Ўзбекистон | 22:23 / 25.10.2021
16339
6 дақиқада ўқилади

Заҳарланган Зарафшон. “Навоийазот” ва “Ўзкимёсаноат” экологлар хулосасини тан олмаяпти

Kun.uz мухбири Навоий вилоятига сафари давомида яқинда рўй берган аянчли воқеа оқибатлари – Зарафшон дарёсидаги ҳайвонот дунёси қирилиб кетганига гувоҳ бўлди.

Гарчи суратга олиш ишлари 13 октябрь куни ўтказилган ва воқеа содир бўлганига 9 кун ўтган бўлса-да, дарёда инсон ваҳшийлиги оқибатида юзага келган экологик инқироз излари худди кечагидек бўй кўрсатиб турган эди.

Минглаб балиқлар орасида ўлик қисқичбақаларни ҳам кўриш мумкин эди. Экологларга кўра, заҳар кучлилиги боис ўлик қисқичбақаларни ҳатто қушлар ҳам емайди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишига қараганда, заҳарли сув дарёдаги тирик жонзотларни қириб юборгач, бу воқеа оммага маълум бўлиб, шов-шув келтириб чиқариши ортидан, дарё суви бирдан кўтарилиб кетган. Яъни кимдир бу томонга оқадиган сув йўлини очиб юборишни буюргани ва айнан шу йўл билан жиноят изини ёпишга уринган деган тахмин бор.

Экология қўмитаси ишчи гуруҳи 4 октябр куни аниқланган ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 13 октябрда тузган далолатномасида қуйидагича хулоса берган:

“Навоийазот” АЖ томонидан 1-ташлама (№267-қудуқ орқали) Зарафшон дарёсига белгиланган меъёрлардан юқори ифлосланган оқова сувлари ташлангани дарёда балиқлар нобуд бўлишига олиб келган”.

Ачинарлиси, сувга заҳарли моддаларни оқизиш бир марталик ҳолат эмас, балки сурункали бўлиши мумкин. Экоқўм тақдим этган далолатномага кўра, 4 октябр куни олинган таҳлил натижаларига кўра, сув намуналари таркибида азот аммоний белгиланган меъёрлардан 20 баробар, азот нитрат 2,5 баробар, азот нитрит 52,5 баробар, хлоридлар 1,22 баробар, мис ионлари 2,2 баробар юқорилиги аниқланган.

7 октябр куни худди шу 267-қудуқдан олинган намуналарда азот аммоний белгиланган меъёрлардан 21 баробар, азот нитрат 2,6 баробар, азот нитрит 60 баробар, хлоридлар 1,3 баробар, мис ионлари 2,1 баробар юқорилиги аниқланган.

9 октябрда олинган намуналарда эса азот аммоний белгиланган меъёрлардан 17,6 баробар, азот нитрат 2,3 баробар, азот нитрит 18,5 баробар, хлоридлар 1,27 баробар, мис ионлари 2,1 баробар юқорилиги аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 290-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 14-иловасига асосан табиатга етказилган зарар ҳисобланганда:

  • 1659 дона Туркистон мўйлабдори 3 135 510 000 сўмни;
  • 474 дона зоғарабалиқ 127 980 000 сўмни;
  • 195 дона лаққа балиғи 105 300 000 сўмни;
  • 536 дона дўнгпешона 298 440 000 сўмни;
  • 4521 дона товонбалиқ 366 201 000 сўмни;
  • 3425 дона сазан 277 425 000 сўмни;
  • 2,5 кг дарё қисқичбақаси 377 500 сўмни;
  • жами зарар 4 млрд 302 млн 193 минг 500 сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, 4, 7 ва 9 октябр кунлари “Навоийазот” АЖ томонидан Зарафшон дарёси ифлослантирилгани учун аварияли ялпи ташлама сифатида 103 млн 620 минг 421 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган.

Биз масъуллардан воқеанинг янада аянчли тугаши мумкин бўлган тахминий (ва яхшики, содир бўлмаган) сценарийси билан қизиқдик: ўша кунлар давомида бу дарёдан сув ичиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг чорва молларига зарар етмаганми?

Масъулларнинг айтишича, ҳолат содир бўлгани заҳоти дарё ўзани бўйлаб яшайдиган аҳоли ва фаолият олиб борадиган бизнес вакилларига сув заҳарлангани ҳақида огоҳлантириш берилган. Аҳоли орасида дарё сувидан зарарланганлар қайд этилмаган.

Экоқўмита вакилининг маълум қилишича, қўмита ўзидан лозим бўлган барча суриштирув-текширувларни якунлаган ва ҳисоботни прокуратурага тақдим этган.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси
Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Экологлар қатъий билдираётган айбловларни иккинчи томон рад этмоқда.

“Навоийазот” АЖнинг 9 октябрдаги изоҳида 267-қудуқдаги ташланма сувлар лаборатория таҳлиллари олинганидан кейингина Зарафшон дарёсига юборилиши, “сўнгги даврда оқова сувлар сифатининг динамикасида ўзгариш кузатилмагани” айтилади.

“Зарафшон дарёси нафақат “Навоийазот” АЖ томонидан, балки вилоятнинг турли саноат ва бошқа ишлаб чиқариш комплексларидан, шу жумладан балиқчилик хўжаликларидан ҳосил бўлган барча оқова сувларини қабул қилувчи ҳавза ҳисобланади”, – дейилади компания муносабатида.

“Навоийазот” АЖ акцияларига эгалик қилувчи “Ўзкимёсаноат” АЖ 10 октябр куни ўз ўрганишлари натижасини қуйидагича баён қилди:

“Навоийазот” АЖга қарашли 267-қудуқдан ташланаётган оқова сувларидан жорий йил 4 октябрь куни корхона санитар лабораторияси томонидан қўшимча намуналар олиниб таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, хлоридлар миқдори рухсат этилган нормадан, яъни 300 мг/м3 миқдоридан ошмаган ва миснинг миқдори ҳам рухсат этилган нормага (0,001 мг/м3) яқин бўлгани тасдиқланди.

Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ҳар чоракда “Навоийазот” АЖ оқова сувлари мониторинги олиб борилади. 2017 йилда олинган намуналарнинг таҳлил натижаларида азот гуруҳи моддаларининг концентрацияси мақоладаги кўрсаткичлардан кўра юқорироқ бўлган. Аммо бундай концентрациялар Зарафшон дарёсидаги балиқларнинг нобуд бўлишига олиб келмаган, яъни ўша йили балиқларнинг нобуд бўлиши қайд қилинмаган.

Шу ўринда балиқ етиштириш хўжаликларида озуқа учун аммоний моддаларидан фойдаланган ҳолда балиқ етиштиришнинг интенсив технологиялари мавжуд эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунга мисол қилиб балиқ етиштиришда аммофос ўғити берилади. Унинг таркибида эса фосфор ва аммоний бирикмалари мавжуд”.

Kun.uz воқеалар ривожи, хусусан прокуратуранинг ҳолатга муносабатини кузатиб боради.

Бобур Акмалов тайёрлади.

Тасвирчи – Маҳмуд Солиев.

Мавзуга оид