Жаҳон | 20:03 / 15.11.2022
40571
6 дақиқада ўқилади

Дунё аҳолиси 8 миллиардга етди: Ерда одамлар сони идеал миқдорда бўлиши керакми?

БМТ эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра, 15 ноябр куни дунё аҳолиси 8 млрд кишига етди. 2023 йилда Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг аҳолиси энг кўп мамлакатига айланиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Аҳоли сони ўсиши тўхтайди ёки қисқаради

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ер юзида аҳоли сони ўсиши кузатилмоқда. Фақат 2020 йил пандемия даврида дунё аҳолиси ўсиш тезлиги 1 фоизга пасайгани қайд этилган. 2022 йил 15 ноябр ҳолатига кўра, дунё аҳолиси 8 миллиардни ташкил қиляпти.

Аҳоли сони кўпайиб бораётган бир пайтда тадқиқотчилар турли таҳлиллар ўтказиб, 21 аср охирида Ерда қанча одам бўлиши бўйича ўз тахминларини эълон қилиб боришади. Улардан бири ва энг асосийси 2022 йил июлида БМТ эълон қилган натижалардир. Ташкилотнинг янги таҳлилларига кўра, Ердаги одамлар сони 2030 йилда 8,5 млрд, 2050 йилда эса 9,7 млрд бўлади. Ўсиш 2080-йилларга бориб, ўзининг энг юқори нуқтасига чиқади ва дунё аҳолиси 10,4 млрд кишига етади. Ва бу миқдор 2100 йилгача сақланиб қолади. 

АҚШдаги Вашингтон университети томонидан олиб борилган тадқиқот эса 21 аср охирларида дунё аҳолиси сони нафақат ўсишдан тўхташи, балки қисқара бошлашини прогноз қилмоқда.

Lancet журналида чоп этилган бу тадқиқотга кўра, дунё аҳолиси сони 2064 йилда 9,7 млрд кишига етади ва аср охирига бориб, 8,8 млрд кишига тушиб қолади.

Унда айтилишича, кейинги 80 йил ичида аҳоли сони Япония, Испания ва Италияда икки баравар, Африканинг Саҳрои Кабирдан жануби-ғарбий қисмида эса уч баравар камайиб кетади. 2100 йилга бориб, 65 ёшдан ошган одамлар сони 2,4 млрд кишини, 20 ёшгача бўлганлар сони эса 1,7 миллиардни ташкил қилади. Яъни дунёда кексалар ёшлардан кўп бўлади.

Қисқариш ва ўсиш кутилаётган мамлакатлар

Жаҳон аҳолисининг 2022 йилгача бўлган ҳолати кўп мамлакатларда сўнгги ўн йилликларда туғилиш сезиларли даражада пасайганини кўрсатган. Бундай тенденция асосан ривожланган давлатларда кузатилади. Масалан, Японияда 2021 йилда туғилишлар сони рекорд даражада кам бўлган ва аҳоли сонининг табиий қисқариши бўйича ҳам антирекорд қайд этилган.

Ўтган йили мамлакатда 812 мингга яқин чақалоқ туғилган. Бу кўрсаткич 1899 йилдан бери энг кам туғилиш бўлди. Бир йиллик ўлим сони қарийб 1 млн 440 мингни ташкил қилди. Бу эса мамлакат аҳолиси ўсиш ўрнига камайганини англатади.

Шу билан бирга, Япония дунёнинг энг тез қариётган мамлакати ҳамдир. Аҳолисининг 30 фоизини 65 ёшдан ошганлар ташкил қилади. Япония туғилиш камайиб бораётган ягона шарқ давлати эмас. Жанубий Корея, Хитой, Тайван, Сингапурда ҳам туғилиш кўрсаткичлари юқори эмас.

"Ҳукуматларнинг туғилишни камайтиришга қаратилган ҳаракатлари бир неча ўн йиллар давомида сақланиб қолса, асрнинг иккинчи ярмида глобал аҳоли ўсишининг сезиларли даражада секинлашишига олиб келиши мумкин”, – деган БМТнинг Иқтисодий департаменти Аҳолишунослик ва ижтимоий масалалар бўлими директори Жон Вилмот.

2050 йилгача дунё аҳолисининг прогноз қилинаётган ўсишининг ярмидан кўпи 8 давлат ҳисобига тўғри келади. Булар Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзания Бирлашган Республикаси.

Кексалар сони ошиши пайдо қиладиган муаммолар

Африканинг кўпгина мамлакатларида, шунингдек, Осиё ва Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси минтақаларида туғилиш қисқариши туфайли меҳнатга лаёқатли 25 ёшдан 64 ёшгача аҳоли улуши ортиб бормоқда. 65 ва ундан катта ёшдаги дунё аҳолисининг улуши 2022 йилдаги 10 фоиздан 2050 йилда 16 фоизгача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Яъни дунё бўйлаб 65 ва ундан катта ёшдагилар сони 5 ёшгача бўлган болалар ёки 12 ёшгача бўлган болалар сонидан 2 баробар кўпроқ бўлиши мумкин.

Ривожланган мамлакатлар олдида аҳолининг қариши ва камайиши ишчи кучи ва малака тақчиллигига олиб келади. Кексалар кўплиги иқтисодий самарадорлик ва инновацияларни сустлаштиради, иқтисодий ўсиш ва ривожланишни секинлаштиради, ҳукуматлар ва одамларга барқарор молиявий босим ўтказади. Жамиятларда маданий ва этник силжишларга олиб келади, сиёсий ва этник ўзгаришлар, мамлакатлар ҳарбий кучи камайиши каби муаммоларни ҳам кўндаланг қўяди.

БМТ аҳолиси қариб бораётган мамлакатларга давлат дастурларини кексалар сонининг ўсишига мослаштириш, умумий соғлиқни сақлаш ва узоқ муддатли парвариш тизимларини яратиш, ижтимоий таъминот, пенсия тизимлари барқарорлигини ошириш кераклигини тавсия қилган.

Камайиш сабаблари ва унга қарши чоралар

Туғилиш камайиши сабаблари сифатида таълим ва иш жараёнларида аёллар кўплиги, ҳомиладан сақланиш воситалари, эркаклар бутун эътиборини карьера қилишга қаратиб, оила ҳақида унутиб қўйишаётгани сабаб бўлаётгани айтилади.

Ҳозирги кунда айрим давлатлар аҳолини кўпайтириш учун турли механизмлардан фойдаланмоқда. Баъзилари аёлларга ҳомиласини олиб ташлашни чекламоқда. Айрим давлатларда аёлларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва тенгликка зид бўлган гендер стереотиплари тарғиб қилинмоқда. БМТ эса мамлакатнинг демографик ҳолати қандай бўлишидан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини бузувчи аҳоли сиёсатини қўллашни оқламаслигини маълум қилган.

Дунё аҳолисининг идеал сони бўлиши керакми?

Дунё аҳолиси сони доимий ўзгаришда бўлар экан, айрим тадқиқотчилар дунё учун идеал аҳоли сони бўлиши керакми деган саволни ўртага ташлайди. БМТ эса буни бутунлай рад этган.

“Идеал аҳоли сонини аниқлаш ва унга эришиш учун ҳар қандай уриниш муваффақиятсизликка учрайди. Бундан ташқари, биз аввало идеал популяция ҳажмини аниқлаш учун умумий мезонлар бўлишига қаршимиз.

Иккинчидан, шундай мезонлар бўлган тақдирда ҳам, инсоният идеал аҳоли сонига қандай эришиш мумкинлигини билмайди. Чунки туғилишларни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам вақтинчалик таъсир кўрсатади. Маълум даврдан кейин бу ҳам самара бермай қўяди.

Учинчидан, биз туғилишни кўпайтириш йўлини топсак ҳам бу вақтинчалик ёки доимий сиёсат бўлиши борасида аниқ қарорга келишимизга тўғри келади”, – дейилади ташкилот ҳисоботида.

Мавзуга оид