Жаҳон | 02:35 / 04.12.2020
16888
2 дақиқада ўқилади

Бокуда Қорабоғдаги ғалаба шарафига ҳарбий парад ўтказилади. Унда Эрдўған ҳам қатнашади

Фото: Anadolu

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 9-10 декабр кунлари Озарбойжонга боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти ахборот хизмати хабар қилган.

Озарбойжон пойтахти Бокуда 10 декабр куни Тоғли Қорабоғдаги ғалаба шарафига ҳарбий парад ўтказилади ва унда Туркия президенти Ражаб Эрдўған ҳам қатнашади: «Муҳтарам президентимиз 9-10 декабр кунлари Озарбойжонга ташриф буюришни режалаштирган», дейилади Эрдўған матбуот хизмати тарқатган хабарда.

27 сентябр куни тонгда Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида яна ҳарбий тўқнашувлар авж олди. Бу уруш ҳар икки мамлакат ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган ўзаро қарама-қаршиликнинг энг жиддийси бўлди. 9 ноябрда Россия воситачилигида уч томонлама (Россия, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида) келишув имзоланди ва уруш тўхтади. Келишувни Озарбойжон ғолиб бўлганининг исботи сифатида қабул қилди ва 10 ноябр мамлакатда ғалаба куни сифатида нишонланадиган бўлди. Арманистон учун эса келишув мағлубият сифатида баҳоланди. Мамлакатда бош вазир истеъфосини талаб қилиб намойишлар бошланиб кетди.

Туркия Тоғли Қорабоғ учун бўлиб ўтган урушда Озарбойжонни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганини рад этди. Туркия Россия билан биргаликда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида имзоланган тинчлик келишувида муҳим рол ўйнагани айтилади. Эрдўған Тоғли Қорабоғдаги вазият ҳақида «Туркия, Россия ва Озарбойжон минтақадаги тинчликни кафолотлайди», деган эди.

Мавзуга оид