Жамият | 14:14 / 28.12.2025
39349
8 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги даҳшатли автобус ҳалокати, 26 қурбон ва 2 минг сўм “пора” – судланган ИИБ ходими 16 йилдан сўнг оқланди

2009 йил 1 майдан 2 майга ўтар кечаси “Кўкдала-Чимғузор” автомобил йўлида мудҳиш ЙТҲ содир бўлган: 51 нафар йўловчи олиб кетаётган автобус йўл четида турган экскаваторга катта тезликда бориб урилади ва унинг 26 йўловчиси ҳалок бўлади. Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик автоҳалокатлардан бири сифатида эсланадиган ушбу ҳодисадан кейин ўша тунда “Умакай” ЙПХ масканида хизмат олиб борган кинолог ҳам жавобгарликка тортилади.

Даҳшатли ЙТҲ ва 26 қурбон

2009 йил 1 май. Иш ва турли ташвишлар билан пойтахтга келиб, ортга қайтаётган сурхондарёликлар ҳамда бирор юмуш билан ушбу вилоятга бораётганлар йўловчи сифатида Мерседес-Бенц автобусига ўтиришади. 51 нафар йўловчи мингач, автобус Тошкент шаҳридан Қашқадарё вилоятига қараб йўл олади. Албатта, йўловчилар олдинда уларни аянчли автоҳалокат кутаётганини билишмасди.

Ҳайдовчи автобусни шамолдай елдириб борар, йўловчилар тун бўлгани учун бамайлихотир ухлаб кетишарди. Соат 00:17 да “Умакай” ЙПХ масканига етиб борилади. У даврда ҳар бир вилоят, айрим ҳудудларда ҳатто ҳар бир туман чегарасида ЙПХ масканлари бўлган. “Умакай” масканидан ўтган автобус йўлини давом этади. Бу пайтда ёмғир ҳам ёғаётган, йўлни кўриш масофаси бироз чекланганди. Қамаши туманида, “Кўкдала-Чимғузор” автомобил йўлининг 42-километрига етганда автобус йўл четида турган экскаваторга катта тезликда бориб урилади. Оқибатда 51 нафар йўловчининг 26 нафари ҳалок бўлади. 20 нафардан ортиқ йўловчи турли даражада тан жароҳати олади.

Ушбу йирик ЙТҲ маҳаллий нашрларда ёритилмаган. Жамоатчилик бу ҳақда хориж ОАВ орқали хабар топган.

Айбдор” кинолог

Мерседес-Бенц автобуси “Умакай” ЙПХ масканидан ўтганида “пост”да ўша вақтда Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ кинология гуруҳида инспектор кинолог вазифасида ишлаган Акром Турдиев хизмат вазифасини ўтаётганди. Автобус ЙТҲга учрагач унга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилади ва кинолог 2009 йил 14 май куни қамоққа олинади.

Акром Турдиев пора олиш ва мансаб сохтакорлиги жиноятларида айбланади. ЖИБ Чироқчи туман судининг 2009 йил 13 июлдаги ҳукми билан унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Ўша даврда вилоятлар чегарасидаги ЙПХ масканларида паспорт режими амалда бўлган. Яъни бир вилоятдан иккинчи вилоят ҳудудида ўтаётган автобуслар текширилиб, ҳатто йўловчиларнинг фуқаролик паспорти кўздан кечирилган.

Суднинг ҳукмида Акром Турдиев ана шу ишни бажармаслик учун ЙТҲга учраган автобус ҳайдовчисидан 2 минг сўм пора олгани келтирилган. “Акром Турдиев масабдор шахс бўлган ҳолда 2009 йил 1 майдан 2 майга ўтар кечаси соат 00:17 да ўтган Мерседес-Бенц русумли автобусни тўхтатиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда автобус иш бошқарувчисидан ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини, уларнинг белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилиб, автобусни бошқариб келаётганлигини ҳамда автобус багажи ва йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириб, уларни овора қилган ҳолда ЙПХ масканида ушлаб турмаслик эвазига 2000 сўмни пора тариқасида олган”, дейилади суд ҳужжатида.

Шунингдек, ҳукмда Акром Турдиев 2000 сўм пора эвазига автобусни “Умакай” ЙПХ масканидан махсус дафтарга қайд қилмасдан ўтказиб юборгани, сўнгра транспорт воситаси ЙТҲга учраганини эшитиб, дафтарга ҳайдовчилар номидан сохталаштирган ҳолда ўзи имзо қўйгани айтилади.

Менинг ваколатим бўлмаган”

Орадан 16 йил ўтиб, кинолог мазкур жиноят иши бўйича кассация тартибида шикоят киритди. У ўз шикоятида ўша ҳолатда айби бўлмаганини айтиб, суддан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Менга портловчи моддалар ва гиёҳвандлик воситаларини топувчи иккита ит хизмат юзасидан бириктирилганди. “Умакай” ЙПХ масканида хизмат олиб борган вақтимда менда ҳайдовчиларни тўхтатиб, уларга маъмурий баённома расмийлаштириш ва жарима қўллаш ваколати бўлмаган. Ҳақиқатан 2009 йил 1 майдан 2 майга ўтар кечаси “Умакай” ЙПХ масканидан Мерседес-Бенц русумли автобус ўтди. Ваколатимга кирмаса-да, автобус ҳайдовчисига йўлда огоҳ бўлиши учун вилоят ИИБ томонидан ишлаб чиқилган, ҳайдовчиларни йўлда сергакликка ундовчи брошюрани берганман. Тергов органи томонидан менга нотўғри айб эълон қилинган: ҳеч кимдан пора олмаганман ва бирор расмий ҳужжатни сохталаштирмаганман. Ушбу автобус йўл-транспорт ҳодисасига учраганидан сўнг мени ишдан бўшатишди”, деган Акром Турдиев суддаги кўрсатмасида.

Пора бермаганман”

Жиноят ишидаги жабрланувчи ҳам кинологга пора бермаганини, шифохонада ётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келиб, 2000 минг сўм бергани ҳақида ёздириб олишганини маълум қилган.

Мерседес-Бенц автобуси отамга тегишли бўлган. Шу сабабли ҳайдовчилар билан биргаликда “Сурхондарё-Тошкент” йўналишида одам ташиш фаолияти билан шуғулланиб келганман. 2009 йил 1 майдан 2 майга ўтар кечаси Тошкент шаҳридан Сурхондарё вилоятига қайтишда Қамаши тумани ҳудудида автобус йўл четида турган экскаватор билан тўқнашди. Ўша куни “Умакай” ЙПХ масканидан ўтган вақтимизда инспекторга 2000 сўм пул бермаганман. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳат олиб, шифохонада ётган вақтим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келишди ва мендан 2000 сўм пулни инспекторга берганим ҳақида ариза ёздириб кетишди. Ўзим бирор идорага ариза билан мурожаат қилмаганман”, деган у кўрсатмасида.

Шунингдек, жабрланувчи автобуснинг барча ҳужжатлари жойида бўлганини, инспекторга пул беришига бирор сабаб бўлмаганини билдирган.

16 йилдан сўнг оқлов

Жиноят иши яқинда кассация тартибида кўриб чиқилди.

Кассация инстанцияси ҳукмида келтирилишича, пора олиш мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий наф кўришида ифодаланади. Аризачининг кўрсатмаси, шахснинг айбига иқрорлик кўрсатмалари билан тасдиқланган ҳолатлар ҳам бошқа объектив далиллар аниқланмаган тақдирда айблаш учун етарли асос бўла олмайди.

Бироқ Акром Турдиевни пора олиш жинояти содир этганликда айблаш учун фақатгина жабрланувчининг кўрсатуви асос қилиб олинган. Бу бошқа объектив далиллар билан асослантирилмаган, тезкор тадбир ўтказиш чоралари кўрилмаган, пул пора предмети сифатида ашёвий далил тариқасида олинмаган, иш бўйича мақбул далил тўпланмаган. Жабрланувчи ЙПХ масканидан ўтиш давомида инспекторга 2000 сўм бериб кетгани уни пора олганликда айблаш учун етарли далил эмас, чунки инспектор пора олиши жараёнида ушланмаган, айнан пора олиш факти билан боғлиқ телефон сўзлашувларини амалга оширмаган. Шу асослар билан суд Акром Турдиевнинг пора олишда ифодаланган айбини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд эмас ҳамда айни вақтда бундай далилларни тўплаш имконияти ҳам йўқолган деган хулосага келган.

Мансаб сохтакорлиги айби бўйича эса суд ЙПХ масканидан ўтадиган автобус ва микроавтобусларни текшириб, огоҳлантирилганини қайд қилиш дафтари расмий ҳужжат ҳисобланмайди ва бирон бир ҳуқуқий аҳамият касб этмайди, деган тўхтамга келган. Қолаверса, ушбу дафтарда ҳайдовчиларнинг имзолари Акром Турдиев ёки бошқа шахс томонидан қўйилгани ҳақида суд-хатшунослик экспертизаси ўтказилмаган. Шу сабабли кассация суди тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан Акром Турдиевга нисбатан бу борада ҳам гумон ва тахминларга асосланган ҳолда айб эълон қилинган, деган хулосага келган.

Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2025 йил 18 декабрдаги ҳукми билан дастлабки суд ҳукми бекор қилинди. Акром Турдиевнинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли у айбсиз деб топилди ва оқланди. Жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.

Шу тариқа, судланган пайтида 34 ёшда бўлган кинолог орадан 16 йил ўтиб, 50 ёшида оқланди.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид