Ўзбекистон | 19:10 / 23.03.2018
83554
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда нашр қилинадиган Қуръони Каримнинг тавсия нархи эълон қилинди

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида “Ҳилол нашр” нашриёти томонидан босиладиган Қуръони Каримнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, шайх Абдулазиз Мансур, бошқа йирик уламолар, “Ҳилол нашр” нашриёти раҳбари Исмоилхон Муҳаммад Юсуф, ОАВ вакиллари қатнашди. 

Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбирининг маълум қилишича, тақдимот маросимида сўзга чиққан Исмоил Муҳаммад Содиқ Ўзбекистонда чоп этилаётган Қуръони Карим нархини маълум қилар экан, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга мурожаат қилиб, суиистеъмолликларга йўл қўймасликка чақирди.

Исмоил Муҳаммад Содиқ

“Кўпчиликнинг дуоси билан бугунги хурсандчилик кунларга ҳам етиб келдик. Биз Мусҳафи шарифнинг халқимизга нарх ва сифат жиҳатидан қулай етиб боришини жамлашга ҳаракат қилдик. Эртага Китоб савдога чиқарилганда турли тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун шу минбардан туриб эълон қилиб қўймоқчиман. Китоб савдоси билан шуғулланувчи биродарларимиздан ҳам илтимосимиз бор. 

Аллоҳнинг Каломига хизмат қилиш улуғ бахт. Ҳаммамизга шуни муяссар қилсин. Шу фурсатдан фойдаланиб, айтмоқчиманки, суиистеъмол қилмасликка, Аллоҳнинг Каломига хизмат бўлсин, деб ҳаракат қилишга чақираман. Тўғри харажатларимиз бор, аммо шунга ярашасини олайлик, лекин сунъий қимматлаб кетишига иложи бўлса, барчамиз тўсқинлик қилайлик. Аллоҳ Таоло Каломининг ҳурматидан бошқа ишларимизнинг барокатини берсин. 

Бугунги кунда Мусҳафи Шарифнинг сотишга тавсия этиладиган нархи 31 минг сўм бўлди”. – деди тақдимот маросимида сўзга чиққан ношир Исмоил Муҳаммад Юсуф.

 

Мавзуга оид