Жаҳон | 18:14 / 11.06.2024
11914
2 дақиқада ўқилади

Малави вице-президенти самолёт ҳалокатида вафот этди 

Чикангава ўрмонида радарлардан ғойиб бўлган самолёт қолдиқлари топилди. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Африкада жойлашган Малави давлати вице-президенти Саулос Клаус Чилима ва яна тўққиз нафар йўловчи самолёт ҳалокати қурбони бўлди. 11 июн куни Малави президенти маъмурияти маълумотни тасдиқлади. 

Ижтимоий тармоқларда ҳарбий самолёт ҳалокати жойидан олинган кадрлар пайдо бўлди. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Пойтахт Лилонгведан Мзузу шаҳрига учаётган самолёт кечаси радарлардан ғойиб бўлган эди. 

Малави президенти Лазарус Чаквера сўзларига кўра, самолёт ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Мзузу аэропортига қўна олмаган ва бир мунча вақт ўтиб радарлардан ғойиб бўлган

Қидирув экипажлари Мзузу жанубидаги Чикангава ўрмонида йўқолган самолётнинг қолдиқларини топган. 

Саулос Клаус Чилима

Чилима 51 ёшда эди. Малави ҳукумати веб-сайтига кўра, у 2014 йилда вице-президент бўлди ва 2019 йилги президентлик сайловида учинчи ўринни эгаллаганидан кейин 2020 йилда иккинчи марта лавозимига тасдиқланди. 2022 йил охирида Чилима коррупция можаросига аралашди ва мамлакат Коррупцияга қарши кураш бюроси томонидан ҳукумат шартномалари эвазига тадбиркордан пора олганликда айбланиб ҳибсга олинди. Май ойида Чилима ўз айбини рад этди, Малави ҳукумати унга қўйилган барча айбловларни олиб ташлади ва терговни тўхтатди. Чилима 2025 йилги сайловда Малави президентлиги учун ариза бериши мумкин эди. 

Самолёт қулаган Чикангава ўрмони 50 минг гектардан ортиқ майдон. Бу Африкадаги сунъий равишда экилган энг катта ўрмонлардан биридир. 

Мавзуга оид