Жамият | 23:11 / 31.08.2017
83899
6 дақиқада ўқилади

Қурбонлик одоблари: қандай жонлиқ сўйилади, қурбонликнинг сўнгги вақти ва уни бериладиган кишилар хусусида

Эртага, 1 сентябрь куни Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрами кенг нишонланади. Бу байрам бошқаларидан шуниси билан ажралиб турадики, мазкур айёмда Аллоҳ йўлига қурбонлик қилинади ва унинг гўшти етим-есирларга, мазлум ва эҳтиёжманд кишиларга тарқатилади. Бу шариат аҳкомларида белгилаб қўйилган. Хўш, қурбонлик қандай қилинади ва унинг гўшти айнан кимларга берилади? Бу ҳақда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўгитларига назар соламиз.

Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.

Қурбонлик вожиблигига далиллар:

Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида:

 «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг:

«Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир», деганларини эшитдим».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Кўпчилик қўшилишиб қурбонлик қилишга ҳаракат қилади. Биров ўзим қурбонлик қиламан деб бир мол сотиб олган бўлса, олти киши келиб шерик бўлсалар жоиз.

Қурбонликнинг вақти, шаҳарда сўйса ийд намозидан, бошқа жойда бўлса ийд куни тонги отганидан сўнгдир. Унинг охирги вақти учинчи куннинг қуёши ботишидан сал олдин.

Қурбонликнинг вақти ийд намозидан сўнг эканига далил:

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибдир. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир»-дедилар. Абу Бурда сўйиб бўлган эди. Бас, у:

«Менинг мусиннадан яхшироқ жазаъам бор?» деди.

«Уни сўй! Аммо, сендан кейин, бирор кишидан кифоя қилмас», дедилар у зот».

Қоронғида турли хатолар содир бўлиши мумкинлигидан кечаси сўйиш макруҳдир.

Аллоҳ таолонинг йўлида қурбонлик қиламан деб назр атаган ва ўзига вожиб бўлмаса ҳам, қурбонлик қиламан деб ҳайвон сотиб олган одамлар вақтида уни қила олмай вақтини ўтказиб юборсалар, ҳайвонни тириклигича садақа қиладилар. Чунки, улар ўзларига ўзлари бу ишни вожиб қилиб олганлар.

Энди, қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг сифатлари ҳақида маълумот берилади.

Қўйдан жазаъ – олти ойлик - ва ундан бошқадан саний ва ундан каттаси қурбонликка ярайди. Саний деб бир ёшлик қўй – эчкига ва икки ёшлик молга ва беш ёшлик туяга айтилади.

Бу ҳукмлар ҳадиси шарифлардан олинган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларни Ўз саҳобаларига қурбонлик қилишларига тақсимлаб бериш учун бердилар. Бас, бир ёшли улоқча ортиб қолувди, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. У зот:

«Уни сен қурбонлик қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўё-эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилаверади.

Қурбонликка айланбош, шохсиз, бичилган ва қўтир ҳайвонларни сўйса бўлади. Аммо ўта озғин ва сўяр жойга юриб бора олмайдиган чўлоғи бўлмайди. Шунингдек, қулоғи, кўзи, думбаси ва думининг учдан бири кетгани ҳам бўлмайди.

Бу ҳукмларнинг далил ҳадисларда келган.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб, бармоқларим У зотнинг бармоқларидан қисқа, бармоқ учларим У зотнинг бармоқ учларидан кичкина:

«Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас; ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен:

«Муқобала нима?» дедим.

«Қулоғининг бир томони кесилган», деди.

«Мудобара нима?» дедим.

«Қулоғининг учи кесилган», деди.

«Шарқо нима?» дедим.

«Қулоғи ёрилган», деди.

«Харқо нима?» дедим.

«Қулоғи белги учун йиртилган», деди».

Сунан эгалари ривояти...

Қурбонликнинг охирги вақтига далил.

Имом Молик Нофеъдан қилган ривоятда «Ибн Умар қурбонлик ийд кунидан кейин икки кундир дер эди», дейилган.

Қурбонлик муҳтож кишиларга, етим-есирларга, камбағал ва шу қурбонликка эҳтиёжи бор оилаларга берилади. Қурбонликнинг учдан бирини ўзига олиб қолиш уламолар томонидан иттифоқ қилинган.

Мавзуга оид