Тахтадан тахтага ўтиш, СССР гегемонлиги, дунё ақлининг тўқнашуви — Шахмат олимпиадаси тарихи
Шахмат (шоҳмот/шатранж) энг камида 1,5 минг йиллик тарихга эга. Анча мураккаблиги ва кўп вақт олишига қарамай, оммабоплиги жуда юқори. Айниқса интернет ривожланиши ортидан жаҳоннинг турли нуқталаридаги шахмат ишқибозлари беллаша бошладилар ва ўйинга бўлган қизиқиш янада ортди. Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятли ўйинларидан кейин шахмат олимпиадаси барчанинг диққат марказида бўлиб турибди.
Шахмат азалдан фаол ўйнаб келинган бўлса-да, мунтазам халқаро мусобақалар XIX асрга келибгина ўтказила бошлади. Улар ҳар сафар турлича тартибда бўлаверар, кўпинча ҳамма йиғилгандан кейин иштирокчилар сони ва талабига кўра турнир қоидалари белгилаб олинарди. Айрим жамоавий турнирларда барча ўйинчилар ўз жамоадошларининг ўйинларига ҳам аралашиш ҳуқуқига эга бўлган ва кўп ҳолларда жамоадаги бир кучли шахматчи тахтадан тахтага ошиб умумий ғалабани илиб кетаверган.
1886 йилда америкалик Вильгельм Стейниц яна бир шахмат устаси полшалик Иоганн Цукертортни мағлуб қилади ва ўйин шартига кўра жаҳон чемпиони унвонига эга бўлади. Айнан мана шу санадан сўнг дунёнинг энг кучли шахматчиси ким деган савол тобора баланд янграй бошлайди ва турнирлар жиддий тус олади.
Ўша пайтдаги ёзилмаган қоидаларга кўра, жаҳон чемпиони рақибни ўзи танлаш, соврин жамғармаси, ўтказиладиган ҳудудни ҳам шахсан белгилаш ҳуқуқига эга эди. АҚШлик шахматчи Стейниц россиялик Михаил Чигориннинг чақириғини қабул қилади ва 1889, 1992 йилларда икки марта ғолиб бўлади. Аммо Стейницдан ҳам кучли шахматчи пайдо бўлади. 1894, 1897 йилларда германиялик Эмануил Ласкер уни мағлуб этади.
Айнан Ласкернинг шахматдаги ўрни беқиёс. Чунки у ўта кучли шахматчи бўлиш билан бирга, турнирларда маълум талаб ва тартиб ўрната олади, муаллифлик ҳуқуқига амал қилинишига, шахматчилар гонорари юқори бўлишига, шу тарзда улар тирикчилик ташвишидан қутулишига ҳаракат қилади. Чунки ундан олдинги жаҳон чемпиони Стейниц қашшоқликда вафот этганди. Ласкер 27 йил давомида жаҳон чемпиони унвонини сақлаб туради ва шахмат афсоналаридан бирига айланади.
1924 йилда Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ)га асос солинади ва шундан кейин бутун дунё бўйлаб дона сураётган миллионлаб ишқибозлар маълум умумий қоидалар билан таниша бошлайдилар. Йирик давлатларнинг барчасида шахматга оид алоҳида нашрлар чоп этилади, етакчи газеталар бу ўйин вазифалари кўрсатилган алоҳида рукнлар ташкил этишади.
Айнан шу 1924 йилда бўлиб ўтган Париж олимпиадасида шахмат ўйинлари ҳам ташкиллаштирилади. Аммо саралаш турнирлари бўйича аниқ регламент ишлаб чиқилмагани, ҳаваскорлар ва профессионаллар мақомига аниқлик киритилмагани учун кўплаб англашилмовчиликлар келиб чиқади. Шунга қарамай латвиялик Герман Матисон турнир ғолиблигини қўлга киритади. Парижда ФИДЕга президент ҳам сайланади – голландиялик Александр Рюб федерацияни бошқаришга киришади.
Шундан кейин шахмат турнирлари мунтазамлик касб эта бошлади ва уларга бўлган қизиқиш анча ортди. Ҳар бир турнирда етакчи ОАВ иштирок эта бошлади, радио орқали ҳар бир юриш ҳақида маълумотлар бериб борила бошланди. Бу пайтга келиб хат орқали шахмат ўйнаш, радио орқали икки давлат терма жамоаларининг ўйинларини уюштириш ҳам урфга кира бошлади.
1945 йилда СССР–АҚШ, 1946 йилда СССР–Буюк Британия шахматчилари ўртасида радиоўйинлар ўтказилади ва ҳар иккисида иттифоқ шахматчилари ғалаба қозонишади. Умуман, иккинчи жаҳон урушидан кейинги барча турнирларда СССР шахматчилари яққол устунлик қила бошлайдилар ва дунё бўйича “Шахмат чемпионатида фақат иккинчи ўрин учун кураш кетади” деган гап пайдо бўлади.
Совет шахматчилари 1948–1972 йиллар давомида чемпионликни ўзларида сақлаб туришади. 1951–1969 йилларда турнир фақат Москвада, фақат иттифоқ гроссмейстерлари ўртасида ўтказилади. 1952 йилдан бошлаб СССР терма жамоаси расмий шахмат олимпиадаларида қатнаша бошлайди ва 1974 йилга қадар эркаклар ҳам, аёллар ҳам фақат чемпион бўладилар. Ҳозир ҳам СССР эркаклар терма жамоаси 18 марта чемпионлик билан мутлақ етакчи ҳисобланади. Иккинчи ўриндаги АҚШ ва Россия ҳисобида 6 тадан ғолиблик бор. Иттифоқ аёллар терма жамоаси эса 11 марта зафар қучишган.
1927 йилда асос солинган, уруш вақтида вақтинча тўхтаб қолиб, 1950 йилда қайта тикланган шахмат олимпиадаси бугунги кунда мазкур спорт турининг нуфузли мусобақаси ҳисобланади. Унда ҳар бир давлатнинг тўрт нафардан асосий, икки нафардан захирадаги шахматчилари ташриф буюришади ва рақиблар ўртасида яккама-якка курашларнинг якуний натижаларига кўра ғолиб жамоа аниқланади. Якунда умумий рейтингга кўра олимпиада ғолиблари маълум бўлади ва уларнинг ҳар бирига олтин медаллар тақдим қилинади.
Ҳар икки йилда бўлиб ўтадиган олимпиаданинг навбатдагиларидан бири – 2026 йилдагиси айнан Ўзбекистонда бўлиб ўтади ва унда ҳам терма жамоамиз муносиб иштирок этишига ишонамиз.
Шахмат ҳақида қизиқарли фактлар:
* Агар шахматнинг биринчи катагига бир дона, иккинчисига икки дона буғдой қўйилса ва шу тарзда ҳар кейинги катакдаги буғдой доналари икки баробар кўпайтириб кетилаверса, 460 миллиард тоннадан ортиқ буғдой керак бўлади. Бу инсоният тарихида истеъмол қилинганидан ҳам кўпроқдир.
* Биринчи “компьютер-шахмат” 1770 йилда яратилган. Бу ёғоч стол бўлиб, юришга қарши ишга тушувчи механизмдан иборат деб тушунтирилган. Бу “компьютер” Наполеон ва Бенжамин Франклинни ютган. Кейинроқ унинг сири очилган: стол ичига шахматчи кириб олган. У сирни билмаганларда механикага қарши ўйнаяпман деган иллюзияни ярата олган.
* Фарзин энг кўп тош олиш имконига эга. Бир ўйинда у рақибнинг 11 та тошини қириб ташлаган.
* Шахмат тарихида бирорта тош олинмай 94 юришгача давом этган ўйин қайд этилган.
* Бир ўйинда узлуксиз 74 марта “Шоҳ” берилган. Шунингдек, ўйин давомида 114 марта “Шоҳ” берилгани ва унинг 98 таси бир тарафлама амалга оширилгани ёзиб қолдирилган.
* Расмий ўйинда 3 марта юришда рақиб мот қилинган ўйин қайд этилган;
* Испан инквизитори Педро Арбуэс шахмат ўйинида тирик маҳбуслардан фойдаланган. “Олинадиган тош” қатл этилаверган.
* Гарри Каспаров 10 ёшида спорт усталигига номзод, 15 ёшида спорт устаси, 17 ёшида халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган. У 22 ёшида Анатолий Карповни мағлуб этиб, Жаҳоннинг энг ёш чемпионига айланган.
* Майя Чибурданидзе 15 ёшида халқаро гроссмейстер, 17 ёшида аёллар ўртасида Жаҳон чемпионига айланган.
* Шахмат тахтасида бўлиб ўтиши мумкин бўлган партиялар сони коинотдаги атомлар сонидан ҳам кўпроқдир (аниқлашга уринманг, барибир ҳар иккисини ҳам санай олмайсиз).
* Биринчи шахмат олимпиадаси (жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати) 1927 йилда Лондонда ўтказилган. 16 жамоа қатнашган бу мусобақада венгрияликлар ғолиб чиқишган.
Аброр Зоҳидов тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024