Ўзбекистон | 12:34 / 01.09.2025
3024
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ШҲТ – Афғонистон мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлади

Шавкат Мирзиёев Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Тианжин саммитида иштирок этмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади

"Бизнинг учрашувимиз Хитойнинг қадимий маданияти ҳамда унинг саноат ва технологик йўналишдаги жадал тараққиёти ўртасидаги уйғунликни ўзида мужассам этган Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ерда буюк Конфуцийнинг “Ҳаётда ўз ўрнингни топишни хоҳлар экансан, бошқаларга ёрдам бер, муваффақиятга интилар экансан, бошқаларнинг ютуғига кўмак бер”, деган ҳикматли сўзлари ўзгача руҳда янграйди. Бу минг йиллик фалсафа ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир аъзо давлат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бугунги миссиясига ҳамоҳангдир.

ШҲТ маконида умумий тараққиёт ва равнақ айнан ана шундай мустаҳкам пойдевор устида барпо этилмоқда, деб ҳисоблайман. Хитойнинг самарали раислиги туфайли Ташкилотимизнинг нуфузи янада мустаҳкамланди, мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлиги кенгайди. Ишончим комилки, ўтаётган ушбу саммит янги тарихий даврни бошлаб беради ва ўзаро муносабатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилади", деди президент.

Қайд этилишича, иқтисодий, интеллектуал, ресурс ва технологик йўналишларда улкан салоҳиятга эга бўлган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти халқаро майдонда ўз таъсирини изчил кенгайтириб бормоқда. Глобал ноаниқлик кузатилаётган ҳозирги шароитда бу муҳим аҳамиятга эгадир.

Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда. Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки минтақада тинчликни сақлашнинг калитидир.

"Айниқса, ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик макони бўлиб қолаётгани муҳим. Айнан шу жиҳат манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва замонамизнинг энг мураккаб хавф-хатарларига биргаликда жавоб топиш имконини бермоқда. ШҲТнинг овози бизнинг умумий сиёсий иродамиз ифодаси, тинч келажак ва барқарор тараққиёт йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларга чорловимиз сифатида янада ишончли ва баралла янграши керак, деб ҳисоблаймиз.

Кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўз қарашларимиз билан ўртоқлашишни истар эдим. Энг аввало, ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарур. Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради, деб ишонаман.

Биз ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки “ШҲТ модели”нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари таркиби, жумладан, бошқа минтақа давлатлари ҳисобидан кенгайиб бораётгани Ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беради", деди давлат раҳбари.

Билдирилишича, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик – ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналишларидан биридир. Бугунги кунда келишилган ёндашувларга ҳамда ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмларига талаб кучайиб бормоқда.

"Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади.

Терроризм ва экстремизмнинг табиати сезиларли равишда ўзгараётгани, кибержиноятчилик, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва айланмаси ўсиб бораётгани, уюшган жиноятчилик кучаяётгани муносабати билан билдирилаётган хавотирларга қўшиламиз.

Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

“ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлаймиз. Конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин", деди Шавкат Мирзиёев.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид