Ўзбекистон | 11:03 / 10.07.2024
15029
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда банкдан 370 млрд пул ўғриламоқчи бўлган кибержиноятчилар ушланди

Пойтахтдаги банклардан бирининг собиқ ходими банк мутахассисидан махфий кодларни сотиб олиб, икки шериги билан пулларни ўғирлаш ва чет элга ўтказиш режасини тузган. Жиноятчилар 189 миллиард сўмни хорижий валютага айлантириб, офшор ҳудудлар орқали ўтказмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, банк ҳисоб рақамлари ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган пул маблағларини хакерлик ҳужуми орқали ноқонуний ўзлаштиришга уринган шахсларнинг қилмишлари фош этилди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги банклардан бирининг собиқ ходими ҳозирги кунда мазкур банкда мутахассис лавозимида ишловчи танишидан банкнинг дастурий таъминоти ва ҳисоб рақамларига кириш имкониятини берувчи кодларни 6500 АҚШ доллари эвазига сотиб олган. 

Сўнгра, у Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун 3 маротаба судланган шахс ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, дастлаб банк ҳисоб рақамларида ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган жами 370 млрд сўм маблағни хакер жалб қилган ҳолда ўғирлашни, кейин эса оффшор ҳудудлар орқали чет элдаги танишларига тегишли ҳисоб рақамларга ўтказишни режа қилишган.

Қонунбузарлар 189 млрд сўмни чет эл валютасига конвертация қилишга ва оффшор ҳудудлар орқали хориждаги ҳисоб рақамига ўтказишга уринган вақтларида жиноят устида қўлга олинган. 

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, улар ўзларининг қабиҳ ниятлари амалга ошган тақдирда, гўёки банкнинг дастурий таъминотига чет элдан хакерлик ҳужуми бўлганлиги тўғрисида ёлғон маълумот тарқатишни режалаштиришган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг 25,169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид