Жаҳон | 13:46 / 19.12.2025
1636
3 дақиқада ўқилади

Германия 535 нафар афғонистонликни қабул қилади

Покистон ҳукумати илгари Германия бундесвери ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни депортация қилиш билан таҳдид қилмоқда. Германия уларга бошпана ваъда қилган эди, аммо Мерц ҳукумати бу қарорни қисман қайта кўриб чиққан.

ГФР ички ишлар вазири Александер Добриндт Германия йил охиригача гуманитар сабаблар билан мамлакатда бўлишга рухсат олган 535 нафар Афғонистон фуқаросини қабул қилишга тайёр эканини билдирди. У бу ҳақда 18 декабр, пайшанба куни Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) медиагуруҳи нашрларига берган интервюсида айтди.

Гап 2021 йил августда “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Покистонга қочган одамлар ҳақида кетмоқда. Улар Германия бундесвери ва бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилгани учун ўз хавфсизлигига таҳдид бўлишидан қўрққан. Улар орасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва аёллар ҳуқуқлари учун курашувчи фаол аёллар ҳам бор.

Александер Добриндтнинг айтишича, Германия ҳукумати бу афғонистонликларни “имкон қадар тезроқ” қабул қилишдан манфаатдор. Илгари Покистон ҳукумати Германиядан афғонистонликларни декабр охиригача қабул қилишни талаб қилган, акс ҳолда уларни ватанига депортация қилиш билан таҳдид солганди.

AFP келтирган Amnesty International ва Pro Asyl ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари маълумотларига кўра, Покистонда Германияга эвакуацияни кутиб турган тахминан 1800 нафар афғонистонлик бор. Уларнинг кўпчилиги Германиянинг давлат, ноҳукумат ва маданий ташкилотларида ишлаган. “Толибон” ҳокимиятга келгач, ўша пайтдаги Германия ҳукумати уларни Германияга олиб чиқишга ваъда берган ва ҳатто айримларига тегишли ҳужжатлар ҳам берган.

Бироқ Мерц бошчилигидаги янги федерал ҳукумат гуманитар асосларда учинчи мамлакат фуқароларини қабул қилиш бўйича барча дастурларни, жумладан Афғонистон фуқароларини қабул қилишни ҳам сезиларли даражада чеклашга келишиб олган. Айрим шахсларнинг Германияда бўлиши тўғрисидаги қарорлар бекор қилинган.

AFP'нинг ГФР Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда билдиришича, Германия ҳукумати “Толибон”га қарши чиққан афғон фуқаролик жамияти фаолларини қабул қилишдан бош тортган. Декабр бошида улар Германия ҳукуматидан “қабул қилишда сиёсий манфаат йўқ” деган асос билан якуний расмий рад жавобини олган, деб ёзади AFP.

250 дан ортиқ немис ташкилоти Германия федерал ҳукуматига очиқ хат йўллаб, гуманитар сабаблар билан Германияда бўлишга рухсат олган афғонистонликларни қабул қилишга чақирган. “Вақт тугаяпти — ҳар кун ҳисобда. Агар бу одамлар Афғонистонга қайтарилса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади”, — дея ташкилотлар баёнотидан иқтибос келтиради AFP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид