Ҳазорасп ҳокими суд қарорини менсимайдими? Қалбаки ҳужжатлар асосида тортиб олинган ер фермерларга қайтарилмаяпти
Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 4та фермер хўжалиги ерлари сохта ҳужжатлар асосида ҳокимлик томонидан захирага қайтарилган. Бунда жиноят содир қилингани ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тасдиқланган. Суд ҳокимлик қарорларини бекор қилган бўлса-да, фермерларнинг ерлари қайтариб берилмаяпти.
Нима воқеа юз берди?
2020 йил январь ойида Ҳазорасп туманидаги 4та фермер хўжалиги – «Садоқат Сарвара», «Азиза Чаросхон», «Шерзод Аминбой Алишер Азизбек», «Жавохир Мохинур Чарос» ерлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинади. Ҳокимликнинг бу ҳақдаги қарори фермерлар томонидан «ёзилган» сўровномаларга асосланади.
Жумладан, «Садоқат Сарвара» фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Ганжаев, «Азиза Чаросхон» фермер хўжалиги раҳбари Давронбек Хусинов, «Шерзод Аминбой Алишер Азизбек» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Саидназаров, «Жавохир Мохинур Чарос» фермер хўжалиги раҳбари Акбар Бабаев шундай сўровнома билан ҳокимликка «мурожаат қилишган». Ушбу ҳужжатлар асосида туман ҳокимлигининг ерларни захирага қайтариш ҳақидаги қарори қабул қилинган ва фермер хўжаликлари фаолияти тугатилган.
Аслида фермер хўжаликлари раҳбарлари ерларни қайтариш ҳақида ҳеч қандай сўровнома ёзишмаган. Улар ҳатто ердан маҳрум қилинаётгани ва фаолияти тугатиб юборилаётганидан бехабар бўлишган.
Тергов жиноят содир қилинганини тасдиқлади
Фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳеч қандай сўровнома ёзмагани ва ноқонуний тарзда ердан маҳрум қилингани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишади.
2020 йил август ойида Ҳазорасп тумани ИИБ ўтказган терговда туман ҳокимлигидаги «номаълум шахс» томонидан фермерларнинг сўровномалари ва имзолари сохталаштирилгани тасдиқланган. Ушбу шахс Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми, 2-қисми «а» банди ва 3-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилгани аниқланган ва жиноят иши қўзғатилган.
Ҳазорасп тумани ИИБ туман ҳокимлигининг айрим масъул ходимлари томонидан жиноят содир этилишига шарт-шароит яратилганини ҳам қайд қилади.
Жумладан, «фермер хўжалиги раҳбарлари ерларнинг туман захирасига қайтарилаётгани ҳақида огоҳлантирилмаган. Бундан ташқари, фермер хўжалиги раҳбарлари нима сабабдан ерларни қайтариб олиш ҳақида сўровнома ёзгани муҳокама қилинмаган. Ерлар туман захирасига қайтарилиб, танловга қўйилмасдан бошқа шахсларга бериб юборилган».
2020 йил сентябрь ойида Ҳазорасп туман ИИБ аниқланган қонунбузарликларни бартараф қилиш, туман ҳокимлигининг масъул ходимларига нисбатан кескин чоралар кўришни, шунингдек, фермерларнинг ерларини туман захирасига қайтариш ҳақидаги қарорларни бекор қилишни ва ерларни фермерларга қайтариб беришни сўраб тақдимнома киритади.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ИИБ тақдимномасини рад қилди
Ушбу тақдимнома Ҳазорасп тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда кўриб чиқилади ва рад қилинади. Бунинг сабаби сифатида фермер хўжаликлари ерлари бошқа фермерларга берилгани, улар билан ер ижараси шартномаси тузилгани, ушбу фермерлар экин эккани, бир тарафнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда иккинчи тарафнинг ҳуқуқига путур етса, бундай масалалар фақат суд тартибида ҳал этилиши, шунингдек, ҳуқуқи поймол бўлган фермерларнинг судга мурожаат қилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Шунингдек, фермерларнинг ерларини туман захирасига қайтариш ҳақидаги ҳокимнинг қарори қабул қилинган пайтда, бунга асос бўлган ҳужжатларнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини текшириш туман ҳокимлиги ходимларининг вазифаси эмаслиги ва бунга имконият ҳам йўқлиги, ушбу қарорни қабул қилишда фермер хўжаликларининг штамп ва муҳри босилган сўровнома берилгани инобатга олингани таъкидланган.
Оқ қоғозга босилган муҳр ва штамп
Жиноятга олиб келган асосий сабаблардан бири – фермерлар томонидан оқ қоғозга муҳр ва штампнинг қўйиб берилишидир. Айнан мана шу қоғозларга «номаълум шахс» ерларни қайтариш ҳақида фермерлар номидан сохта сўровнома ёзган.
Оқ қоғозга муҳр ва штампнинг қўйиб берилиши, имзоланиши – қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг тарқалган амалиёт. Одатда бундай қоғозлар қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосарининг (ёки шу бўлимнинг) сейфида сақланади. Фермерлар оқ қоғозга муҳр ва штамп қўйишга, имзолашга мажбурланади. Бунинг сабаби сифатида фермернинг вақти қимматли экани, қандайдир расмиятчилик учун ҳар сафар даладан ҳокимликка чақириб, безовта қилиб ўтириш шартмаслиги, оқ қоғозга муҳр ва штамп қўйиб берилса, ҳокимлик ходимлари керакли шартномаларни ўзлари расмийлаштириб қўйиши, бу эса фермерга катта ёрдам экани айтилади.
Аслида бу амалиёт шартномаларни ҳокимликка «қулай» шартларда расмийлаштириш, фермерларни жиловда ушлаб туриш, «гапга унамайдиганларни» «ўйиндан» чиқариб ташлаш, керакли пайтда еридан маҳрум қилиб юбориш учун қўлланади. Фермерлар шу тарзда ҳокимликка қарам ҳолда ушлаб турилади. Бўш қоғозга муҳр, штамп ва имзо қўймаган, қўйишни истамаган фермерлар фаолияти учун эса чидаб бўлмас даражада оғир шароит яратилади. Уларда ҳуқуқ йўқ, фақат мажбурият бор.
Шу сабабли, Ҳазорасп тумани ҳокимлигида юз берган бу воқеалар янгилик эмас. Бундай амалиёт бошқа ҳокимликларда ҳам қўлланади. Қанчадан-қанча фермерлар ана шундай амалиёт оқибатида ерларидан маҳрум қилиб юборилган. Улар ҳеч қачон судларда ўзининг ҳақ эканини исботлай олмаган, чунки ўз қўли билан оқ қоғозга муҳр, штамп ва имзо қўйишган.
Ҳазорасплик 4 фермер билан боғлиқ вазият сал бошқачароқ. Гап шундаки, фермерлар оқ қоғозга фақат муҳр ва штамп босиб беришган, уни имзолашмаган. Шу сабабли ҳам ҳокимликдаги «номаълум шахс» сўровномани ўзи имзолашга мажбур бўлган. Бу эса экспертизада аниқланган.
Суд фермерлар фойдасига қарор чиқарди
Тўртала фермер ҳам Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг ерларни қайтариб олиш ҳақидаги қароридан норози бўлиб, судга ариза беришади ва ютиб чиқишади.
Судларда аниқланишича, «Ҳазорасп туман ҳокимлиги фермер хўжаликларини тегишли тартибда огоҳлантирмасдан, фермер хўжалигининг иштирокисиз, яъни тадбиркорнинг фикр-мулоҳазаларини эшитмасдан, фермернинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда, қалбаки ҳужжатлар асосида қарор қабул қилган.
Чунки фермер хўжалиги раҳбари иш фаолияти давомида ҳудуд раҳбари ва қишлоқ хўжалиги бошқармаси туман бўлими ходимлари билан тузилиши керак бўлган шартномалар юзасидан уларга ишонган ҳолда фермер хўжалиги муҳр ва штампини оқ қоғозга қўйиб беришган. Оқибатда, шундай қоғозларга ерни қайтариб олиш ҳақидаги сохта сўровнома ёзилган ва имзоланган».
Барча судлар фермерларнинг аризасини қаноатлантириб, Ҳазорасп туман ҳокимлигининг ерларни захирага қайтариб олиш ҳақидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топган.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги суд қарорларини бажарадими?
Ҳокимлик бундай можаролар фақат суд тартибида ҳал этилишини таъкидлаб, фермерларнинг судга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ экани ҳақида тавсия берган эди.
Мана судлар ҳам ўтказилди. «Номаълум шахс» томонидан жиноят содир қилингани исботланди, одил судлар ҳокимлик қарорини ҳақиқий эмас деб топди, ҳақиқат ва адолат юзага чиқди. Суд қарорлари қонуний кучга кирди. Хўш, энди ҳокимлик ижро органи сифатида Ўзбекистон қонунларига амал қиладими? Барча учун мажбурий ҳисобланадиган суд қарорини бажарадими?
Ҳазорасп тумани ҳокимлигидан ушбу саволга жавоб олиш учун қилинган барча уринишларимиз самарасиз бўлди.
Ҳозирги вақтда «Шерзод Аминбой Алишер Азизбек» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Саидназаров 120,9 гектар ер майдонини, «Садоқат Сарвара» фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Ганжаев 116,2 гектар ер майдонини, «Азиза Чаросхон» фермер хўжалиги раҳбари Давронбек Хусинов 133,4 гектар ер майдонини, «Жавоҳир Моҳинур Чарос» фермер хўжалиги раҳбари Акбар Бабаев 31,3 гектар ер майдонини қайтариб берилишини истамоқда. Улар фермерлик фаолиятини, деҳқончилигини давом эттиришмоқчи.
Ҳазорасп тумани ИИБ эса ҳужжатларни сохталаштирган «номаълум шахс»ни ҳамон изламоқда.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024