Ўзбекистон | 01:41 / 19.03.2020
8396
3 дақиқада ўқилади

Шахсий ҳимоя воситалари сифати ва уларни ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилади

Фото: Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

18 март куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида тиббий буюмлар ва гигиеник воситалар ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, текстил саноати вакиллари ва дистрибюторлар билан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мажлисда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев коронавирус пандемиясининг тарқалиши билан боғлиқ вазият борасида сўз юритиб, касалликка қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини айтиб ўтди. Бунда ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқараётган корхоналар ҳажмни кўпайтириши учун ишлаб чиқаришни янада кучайтириш билан бирга уларнинг сифатига эътибор қаратишлари зарурлиги таъкидланди. Аҳолининг ҳимоя ниқобларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида йиғилишда иштирок этган тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, текстил саноати вакиллари ва дистрибюторлар ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олдилар.

Ўзбекистонда тиббий буюмлар, айнан тиббиёт ва гигиеник юз ниқобларини ишлаб чиқарувчи 20 та корхона мавжуд. Шунингдек, мамлакатимизда респиратор ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам бор бўлиб, уларнинг барчасида ишлаб чиқариш қуввати кучайтирилган ва улар узлуксиз тартибда ишлаб турибди. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришга қўшимча равишда юртимизда текстил корхоналар ҳам докадан қатламли гигиеник ниқобларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. 

“Ўзтекстилсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар уч турдаги ҳимоя ниқобларининг ишлаб чиқарилишини кунига 2 миллион донага етказмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига биноан, тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатига киритилган эди. Ҳозирда, тиббиёт ниқобларни ушбу рўйхатдан чиқариш бўйича мазкур буйруққа ўзгартириш киритилмоқда. Ундан мақсад ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқариш жараёнини соддалаштириш ва ишлаб чиқаришни янада оширишдир. 

Тиббиёт халатлари (комбинезон) ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 4 та бўлиб, ҳозирда улар кунига 7 минг дона комбинезон ишлаб чиқармоқда. Ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкони кунига 18 минг дона комбинезонни ташкил қилади. Шу сабаб ҳам айни дамда эҳтиёж ортгани туфайли, яқин кунларда улар тўла қувватда ишлай бошлайди. 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид