ПТМАга ўтаётган ихтисослаштирилган мактаблар: 50 мингга яқин ўқувчилар нима қилади?
Республика бўйича юздан ошиқ ихтисослаштирилган мактаблар ХТВ тизимидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилмоқда. Яқин орада уларга қайтадан қабул бўлиб ўтади. Kun.uz'га маълум қилинишича, имтиҳондан ўта олмаган ИДУМ ўқувчилари ўз ҳудудидаги, ХТВ тизимига кирувчи мактабларда ўқишини давом эттиради.
Президент фармони билан Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган ихтисослашган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилмоқда. Бу мактабларда ўқитиш қайтадан ташкил этилади, ўқитувчилар ва ўқувчилар қабули янгидан амалга оширилади.
Kun.uz'га Тошкентдаги айни шундай мактаблардан бири – аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб (АФИДУМ) ўқувчиларининг ота-оналаридан мактаб ёпилиши бўйича мурожаатлар келиб тушди. Фармонга кўра, мактаб агентлик тасарруфига ўтиши ва Олмазор тумани ихтисослаштирилган мактабига айланиши кўзда тутилган.
АФИДУМ жорий йилдан ўз фаолиятини тугатиб, қайтадан ўқувчиларни қабул қилади. Ота-оналар эса мурожаатда бундан норози эканликлари, мактабда болаларига яхши таълим берилаётгани, болалари сарсон бўлишини хоҳламасликларини билдирган.
Халқ таълими вазирлиги изоҳи
Апрел ойида ихтисослаштирилган мактаблар мавзуси кўтарилганда Халқ таълими вазирлиги масалага муносабат билдирганди.
“2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида 168 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ташкил этилиши белгиланди.
Агентлик мактабларида Президент мактаблари тажрибасидан келиб чиқиб, ўқув жараёни халқаро таълим дастурлари асосида тайёрланган замонавий дарсликлар асосида олиб борилади, ўқувчилар хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириши учун зарур шарт-шароит ва таълим муҳити яратилади, мазкур жараёнга хорижий ҳамда маҳаллий педагог кадрлар жалб қилинади, сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этилади”, дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, 2022/2023 ўқув йилида агентлик мактабларига ўқувчилар имтиҳон асосида, янги аниқ фанлар йўналишига 5–11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7–11-синфларга қабул қилинади (кейинги йиллардан бошлаб мос равишда фақат 5- ва 7-синфларга қабул бўлади).
Мазкур танловларда биринчи навбатда шу мактабда таълим олаётган ўқувчилар тўлиқ иштирок этади ва уларнинг барчасига танловда қатнашишга имконият берилади.
Вазирлик ўқув йили тугамасдан ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларини бошқа умумтаълим мактабларига кўчириш топшириғи берилмаганини билдириб, мактаб маъмуриятларини шошма-шошарлик қилмасликдан огоҳлантирган, ота-оналардан эса бу ўқув йилини яхши кайфиятда тугатиб, фарзандлари агентлик томонидан ўтказиладиган танловларда қатнашишини сўраганди.
Қабул қачон бўлади?
Ихтисослаштирилган мактабларга қабул қачон ва қай тартибда бўлиб ўтишини аниқлаш учун Президент таълим муассасалари агентлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова билан боғландик. Унинг айтишича, ҳозир агентлик тизимига ўтказилган ихтисослаштирилган мактабларга ўқитувчилар имтиҳон асосида саралаб олинмоқда. Яқин орада ўқувчилар қабули ҳам бошланади.
“Яқин орада қабул ҳақида тўлиқ маълумотни расмий каналимизда эълон қиламиз”, деди Дилфуза Собирова.
“Ўқувчилар сарсон бўлмайди”
Ихтисослаштирилган мактабларга қабул 5–11- ва 7–11-синфлар учун бўлса, қолган синфларда ўқийдиган ўқувчилар тақдири нима бўлиши ҳақида қўшимча маълумот олиш учун халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғландик.
“Фармон билан бугунги кунда халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган 121 та таълим муассасалари Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиб, улар негизида ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернатлар ташкил этилади. Бугунги кунда мазкур таълим муассасаларида 49 242 нафар ўқувчилар таълим олмоқда”, дея маълумот берди Лайло Рустамова.
Вазирлик расмийсининг қайд этишича, қабул имтиҳонларида қатнашмайдиган ёки танловдан ўта олмаган ўқувчилар ҳудудлардаги бошқа умумтаълим мактабларига қабул қилинади. “Улар сарсон бўлмайди”, деди ХТВ сўзчиси.
Мавзуга оид
11:55 / 09.09.2022
110-мактабда кийиниш хонасига камералар ўрнатилиши билан боғлиқ можаро келиб чиқди
16:02 / 08.09.2022
Республика таълим маркази раҳбари янги дарсликка тадбиркор Мурод Назаров ҳақида маълумот қўшилганига изоҳ берди
22:46 / 07.09.2022
Нега ХТВ дарсликлар ижарасини бепул қилишни аввалроқ таклиф қилмаган? Вазир ўринбосари изоҳи
19:28 / 07.09.2022