Ўзбекистон | 15:08 / 24.02.2021
45421
5 дақиқада ўқилади

«Фақатгина ариза билан паспорт нусхаси тақдим этилади». Бола парваришлаш нафақаси олиш тартиби ҳақида  

Ҳозирги кунда бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.

Пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Зайниддин Аралов бола парваришлаш нафақасини олиш тартиби ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари, республикада доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашни сўраб, ариза билан яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилишлари мумкин.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун фуқаро ҳеч қандай маълумот йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади.

Фуқаро аризани маҳалла фуқаролар йиғинига беради. Маҳалла фуқаролар йиғинлари аризаларни ойнинг 15-санасигача қабул қилиб 18-санасигача Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади. Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари қабул қилинган аризаларни ойнинг 25-санасигача «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритади.

Ҳозирда тизим 9 та вазирлик ва идораларнинг электрон базасига уланган. Айни пайтда улардан 20 турдаги маълумотлар олинмоқда. Дастурга фуқаронинг паспорт серияси ва шахсий идентификация рақамлари киритилади ва унга тегишли барча маълумотлар автоматик равишда чиқади.

Аризани қаноатлантириш ёки рад этишда Пенсия жамғармаси ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари умуман иштирок этмайди.

Жорий йилнинг январ ойида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали республиканинг барча ҳудудларида 3 турдаги (бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларига моддий ёрдам) нафақалар инсон омилисиз тўлиқ тайинлаб келинмоқда», деган жамғарма вакили.

Шунингдек, Зайниддин Аралов ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилиш ҳолатлари тўғрисида ҳам маълумот берган.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 7-бандига мувофиқ, юқоридаги нафақалар ва моддий ёрдам оиланинг жами даромади белгиланадиган даврда киши бошига тўғри келадиган даромади меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан (1 февралдан бошлаб бу 393,8 минг сўм) ортиқ бўлса, агар оила аъзолари номида биттадан ортиқ кўчмас мулк, яъни ўзи яшаб турган уйидан бошқа яна кўчмас мулки мавжуд бўлса, ишлаб чиқарилганига 10 йил тўлмаган автомашинаси мавжуд бўлса, иккита ва ундан ортиқ автомашинаси мавжуд бўлса, ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади.

Болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақалар эса - 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан ортиқ эмас.

Бундан ташқари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ходимлари ва хизматчилари ҳамда таркибидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари, уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган бошқа давлат ижтимоий хизматларини олиш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аризалар кўриб чиқилишига йўл қўйилмайди», дея бошқарма бошлиғи сўзларини келтирмоқда жамғарма матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, оила аъзоси ҳеч қаерда расман банд бўлмаса, жамоат ишлари иштирокчиси бўлмай, ишда ишлаш учун меҳнат органларига мурожаат қилиб, иш излаётгани тўғрисида рўйхатга олинмаган бўлса ҳам ижтимоий нафақа бериш рад этилади.

Аввалроқ, Kun.uz сайтида моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаш учун яратилган янги тизим тўғрисида Молия вазирлиги мутахассиси билан суҳбат эълон қилинган эди. Унда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтилган.

Мавзуга оид