Ери тортиб олинган фермер, қонунбузарликдан қўрқмайдиган ҳоким, назар-писанд қилинмаётган суд қарорлари, томошабин ролидаги МИБ ва прокуратура. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Kun.uz студиясига келган уч фермер бошдан кечирганларини сўзлаб берди. “Мақбуллаштириш жараёнидаги қонунбузарликлар оммавий тус олган”, дейди Фермерлар кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров.

“Бойдавлет ота барака” ф/х раҳбари Мейрманқул Умрзоқов (Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани):

– 2019 йили мақбуллаштириш пайтида менинг ва ўғлимнинг фермер хўжалигимизни ноқонуний равишда олиб қўйишди. Ҳатто еримиз олиб қўйилганини билмай ҳам қолганмиз, бехабар қолганмиз. Одамлардан эшитдик: “ерларингизни олиб қўйишди”, дейишди. Шундан кейин мен судга мурожаат қилдим. Туман маъмурий судида суд бўлди. Кейин вилоятда. Вилоятда бизни Фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров ҳимоя қилди. Судда ютуққа эришдик. Суд қарори 2019 йилда кучга кирган, олти йил ўтган бўлса-да, шу кунгача ижрочилар томонидан бажарилмай келяпти. Қарорни бажармаслик учун менга куч ишлатишди, даволаниб ҳам чиқдим. Ҳамма ёққа мурожаат қилдим бир неча марталаб. Идоралар бир-бирига солиб келяпти.

Фермерлар кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров:

– 2019 йил 9 январда ҳукуматнинг 14-сонли қарори қабул қилинди. Шу қарор асосида фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштириладиган бўлди. Қарорни таъминлаш жараёнида кўплаб қонунбузарликлар содир этилди. 2019 йилнинг 12 январида Юқори Чирчиқ тумани ҳокими томонидан ота-ўғил фермерларнинг ер ижараси шартномасини бекор қилиб, ерни ноқонуний равишда захирага олиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Биз бу фермер хўжалигининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судларга ариза берганимиздан кейин 2020 йил 20 феврал куни Чирчиқ шаҳар маъмурий суди томонидан ўша туман ҳокимининг 192 ва 196-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди. Қонуний манфаатлар тикланди. Бироқ туман ҳокимлиги томонидан бу суд қарорига нисбатан реакция билдирилмади. Ўзларининг ўша “ҳақиқий эмас” деб топган қарорларини бекор қилмади.

Мазкур суд қарорини бажармагани етмаганидек, яна бир қарор чиқариб, ернинг ярмини бошқа бир МЧЖга берган. 2020 йил 19 сентябр куни эса яна бир қарор қабул қилиб, бошқа бир масъулияти чекланган жамиятга иккинчи ярмини хомталаш қилиб бериб юборган. Суд қарорларини қасддан менсимаган ва бажармаган. Бу қарорга нисбатан ҳам биз маъмурий судга ариза киритдик. Туман ҳокимининг бу қарорини ҳам ҳақиқий эмас деб топдирдик. Жами тўртта маъмурий суднинг тўртта ҳал қилув қарорини бажармасдан келяпти бу ҳокимият. Мазкур МЧЖларни ердан мажбурий тарзда кўчириб чиқариш бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига ариза берилди. Суд мажбурий тарзда кўчириш ҳақида қарор қабул қилди. Лекин бу қарорлар ҳозирги кунга қадар бажарилаётгани йўқ.