Спорт | 12:09 / 01.10.2025
10710
18 дақиқада ўқилади

«Ливерпул» Туркияда ютқазди, грандлардан голлар ёмғири. ЕЧЛда кун ўйинлари

Сешанба оқшомида Чемпионлар лигасининг иккинчи тур ўйинлари старт олди: тур доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Мбаппе яна порлади – «Реал» учун навбатдаги ҳет-трик

«Қайрат» – «Реал» 0:5
Голлар:
Мбаппе, 25 - пеналти (0:1). Мбаппе, 52 (0:2). Мбаппе, 74 (0:3). Камавинга, 83 (0:4). Диас, 90+3 (0:5)
«Қайрат»: Калмурза, Мартинович, Сорокин, Луиш Мата, Тапалов (Байбек, 64), Касабулат, Арад (Станоев, 64), Громико (Зария, 80), Мринский, Жоржинио (Эдмилсон, 64), Сатпаев (Рикардинио, 80)
«Реал»: Куртуа, Алаба, Ҳаусен, Ф. Гарсия, Раул Асенсио, Тшуамени (Беллингҳэм, 80), Себалйос, Винисиус Жуниор (Диас, 70), Мастантуоно (Родригу, 70), Мбаппе (Г. Гарсия, 81), Арда Гулер (Камавинга, 80)
Огоҳлантиришлар: Громико, 48. Арад, 55

ЕЧЛдаги дебютини Лиссабонда «Спортинг»дан 1:4 ҳисобида мағлуб бўлиш билан бошлаган «Қайрат» турнир фаворитларидан бирига қарши ўз уйидаги ўйинни дадил бошлади ва илк хавфли вазиятга ҳам эга бўлди, аммо 17 ёшли Сатпаевнинг зарбаси Куртуага қийинчилик туғдирмади. Шундан кейин меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди ва мезбонлар иккинчи ўйинда ҳам йирик ҳисобда мағлубиятга учради. «Реал»нинг Олмаотага ташрифи бутун мамлакат бўйлаб катта ажиотаж келтириб чиқарганди, 26 минглик стадионни тўлдириб ўтирган мухлислар эса Мбаппенинг уч голига гувоҳ бўлишди. Килиан энди Мадрид жамоаси сафида ЕЧЛ ўйинларида қайд этилган ҳет-триклар сони бўйича (4) Бензема билан тенглашиб олди, сафар ўйинларидаги ҳет-триклар сони (3) бўйича эса турнир тарихида унга тенг келадиган футболчи йўқ, шунингдек, жами голлар сони (60 та) бўйича Томас Мюллер ортда қолдирилди.

Йўқотадиган нарсаси қолмаган қозоғистонликлар бутун куч билан олдинга ўтишди, аммо ҳужумлар самара бермади, Громико ишлаган пеналти эса VAR аралашуви билан бекор қилинди. Иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган Камавинга ва Браим ҳам биттадан гол уриб, ҳисобни янада йириклаштиришди. Бу ўйин қозоғистонликларга катта футбол байрамини тақдим этди, аммо «Реал» – бошқа галактика эканини исботлади.

Учрашувнинг асосий ҳайлайти Родригонинг Қозоғистон клубига «трансфери» бўлди: финал ҳуштагидан сўнг бразилиялик футболчи футболчилардан бири билан футболкасини алмашди.

Сеҳрланган рақиб

«Галатасарой» – «Ливерпул» 1:0
Гол:
Осимҳен, 16 – пеналти (1:0)
«Галатасарой»: Угуржан Чақир, Санчес, Абдулкарим Бардакчи, Якобс, Синго, Торрейра, Гундўған (Сара, 75), Лемина, Бариш Йилмаз (Эрен Элмали, 85), Юнус Акгюн (Шоллои, 71), Осимҳен (Икарди, 71)
«Ливерпул»: Алиссон (Мамардашвили, 56), ван Дейк, Конате, Керкез, Фримпонг (Брэдли, 62), Гравенберҳ (Исак, 62), Жонс, Собослаи, Гакпо (Салоҳ, 62), Вирц, Экитике (Макаллистер, 68)
Огоҳлантиришлар: Лемина, 36. Абдулкарим Бардакчи, 61. Икарди, 76. Якобс, 76. Угуржан Чақир, 88 – Гравенберҳ, 45. Брэдли, 73. Жонс, 90

«Галатасарой» таркибига жароҳатидан тўла фориғ бўлган Осимҳен қайтди ва бу «шерлар»ни жиддий кучайтирди. Ўйин дебютидаёқ Алиссон яккама-якка вазиятга чиқиб келган Бариш Йилмазни тўхтатишига тўғри келди. Жавоб ҳужумида эса мезбонлар посбони Угуржан Чақир ҳам сейв қилишига тўғри келди, у Экитикенинг яқин масофадан йўллаган зарбасини тўсди, қайтган тўпни Гакпо ундан ўтказиб дарвоза томон йўллади, аммо ҳимоячи Якобс тўпни дарвоза чизиғи олдида тўхтатиб қолди. Навбатдаги ҳужум эса туркларга муваффақият келтирди, 15-дақиқада Йилмаз чап қанотдан жарима майдонига кириб борди ва финт ишлатиб, Собослаини доғда қолдирди, венгриялик яримҳимоячи эса унга фол ишлатишга мажбур бўлди ва ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатди, нуқтага яқинлашган Виктор Осимҳен зарбани аниқ ижро этди.

Қизиллар кутилганидек мезбонлар жарима майдонини қамал қилишди, иккинчи бўлим бошида жавоб гол урилиши мумкин эди, аммо Экитике қулай позицияда туриб тўпни товонида дарвоза тўрига йўллашга уринди, бу зарба эса дарвозабонга қийинчилик туғдирмади. Шундан кейин Арне Слот жамоаси жиддий муаммога дуч келди. Яккама-якка вазиятга чиқиб келаётган Осимҳенни қарши олиш учун югуриб чиққан Алиссон жароҳат олиб, ўрнини Мамардашвилига бўшатиб беришига тўғри келди.

Дарвозабонлар рокировкаси натижага таъсир кўрсатмади, ўйин охирида эса меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолишга яна бир бор яқин келишди: аввалига ҳакам Синго жарима майдони ичида Исакни йиқитган деб топди, аммо видеоассистентлар унинг хатосини тузатди, аслида Уилфрид тўпга биринчи бўлиб улгургани ойдинлашди ва «Ливерпул» қаторасига иккинчи ўйинда ҳам мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди.

«Ливерпул» ушбу рақибга қарши Истанбулдаги ўйинларда нохуш серияни давом эттирмоқда (=1-2). Қолаверса, Англия чемпионлари ЕЧЛ сафар ўйинларида биринчи бўлимда гол ўтказиб, танаффусга мағлуб ҳолда йўл олган ўйинларида вазиятни ўнглаши қийин бўлмоқда. Жамоа шундай ўйинлардан охирги йигирматасида фақат иккитасида ғалаба қозона олган, ўн олти ўйинда эса ютқазганди. Энди бу рақамлар мерсисайдликлар учун янада қайғули кўриниш олди.

Моуринионинг омадсиз қайтиши

«Челси» – «Бенфика» 1:0
Голлар:
Риос, 18 – автогол (1:0)
«Челси»: Санчес, Бадиашиле (Жеймс, 80), Чалоба, Кукуреля, Гюсто (Ачимпонг, 80), Фернандес, Кайседо, Буонанотте (Эстевао, 54), Гарначо (Гиттенс, 61), Педру Нету, Жорж (Жоао Педро, 61)
«Бенфика»: Трубин, Силва (Араужу, 73), Отаменди, Дал, Дедич, Барренечеа, Риос (Баррейру, 77), Эурснес (Энрике Араужу, 89), Судаков (Иванович, 77), Лукебакио (Шелдеруп, 77), Павлидис
Огоҳлантиришлар: Фернандес, 45. Буонанотте, 46. Жоао Педро, 62 – Барренечеа, 34. Риос, 49. Эурснес, 64. Отаменди, 83. Араужу, 88
Четлатиш: Жоао Педро, 90 (иккинчи сариқ)

Жозе Моуринио «Бенфика» билан нафақат қадрдон «Стэмфорд Бриж»га, балки ЕЧЛга ҳам қайтди. У ўзи учун севимли турнирда беш ярим йилдан буён қатнашмаётганди – унинг турнирдаги охирги ўйини 2020 йил мартига тўғри келади, ўшанда унинг бошқарувидаги «Тоттенҳэм» 1/8 финалда «Лейпциг»дан мағлуб бўлганди.

Тақдир ҳазили шундаки, унинг бошқарувидаги «Фенербаҳче» ЕЧЛ учун ўтиш ўйинларида «Бенфика»га ютқазганди ва шундан кейин португалиялик мутахассис турклар жамоасидан бўшатилганди. Аммо

«Бенфика» ЕЧЛнинг биринчи турида кутилмаганда «Қорабоғ»га ютқазиб қўйгач, Бруну Лаже истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Моуринио чақирилди.

Жозе Моуриниони «Стэмфорд Бриж»да илиқ қарши олишди: трибуналардаги мухлислар унинг номини олқишлашди, португалиялик мутахассис эса бунга жавобан уларга ҳавода бўса йўллади. Майдонда эса «Бенфика» рақибга жанг таклиф қилди, аммо «Челси» якунда уч очкога эга бўлди. Барчасини Ричард Риоснинг автоголи ҳал қилди, у 18-дақиқада Алехандро Гарначонинг қанотдан узатмасини тўсишга уриниб, ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Иккинчи бўлимда Фредрик Эурснес жуда яхши вазиятга эга бўлганди, аммо мезбонлар дарвозабони топ-сейв ижро этиб, жамоаси ғалабасини сақлаб қолди.

Лаутаро тарих ёзмоқда

«Интер» «Славия» 4:0
Голлар:
Мартинес, 30 (1:0). Дюмфрис, 34 (2:0). Мартинес, 65 (3:0)
«Интер»: Зоммер, Ачерби, Бастони, Биссек (Аканжи, 66), Зелински (Барелла, 66), Сучич, Ҳоқон Чалхонўғли, Димарко, Дюмфрис (Дармиан, 76), Тюрам (Бонни, 66), Мартинес (Эспозито, 66)
«Славия»: Станек, Халоупек, Зима, Ҳасиока (Хитил, 83), Влчек, Зафейрис, Дорли, Садилек (Хори, 46), Провод (Чам, 70), Дудера (Мбоджи, 49), Кушей (Шранц, 46)
Огоҳлантиришлар: Биссек, 48. Мартинес, 61 Шранц, 56

Ўтган мавсум финалчиси ярим соат давомида «Славия» мудофаасининг заиф нуқтасини қидирди, кейин эса дарвозабоннинг хатоси туфайли ҳисобни очди. Станек Лаутаро Мартинеснинг босими остида узатма беришда муваффақиятсиз ҳаракат қилди, тўпга эга чиққан аргентиналик ҳужумчи эса бўш дарвозани ишғол этди. «Интер» сардори карерасидаги энг оддий голлардан бири эвазига тарихга кирди. У нерадзурриларнинг Чемпионлар лигасида қаторасига етти мавсум давомида гол урган биринчи футболчисига айланди.

Мартинес иккинчи бўлимда Бастонининг узатмасидан кейин дублни расмийлаштирди. Бу голли ҳужумда Бастонига товонда узатма бериш орқали қатнашган Маркус Тюрам биринчи бўлимда Дюмфриснинг голига ҳам ассистентлик қилганди. Кристиан Киву ЕЧЛни қаторасига икки ғалаба билан бошламоқда.

Нойернинг рекорди

«Пафос» «Бавария» 1:5
Голлар:
Кейн, 15 (0:1). Рафаэл Геррейру, 20 (0:2). Жексон, 31 (0:3). Кейн, 34 (0:4). Оршич, 45 (1:4). Олисе, 68 (1:5)
«Пафос»: Михаил, Голдар, Давид Луиз (Ланга, 59), Люккассен, Шуньич, Пепе, Пилеас (Сема, 79), Жажа (Бассауамина, 59), Драгомир (Кина, 66), Оршич, Андерсон Силва (Димата, 59)
«Бавария»: Нойер, Упамекано (Та, 72), Ким Мин Жэ, Рафаэл Геррейру, Лаймер (Бишоф, 83), Киммих, Павлович, Кейн (Боэ, 64), Диас (Гнабри, 46), Олисе (Карл, 72), Жексон
Огоҳлантириш: Оршич, 46

Сешанба куни нафақат «Қайрат» балки Кипрнинг «Пафос» клуби ҳам тарихий ўйинда майдонга тушди. Еврокубоклар дебютанти ўз майдонидаги илк еврокубок ўйинини «Бавария»га қарши ўтказди. Лекин биринчи турда «Олимпиакос» майдонида кипрликлар голсиз дуранг қайд эта олган бўлса-да, бу сафар уларда ҳеч қандай имконият йўқ эди.

Кейннинг чалқанча услубда берган илк зарбаси дарвоза устунига тегди, лекин у тўхташ ҳақида ўйламади ва кейинги зарбаси билан олис бурчакни аниқ нишонга олди. Унга ассистентлик қилган Олисе бир неча дақиқа ўтиб иккинчи голни ҳам ташкиллаштириб берди: унинг марказга кўчиши ва «девор» услубида ўйнаши Жексоннинг Рафаэл Геррейруга голли пас бериши билан якунланди. Бироз ўтиб Олисе Жексоннинг ўзига ҳам «Бавария»даги илк голини уришда ёрдам берди. Бўлим давомида Кейн дублни нишонлади. Бу вақтда эса Нойер очиқчасига зерикиб ўтирди ва бироз бўшашди ҳам, натижада бўлим охирида Оршичдан гол ўтказиб юборди. Лекин шу куни Мануэл Икер Касиляснинг рекордини такрорлаган ҳолда Чемпионлар лигасида 101-ғалабасига эришди. Иккинчи бўлимда эса тиниб-тинчимас Олисенинг ўзи ҳам гол уриб, якуний ҳисобни ўрнатди.

«Тоттенҳэм»да камбэк

«Буде-Глимт» «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар:
Ҳауге, 53 (1:0). Ҳауге, 66 (2:0). ван де Вен, 68 (2:1). Гундерсен, 89  автогол (2:2)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳег, 35’
«Буде-Глимт»: Хайкин, Бертуфт, Алеесами (Клюнге, 90+7), Беркан, Севолд, Берг, Фет, Эвен (Гундерсен, 87), Хауге, Эукленн (Бломберг, 80), Ҳег (Ҳелмерсен, 80)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дансо, ван де Вен, Спенс (Удоджи, 82), Порро, Бентанкур (Грэй, 82), Сарр (Палиня, 69), Бергвалл (Симонс, 60), Одобер, Жонсон (Қуддус, 60), Ришарлисон
Огоҳлантиришлар: Берг, 68. Эукленн, 72  ван де Вен, 58. Порро, 90

«Буде-Глимт» ва «Тоттенҳэм» май ойида Европа лигаси яримфиналида ўзаро тўқнашганди. Ўшанда норвегияликлар жамоаси жиддий қаршилик кўрсатган бўлса-да, финалга чиқа олмаганди. Бу сафар «Будё-Глимт» реванш олиш учун майдонга чиққанди ва илк дақиқалардан ҳужумга ўтди, аммо мезбонлар биринчи бўлимда яққол вазиятдан фойдалана олишмади - жамоа сардори Ҳег бу сафар ҳам 11 метрдан гол ура олмади, у биринчи турда «Славия»га қарши ўйинда ҳам пеналтини йўққа чиқарганди. Иккинчи бўлимда эса Ҳауге қисқа вақт ичида дублни расмийлаштирди ва амалда ўйин тақдирини ҳал қилгандек кўринганди. Аммо лондонликлар диққатни жамлаб, камбэк қилишга ўзида куч топа олди. Аввалига ҳимоячи Ван де Вен 68-дақиқада ҳисобни қисқартирди, сўнгги дақиқаларда эса мезбонлар аламли гол ўтказиб юборишди: дарвозабон Никита Хайкин Ришарлисоннинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарганди, аммо тўп бир неча дақиқа олдин ҳисобни ушлаш учун майдонга туширилган ҳимоячи Гундерсенга теккан ҳолда дарвоза тўрига кириб кетди.

Гризманнинг юбилейи

«Атлетико» «Айнтрахт» 5:1
Голлар:
Распадори, 4 (1:0). Ле Норман, 33 (2:0). Гризманн, 45+1 (3:0). Буркардт, 57 (3:1). Симеоне, 70 (4:1). Алварес, 82 - пеналти (5:1)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Ле Норман, Руджери, Лоренте, Галлаҳер, Барриос (Молина, 75), Гризманн (Баэна, 90), Симеоне (Гонсалес, 75), Алварес (Мартин, 90), Распадори (Коке, 55)
«Айнтрахт»: Сантос, Теат, Кох, Браун (Баойя, 71), Коллинз (Аменда, 58), Шаиби, Схири (Ҳойлунд, 58), Узун (Ларссон, 58), Кнауфф, Доан (Гетце, 74), Буркардт
Огоҳлантиришлар: Лангле, 13 Браун, 41

Дам олиш кунларида Мадрид дербисида беш гол урган «Атлетико» ЕЧЛда ҳам бу ишни давом эттириб, ўйиндаги биринчи зарбасиниёқ голга айлантирди Распадори Испаниядаги илк голини урди. «Матрасчилар» учун бу голнинг ўзи юбилей бўлди ЕЧЛдаги 200-гол. Ва Диего Симеоне шогирдлари тўхташ ҳақида ўйлашмади. Ле Норман бурчак зарбасидан кейин ҳисобни иккитага оширди. Биринчи турда «Галатасарой» дарвозасига бешта гол урган, дам олиш кунларида «Боруссия» М билан голлар шоусини уюштирган (6:4) «Айнтрахт» эса шу куни майдонда йўқолиб қолди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда мадридликлар фахрийси Антуан Гризманн ҳам «Атлетико» сафидаги юбилей 200-голини уришга эришди ва олдиндан тайёрланган махсус футболкани мухлисларга намойиш этди.

Иккинчи бўлимда эса жуда юқори спорт формасидаги Хулиан Алварес ўзини кўрсатди. Аргентиналик ҳужумчи аввалига пеналтидан паненка услубида зарба бериб, ҳисобдаги фарқни оширди, кейин эса дублни расмийлаштирди.

«Аталанта» мухлислар олдида айбини ювди

«Аталанта» «Брюгге» 2:1
Голлар:
Тзолис, 38 (0:1). Самаржич, 74 – пеналти (1:1). Пашалич, 87 (2:1)
«Аталанта»: Карнесекки, Жимсити, Аханор, Коссуну (Муса, 53), Эдерсон (Самаржич, 61), де Рон, Бернаскони, Белланова (Дзаппакоста, 46), Пашалич, Лукман (Сулемана, 61), Крстович (Брешанини, 89)
«Брюгге»: Яккерс, Ордонес (Ромеро, 89), Мехеле, Сейс, Саббе (Мейер, 89), Станкович, Ванакен, Сандра (Кэмпбелл, 89), Тзолис, Боржеш (Ветлесен, 75), Тресолди (Верман, 63)
Огоҳлантиришлар: Муса, 58. де Рон, 81

Куннинг натижасини тахмин қилиш қийин бўлган ўйини «Аталанта» ғалабаси билан якунланди. Бу жамоалар февралда ҳам ЕЧЛ плей-офф босқичининг ўтиш ўйинларида тўқнашган ва «Аталанта» кутилмаганда икки ўйинда ҳам ютқазганди (1:2, 1:3). Бу сафар ҳам бергамоликларнинг ғалабасига кўпчилик ишонмаётганди. Жамоа жароҳатлар гирдобида қолган, жумладан, «Брюгге»нинг собиқ юлдузи Де Кетеларе ҳам ҳозирги жамоасига ёрдам бера олмаяпти, биринчи бўлимда эса меҳмонлар Тсолиснинг зарбаси эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Аммо иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида мезбонлар вазиятни ўнглашга эришишди, аввалига захирадан тушган Самаржич пеналтини аниқ ижро этди, кейин эса бошқа бир жокер, ёзда «Милан» сафидан келиб қўшилган Муса бурчак зарбасидан кейин қулай вазиятда турган Пашалични голли пас билан таъминлади. Иван Юрич шогирдлари биринчи турда «ПСЖ»дан учралган 0:4 ҳисобидаги йирик мағлубият учун мухлислар қаршисида ўзини оқлаб олди.

Обамеянгда яна бир ёрқин ўйин

«Марсел» «Аякс» 4:0
Голлар:
Пайшао, 6 (1:0). Пайшао, 12 (2:0). Гринвуд, 26 (3:0). Обамеянг, 52 (4:0)
«Марсел»: Рули, Агерд, Павар, Эмерсон, Медина (Иган-Райли, 36), О`Райли (Гомеш, 62), Вермерен (Мурило, 82), Надир (Веа, 46), Пайшао (Ҳейберг, 62), Гринвуд, Обамеянг
«Аякс»: Ярош, Итакура, Бас (Гоэи, 55), Вайндал (Шутало, 55), Роза, Глух, Классен, Тэйлор, Регер (Мокио, 23), Годтс (Моро, 84), Бергейс (Эдвардсен, 46)
Огоҳлантиришлар: Ҳейберг, 79. Агерд, 88 Роза, 34. Итакура, 66. Гоэи, 76

«Аякс»нинг энг яхши даври ортда қолгани аён бўлмоқда. Биринчи турда ўз уйида «Интер»га қарши ҳеч нарса қила олмаган амстердамликлар «Марсел» майдонида йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Фаолиятининг сўнгги дамларини ўтказаётган Обамеянг ўйин стартидаёқ тўпга бир тегинишда Игор Пайшаони голли пас билан таъминлади, «Фейеноорд»нинг собиқ вингери жарима майдони чизиғи устидан йўллаган зарбаси билан ўзига яхши таниш бўлган рақиб дарвозасини ишғол этди. Меҳмонлар марселликлар прессинги қаршисида ожиз қолишди ва 13-дақиқада тажрибали Классен тўп йўқотишидан кейин Пайшао дублни расмийлаштирди. Гринвуднинг голи ҳам Роберто Де Дзерби шогирдлари уюштирган прессинг маҳсули бўлди. Аммо, кечанинг асосий қаҳрамони барибир Обамеянг бўлди. Биринчи бўлимда икки голга ассистентлик қилган габонлик ҳужумчи иккинчи бўлимда меҳмонларнинг стандарт вазиятидан кейин бошланган қарши ҳужумда ўз голини ҳам урди, бу ҳужумда Пайшао унга қарзини қайтарди. Саудия Арабистонида ўйнаб келишга улгурган қария ҳужумчи ЕЧЛ ўйинида 1+2 қайд этмоқда.

«Марсел» яхши таассуот қолдирмоқда, «Аякс» эса стартдаги икки ўйинда жами 0:6 ҳисобида ютқазди. Амстердамликлар ЕЧЛда 2012 йилдан буён бу қадар ёмон старт қилмаганди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид