиқий реставрация қандай бўлади, консервация қандай бўлиши керак? Нотўғри реставрациянинг оқибати, тўғри реставрация тартибини кўрсатиб бера олсак, одамларда тўғри тушунча ҳосил қила олиш мумкин».
Шунингдек, Камола Оқилова суҳбат чоғида обидаларни тиклаш ишларида нопрофессионал ёндашув ҳамда маҳаллий инстанцияларнинг ўзбошимчалигини танқид қилди:
─ Ҳудудлардаги инспекциялар, маҳаллий ҳокимиятлар ўзбошимчалик билан тарихий объектларни бузиш, ўзгартириш, олдида кўп қаватли бино қуриш ҳолатларини кўряпмиз. Бу ҳолат ҳозир нисбатан камайди. Маданий объектлар билан боғлиқ ҳар қандай масалада ЮНЕСКО билан келишган ҳолда, шунингдек, илмий-методик кенгаш хулосаси асосида иш кўриш керак.
Маданият вазирлигида катта ўзгаришлар бўляпти. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланиш бош бошқармаси ҳозир Маданий мерос департаментига айлантириляпти. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори кутиляпти. У янги йўналишда иш олиб боради, чин маънодаги реставрация билан шуғулланиши керак. Бунда юксак профессионализм талаб этилади. Ҳамма нарса деярли янгитдан қуриб, нақшларигача чизиб қўйилган. Натижада объект тархийлигини, ўзига хослигини йўқотган.
ЮНЕСКО тажрибасида реставрация эмас, консервация услуби асосида иш олиб бориш етакчилик қилади. Яъни ҳолатини яхшилайман деб ўзгартириш киритиш эмас, балки бор-бўйича сақлаб қолиш назарда тутилади.
ЮНЕСКО умумжаҳон маданий мерослар комиссияси Шаҳрисабз тарихий марказини рўйхатдан чиқариш масаласини кўриб чиққач, қарори қабул қилишда шошилмади. Ўзбекистонга яна бир йил давомида турли комиссиялар ташриф буюриб, вазиятни назорат қилиши мақсадга мувофиқ, деб топилганди.
Гарчи расмийлар Шаҳрисабзнинг қадимий аҳамиятга эга бўлган бино ва иншоотларига путур етмаганини таъкидласа-да, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, хусусан маҳалла гузари, хонадонлар жойлашуви, шарқона турмуш тарзи жиддий ўзгартирилди. Бундай ҳодисалар мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам давом этмоқда.
Мавзуга оид
19:28 / 11.10.2024
Alfraganus университети ЮНЕСКОнинг 10-Таълимда тадбиркорлик APEID Кенгаши йиғилишига мезбонлик қилди
19:25 / 26.09.2024
ЮНЕСКО Ўзбекистондаги Ғарбий Тян-Шан экотизимига хавф солаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантирди
12:51 / 24.06.2024
Зоминда “II Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказилади
19:15 / 11.06.2024