Ўзбекистон | 12:57 / 29.12.2020
7734
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда вилоят даражасидаги 3та суд битта суд сифатида бирлаштирилади 

Янги йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.

“Келгуси йилдан бошлаб, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3та суд битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликлар яратади.

Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. 

Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади”, - деди президент. 

Маълум қилинишича, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади. 

Мавзуга оид