Ўзбекистон | 22:54 / 15.04.2020
5870
1 дақиқада ўқилади

Цемент ишлаб чиқариш корхоналари устидан экологик назорат кучайтирилади — Ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамасининг «Цемент ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятлари устидан экологик назоратни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб республикада фаолият юритувчи цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг барчасида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлар) мажбурий тартибда ушбу ташкилотлар маблағларига ўрнатилади.

Стационар кузатиш пунктлари (постлар) атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси мониторингини олиб бориш учун масофадан узатиш қурилмалари билан жиҳозланади.

Қарорга кўра, 2020–2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий-техник базаси такомиллаштириш кўрсаткичлари тасдиқланди. Бу ишларга давлат бюджетидан 53,02 млрд сўм; грантлар ҳисобидан 14,529 млрд сўм; экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳисобидан 11,523 млрд сўм — жами 79,072 млрд сўм ажратиш назарда тутилган.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид