Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бола пули» учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Кўпчилик томонидан бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси тайинлашда қандай ҳужжатлар талаб этилиши бўйича мурожаат қилинади. Бу борадаги асосий саволларга жавоб олиш учун Пенсия жамғармаси матбуот хизмати билан боғландик.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги 286-сон қарорининг 13-бандига кўра, бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғининг номига аризани ушбу Вақтинчалик низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
- ариза берувчи оила аъзоларининг паспорти нусхалари, чет эл фуқаролигини ёки фуқаролиги бўлмаган шахслигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (доимий ёки вақтинчалик пропискадан ўтганлиги қайд этилган бети билан) ва никоҳ тўғрисидаги, бола туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар нусхаси;
- болалар васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма илова қилинади;
- ушбу Вақтинчалик низомнинг 2а-иловага мувофиқ шакл бўйича бола парвариши бўйича нафақа оиланинг мурожаат қилган ойдан олдинги охирги уч ой учун бошқа даромадлари тўғрисида маълумот;
- ушбу Вақтинчалик низомга 2б-иловага мувофиқ шакл бўйича тижорат банкларида ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги банк ҳисобварақларидаги қолдиқлар ва ариза берилган ойдан олдинги 6 ой мобайнида номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни тақдим этиш тўғрисида ариза тақдим этилган санада бирга яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза.
Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан текширилади. Ушбу бандда келтирилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ариза кўриб чиқилмайди”, – дейилади тақдим этилган маълумотда.