Ўзбекистон | 00:59 / 19.04.2020
45914
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ун савдосини биржадан вақтинча чиқарди

Импорт қилинадиган ун камайгани туфайли, ички бозорда ғалла маҳсулотига талаб ошди. Биржада сотиб олинган уннинг асосий қисми республиканинг чекка ҳудудларига етиб бормасдан, нарх ошиб кетганди.

Фото: KUN.UZ

Коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб ун маҳсулоти, барча ҳудуларга бир маромда етказиб беришни таъминлаш мақсадида, биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар билан сотилиши белгиланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг жорий йил 16 апрелдаги «Коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисини давлат ресурлари ҳисобига ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги йиғилиш баёнида билдирилган.

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Узоқовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, пандемия даврида компания таркибига кирувчи дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри шартнома қилган ҳолда, тадбиркорлар ун харид қилиши мумкин. 

«Ўрнатилган тартибга кўра, тадбиркорлар рўйхати туманлар кесимида шакллантирилади. Ушбу рўйхат асосида тадбиркорлар вилоятда фаолият олиб борувчи дон маҳсулотлари корхоналарига бириктирилади. Шунингдек, ушбу ишларни ташкил этиш ва назоарт қилиш Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан юритилади», - дейди у.

Таъкидланишича, ун маҳсулотлари етказиб берилиши ҳамда нархларнинг шаклланиши солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қатъий назоратга олинди.

Ҳукумат топшириғига асосан, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун учун нарх 125 минг сўм қилиб белгиланди.

Узоқовнинг айтишича, даврий харажатлар билан 50 килграммли бир қоп ун тадбиркорга 140 минг сўмдан кам пулга тушади.

Бундан ташқари, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ун ва ғалла экспортига қўйилган квотани оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси таркибидаги тизим корхоналари тасарруфида бўлган замонавий энергиятежамкор технологиялар билан жиҳозланган 52та тегирмон цехларида ҳар куни 6000 тоннадан ортиқ ун ишлаб чиқарилмоқда.

«Бугунги кунда тизим корхоналари омборларида 32 минг тоннадан ортиқ ун захиралари бор ва эҳтиёждан келиб чиқиб ишлаб чиқариш хажмларини ошириш имкониятлари мавжуд. Бундан ташқари, тизим корхоналари омборларида республикамиз аҳолисининг ун маҳсулотига бўлган талабини тўла қондириш учун етарли миқдорда дон захиралари мавжуд», - дея маълумот берди Узоқов.

Мавзуга оид