Спорт | 08:36 / 07.09.2021
29274
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда Паралимпиада қаҳрамонлари кутиб олинди ва тақдирланди

Токио Паралимпиадасида 19та медаль қўлга киритган Ўзбекистон делегацияси тантанали тарзда кутиб олинди.

Тошкент халқаро аэропортида делегация аъзоларига зар чопонлар кийдирилди. У ерда спортчилар журналистларга интервью бериб, ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашишди.

Бронза медалини қўлга киритган пара-дзюдочи Шариф Халилов ҳаяжонда эканлигини яширмади:

Шариф Халилов

«Жуда ҳаяжондамиз. Кичик машаққатимиз учун бунчалик эътибор бўлади, деб ўйламагандик.

Бронза учун курашда бразилиялик рақиб билан кечган беллашув анча қизиқарли ўтди. Жанг якунига 5 сония қолганида ҳам ютқазаётгандим. Аллоҳ ўзи куч берди. Шунингдек, президентимизнинг бизни қўллаб-қувватлаб айтган гаплари мотивация бўлди».

Паралимпия чемпионига айланган пара-таэквондочи Гулжаной Наимова ғалаба осонликча қўлга киритилмаганини таъкидлади:

Гулжаной Наимова

«Турнир стартида синовларга дуч келдик: бир неча спортчиларимиз коронавирусга чалинди. Уларга далда бериб турдик. Бир-биримизни қўллаб-қувватладик.

Жангга чиқиб борар эканман, барчага берган ваъдаларим, ота-онамнинг ишончи кўз олдимга келди. Бироз ортга чекиниш ҳам бўлди, чунки Паралимпиадага кучли спортчилар келади. Аммо делегация аъзоларининг руҳий кўмаги билан ғалабага эришдим ва аёллар ўртасида Олимпиада/Паралимпиада тарихида ғолиб бўлган илк ўзбек спортчисига айландим».

Яна бир чемпион, пара-енгил атлетикачи Бобуржон Омонов Парижда ҳам юқори натижаларга эришишни жиддий мақсад қилган:

Бобуржон Омонов

«Рақиблар кучли эди: Олимпиада ва жаҳон чемпионлари билан беллашдим. Насиб қилса, Париждаги Паралимпиадада ҳам рекордлар қайд этиб, олтин медаль олишга ҳаракат қиламан».

Пара-дзюдода совриндорлар сафидан ўрин олган Нафиса Шерипбоева бронза медалини Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлади:

Нафиса Шерипбоева

«Ҳамюртларимнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб турдим. Ушбу медални мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига, президентимизга, ота-онамга, мураббийларимга бағишлайман. Бу медаль барчамизники».

Шундан сўнг жамоа аъзолари жой олган автобуслар «Янги Ўзбекистон» боғи томон йўлга тушди. Боғ марказидаги монументда ўтган тақдирлаш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва бош вазир Абдулла Арипов медаль эгаларига Олимпиячиларга берилгани каби «Президент совғаси»ни топширишди.

Олтин медаль соҳибларига 200 минг доллар, 3 хонали уй ва Tahoe автомобили; кумуш медаль совриндорларига 100 минг доллар, 2 хонали уй ва Traverse автомобили; бронза медаль эгаларига 50 минг доллар, 2 хонали уй ва Trailblazer автомобили топширилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Токио Паралимпиадасида 55та йўлланма билан иштирок этди. Якунда жамоа 8та олтин, 5та кумуш ва 6та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 162 мамлакат орасида 16-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам 16-поғонани эгаллаганди.

Паралимпиада-2020 ғолиблари:

  • Учқун Қуронбоев (дзюдо, -66 кг)
  • Нозимахон Қаюмова (найза улоқтириш)
  • Моҳигул Ҳамдамова (диск улоқтириш)
  • Феруз Саидов (дзюдо, -73 кг)
  • Бобуржон Омонов (ядро улоқтириш)
  • Ҳусниддин Норбеков (ядро улоқтириш)
  • Сафия Бурханова (ядро улоқтириш)
  • Гулжаной Наимова (таэквондо, +58 кг)

Кумуш медал соҳиблари:

  • Асила Мирзаёрова (узунликка сакраш)
  • Рўза Қўзиева (пауэрлифтинг, -61 кг)
  • Парвина Самандарова (дзюдо, -57 кг)
  • Довурхон Кароматов (дзюдо, -81 кг)
  • Нурхон Қурбонова (найза улоқтириш)

Бронза медал совриндорлари:

  • Ислам Асланов (100 метрга баттерфлай усулида сузиш)
  • Элбек Султонов (ядро улоқтириш)
  • Нафиса Шерипбоева (дзюдо, -63 кг)
  • Шариф Халилов (дзюдо, -100 кг)
  • Нурхон Қурбонова (ядро улоқтириш)
  • Шоҳсанам Тошпўлатова (200 метрга комплекс сузиш)

Аъзамжон Иззатиллаев тайёрлади
Тасвирчилар — Маҳмуд Солиев ва Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид