Жамият | 20:10 / 29.05.2021
67750
9 дақиқада ўқилади

Тошкентда соғлом ҳомила туғуруқхонада нобуд бўлди. Шифокорлар пул берилмагани учун бепарво бўлганми?

Ой куни яқинлаган келин тўлғоқ тута бошлагач, Яшнобод туманидаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонаси туғуруқ бўлимига олиб борилади. Кучли тўлғоқ ва оғриқ бўлаётганига қарамай, аёлда туғуруқ амалиёти тушунарсиз сабаблар билан кечиктирилади. Аёл орадан икки кун ўтганидан кейингина шифокорлар «эътибори»га тушган, бу вақтда эса унинг боласи, афсуски, ўлиб бўлган эди.

Kun.uz'га Яшнобод туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Уларнинг айтишича, шифокорларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги сабабли набираси ўлик туғилган.

Мурожаатчи Саида Боқиева воқеани қуйидагича ҳикоя қилади.

Саида Боқиева

— 16 майдан 17 майга ўтар кечаси келинимни дард тутиб чиқди. 17 май куни туғуруқхонага олиб бордим. Яшнобод туманидаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонаси туғуруқ бўлимининг 3-қаватига ётқизишди. Фақат анализ олишди, бошқа ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади. Келинимни кечаси билан тўлғов тутиб чиқди.

Эртасига яна шифокорлардан хабар олишларини илтимос қилдим. Нилуфар Сулаймонова деган шифокор бор экан, келинимни кўриб қўйишларини илтимос қилдим. У киши эса иш вақти тугаганини, энди кўра олмаслигини айтди.

Кейинги шифокорга қўнғироқ қилдим. Йўлда эканини, шифохонага ҳали етиб келмаганини айтди. Кейин пастдаги шифокорларга ялиндим...

Нодира Абдуллаева исмли шифокор туғуруқ бўлими мудири экан. Унга ҳам илтимос қилдим. Нодира опа соат 13:00да киришини айтди. У соат 14:00да навбатчилиги тугаганини айтиб, яна бир бошқа шифокорга топшириб кетди.

Келинимнинг олдига киритишмади, у ёлғизликдан қийналди, «чой-сув беринглар» деб бақирарди. Нодира опа кетгач, Мақсуда опа келди. У шифокорнинг ҳам олдига бордим. У ҳам қарамади. Келинимдан соат 13:00да хабар олинганини, энди соат 17:00да хабар олишини, унгача кўрмаслигини айтди.

Биз ҳам 17:00 бўлишини интизорлик билан кутдик. Унгача келиним тўлғоқ азоби билан ётди. Жуда қийналди. Яна айланиб келсам, келиним: «Ойижон, ҳеч ким йўқ, сув-чой беришга одам йўқ», деб ойнадан йиғлаяпти.

[...] Кейин нима бўлганини билмаймиз. Мақсуда опа чиқиб кетибди. Корейс миллатига мансуб Ирина Вадимовна туғдириш жараёнида қатнашибди. Келинимнинг айтишича, бола сўнгги дақиқаларгача тирик бўлган. Туғдириш жараёнида болани роса босишган. Бола ўлиб бўлгандан сўнг кесарча кесиш амалиёти орқали болани олишган.

Бола туғуруқхонада қаровсизликдан, шифокорларнинг масъулиятсизлиги сабаб ҳалок бўлди. Келиним туғуруққача бирон марта касалликдан шикоят қилмаган. Ўзи ҳам, бола ҳам соғлом эди. Буни шифокорлар ҳам тасдиқлайди, дейди у.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, шифокорлардан бири ундан «рози қилиш»ни сўраган. «Бўлди, рози қиламан деган бўлсангиз, қараяпман», деган врач дераза орқали бўлган суҳбатда.

Шифокорлар ҳаммаси рисоладагидек бўлганини айтмоқда

Яшнобод туманидаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонаси туғуруқ бўлимида бўлдик. Дастлаб бош шифокор Бахтиёр Мамажонов ва туғуруқ бўлими мудири Aрофат Қаҳҳорова туғуруқхона «мойка»га ёпилгани, шифокорлар таътилга чиққани, касаллик тарихи суд тиббий эскпертизасига олиб кетилгани, ишни прокуратура кўраётгани сабаб ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини айтишди.

Узоқ муҳокамалардан сўнг аёлнинг туғуруқхонага келишидан бошлаб, туғуруқ жараёни фожиали якун топишигача қатнашган шифокорлардан изоҳ олишга муваффақ бўлдик.

Дастлабки суҳбатдошимиз – Нилуфар Сулаймонова. У 17 май куни туғуруқхонада навбатчи бўлиб, бемор аёлни соат 14:00да қабул қилган.

— Беморни Гулнара Якубова исмли шифокоримиз қабул қилган. Мен 17 май куни навбатчиликка келдим. Соат 14:00да навбатчиликни қабул қилиб олдим. Жавобгар шифокор билан биргаликда кўриб, қайнонаси ва эрига аёлнинг ҳолати ҳақида маълумот бердим.

Aёлнинг шикояти бор эди. Қорин пастида симилловчи оғриқлар бор эди. Лекин бу тўлғоқ дарди эмас. Қон босими ўлчаб кўрилди. Бачадон тонусда эмаслиги аниқланди. Ҳомиланинг юрак уруши яхши эди.

Aёл қаровсиз қолгани йўқ. 4-5 марта хабар олдим. Ўша куни аёл тинч ухлади. Безовта бўлмади. 18 май куни эрталаб 7:30ларда навбатчиликни топширдим. Aёл яхши эди.

Нодира Aбдуллаева – туғуруқ бўлими бошлиғи. У 18 май куни 9:00дан 14:00гача беморга жавобгар бўлган.

— Бу аёл туғуруқ бошланиши билан менинг бўлимимга туширилган. Бўлимимга келгандан сўнг навбатчи шифокор Дилбар Исмоилова эди. Иккита туғуруқ зали банд бўлгани сабабли бу аёлни учинчи залга ўтказиб, ўзим қарадим.

Мен ўзим икки марта кўрикдан ўтказдим. Aёлда дард бошланаётганини тасдиқладим. 4 соатдан сўнг протокол бўйича яна кўрдим. Aна шундан кейин консилиумга бўлим мудирларини чақирдим. Чунки менга аёлнинг ҳолати ёқмади. Туғуруқ яхши ривожланишига нимадир тўсиқ бор эди.

Боланинг юрак уриши яхши эди. Мен соат 14:00дан кейин навбатдаги шифокорга беморни топшириб кетдим. Беморни топшириб кетаётганимда аёл ва боланинг аҳволи жуда яхши эди.

Мақсуда Турдибоева – беморни 18 май куни Нодира Aбдуллаевадан соат 14:00да қабул қилиб олган ва айнан шу шифокорнинг жавобгарлиги вақтида бола нобуд бўлган.

Мақсуда Турдибоева ҳозирда меҳнат таътилида бўлгани сабабли у билан боғланишнинг имкони бўлмади. Ҳамкасблари у айни вақтда дам олиш учун хорижга кетганини айтишди.

Ирина Вадимовна – 18 май куни кеч соат 19:00лар атрофида Мақсуда Турдибоева хабар берганидан сўнг туғуруқ жараёнини бошлаган.

— 18 май куни менинг навбатчилигим 14:00дан бошланган. Мен жавобгар шифокорман. Навбатчи шифокор билан бирор муаммо бўлса, мен бориб кўраман.

Ўша куни Мақсуда Турдибоева менга хабар бериб, туғуруқ залига чақирди. Мен бемор аёлни текширдим. Aёлни УЗИ қилганимизда ҳолати менга ҳам ёқмади. Шунинг учун аёлни зудлик билан операция залига ўтказдик. Болани операция қилиб олдик. Ҳаммасини тезлик билан бажардик. Лекин боланинг ҳаётини сақлаб қола олмадик. Мен қўлимдан келганини қилдим. Aммо натижа бўлмади.

Шаҳзода Ҳасанова – Яшнобод тумани марказий поликлиника шифокори. У аёлга ҳомиладорлик вақтида қараб келган.

— Бола соғлом эди. Ҳеч қандай муаммоси йўқ эди. Aёл ҳам бирон нарсадан шикоят қилмаган. Муаммоли ҳомиладор эмас эди. Вақтида келишарди. Иккаласи (она ва унинг ҳомиласи) ҳам соғлом эди.

Ким билади нима қилишди туғуруқхонада, шифокорлар эътиборсизлик қилишдими, билмадим. Ҳозирча шифокорлар билан боғлана олмадим. Лекин она ва боланинг ҳеч қандай жиддий муаммоси йўқ, соғлом эди. Ҳамма ҳужжатлари бизда бор.

Хўш, 9 ой давомида ҳеч қандай шикояти бўлмаган аёлнинг 2 кунлик туғуруқхонада кечган даврининг қиймати қанча? Бола нега нобуд бўлди? Фожиага ким сабабчи?

Суриштирувимиз давомида барча томонларни эшитиб, керакли ҳужжатлар билан танишиб чиқдик. Бизни ўйга толдирган ва шубҳали кўринган ҳолат бу аёлнинг ҳомиладорлик вақтида ҳеч қандай жиддий муаммога дуч келмагани бўлди.

Воқеалар хронологиясига эътибор берсак, беморни қабул қилиб, навбатдаги шифокорга топширган шифокорларнинг изоҳлари занжири шифокор Мақсуда Турдибоевада узилади. Қолган шифокорлар эса гуёки айбсиз...

Яна бир шубҳали ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз: туғуруқхонага борганимизда бош шифокордан тортиб беморга қараган шифокорларгача бу мавзуни ёритмаслигимизни илтимос қилишди. Ва бунинг учун ҳатто пул ҳам таклиф қилинди. Қарангки, бу «таклиф» ўртакашлар орқали бизни анчагина узоқ вақт таъқиб қилди.

Азиз мухлис, эслаб кўринг-чи, туғуруқхона шифокорига пул бермаганингиз учун сиз билан ҳам совуқ муносабатда бўлишганми? Ўзи умуман фарзанд туғилганда шифокорларга пул берганмисиз? Вақтингизни аямасангиз, шулар ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ёзиб қолдиринг.

Мавзу юзасидан суриштирувимиз давом этади.

Kun.uz мухбирлари –
Раҳматилло Исроилов,
Темур Турсунбоев.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.

Тузатиш: видеодаги "Яшнобод туманидаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар туғуруқхонаси" "Яшнобод туманидаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонаси туғуруқ бўлими" деб тушунилиши лозим.

Мавзуга оид