Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Ғазога доир АҚШ резолюциясини маъқуллади. Бу ҳужжат Фаластинга тинчлик олиб келадими?
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Трампнинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлаш ва Ғазога халқаро кучларни жойлаштириш учун АҚШга «яшил чироқ» ёқди. Россия ва Хитой резолюцияга қарши бўлса-да, ҳужжатга вето қўймади. Лекин тинчлик режасининг энг мураккаб қисми ҳали олдинда.
17 ноябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазога доир АҚШ томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилди. У президент Доналд Трампнинг урушни тугатишга доир режасини қўллаб-қувватлаш ва Фаластин анклави учун халқаро барқарорлаштириш кучларига рухсат беришни назарда тутади.
Исроил ва Ҳамас октябрь ойида Трампнинг Ғазо бўйича 20 банддан иборат режасининг биринчи босқичига – икки йиллик урушдаги сулҳ ва гаровдагиларни озод қилиш келишувига — рози бўлганди. БМТ резолюцияси эса ўтиш даври бошқарув органини қонунийлаштириш ҳамда Ғазога қўшин юборишни кўриб чиқаётган давлатларни ишонтириш учун муҳим ҳисобланади.
Нега АҚШга БМТ мандати керак?
Трамп маъмурияти БМТ мандатини излагани бежиз эмас. Чунки Ғазога барқарорлаштириш кучлари сифатида қўшин юбориши мумкин бўлган давлатлар – Миср, Индонезия, Туркия, БАА – ўз халқлари томонидан «оккупант» сифатида кўрилмаслигини хоҳлайди. Бунинг учун эса БМТ мандати зарур.
Резолюция, шунингдек, Жаҳон банкига Ғазони қайта тиклаш учун молиявий ресурслар ажратиш ваколатини беради. Ва шу мақсад учун махсус ишонч жамғармаси ташкил этишга чақиради.
Таҳлилчиларга кўра, овоз бериш — Трамп маъмурияти учун муҳим дипломатик ғалаба ва БМТнинг аҳамиятини тан олиш бўлди. Охирги икки йил давомида Исроилни қатъий қўллаб-қувватлагани учун АҚШ БМТда кўп жиҳатдан якка қолган эди.
Резолюция ва унинг ноаниқ томонлари
Резолюция матнида аъзо давлатлар – Ғазодаги ўтиш даври ҳокимияти сифатида кўрилган Тинчлик Кенгашида иштирок этиши мумкинлиги айтилади. Шунингдек, резолюция Ғазода қуролсизлантириш жараёнини: қуролларни утилизация қилиш ва ҳарбий инфратузилмани йўқ қилиш орқали таъминлайдиган Халқаро барқарорлаштириш кучларига ҳам рухсат беради.
ISF мандатида Ҳамас каби қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш ваколати берилган. Бироқ тинчликпарварлар юборадиган давлатлар Ҳамас билан тўқнашишни истайдими-йўқми — бу ҳам номаълум. Ҳозиргача бирорта давлат тинчликпарвар куч жўнатишга мажбурият олмаган. Ғазога қўшин юборувчилар ичида тахминан: Туркия, Индонезия, БАА ва Озарбойжон каби давлатлар бор.
Резолюция Тинчлик Кенгашига ҳеч бўлмаганда 2027 йил охиригача Ғазони назорат қилиш ваколатини беради. Кенгаш Миср ва Исроил билан ҳамкорликда фаластинлик полиция ходимларини тайёрлаш ва чегаравий ҳудудларни назорат қилиш устида ишлайди.
Ҳужжатда ёзилган – Трамп раислигидаги «Тинчлик кенгаши»нинг аъзолари номаълум. Кенгаш БМТга ҳисобот бериши керак, лекин БМТ хоҳишларига ёки Фаластин маъмуриятига бўйсунмайди.
Ҳужжат, шунингдек, Ғазо секторида кундалик бошқарув ва хизмат кўрсатишни амалга ошириши керак бўлган фаластинлик технократлар қўмитасини яратишни ҳам талаб қилади, бироқ унинг таркиби ҳам ноаниқ.
Бундан ташқари, Ғазодаги асосий ҳокимиятга қайтаётган Ҳамас БМТ тасдиқлаган ушбу резолюциянинг айрим бандларига рози эмас.
Хусусан, Ҳамас қуролсизланмаслигини яна бир бор такрорлаб, Исроилга қарши курашини «легитим қаршилик» деб таърифлади. Reuters’нинг ёзишича, бу позиция гуруҳни халқаро кучлар билан тўқнаш келиш эҳтимоли билан юзма-юз қўяди.
«Резолюция Ғазо секторига халқаро васийлик механизмини юклайди, буни халқимиз ва уларнинг фракциялари рад этади», — дейилади Ҳамас эълон қилган баёнотда.
Фаластин давлатчилиги масаласи
The Guardian нашрининг ёзишича, ҳужжатдаги мустақил Фаластин ҳақидаги қайдлар араб ва ислом дунёсининг қўллаб-қувватлашини олиш учун АҚШ тўлаган «нарх» бўлди.
Хусусан, Фаластин давлатчилигига оид қайдлар АҚШнинг дастлабки лойиҳасига киритилган муросали ўзгартириш бўлди, дейиш мумкин. Чунки дастлабки матнда бу ҳақида умуман сўз бўлмаган. Бироқ янги матн ноаниқ ва шартли бўлиб, фақат Фаластин маъмурияти ислоҳ қилиниб, Ғазони қайта қуриш бошлангач «Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва давлат тузиш учун ишончли йўл» пайдо бўлиши мумкинлигини айтади.
Бу талқин – араб ва ислом давлатлари, Европа Кенгаши аъзолари талаб қилган Фаластин давлатига доир қатъий мажбурият даражасига етмаган. Лекин улар ҳам ҳозирги сулҳни узайтириш ва Ғазодаги 2,2 миллион фаластинликларни озиқ-овқат ва ҳимоя билан таъминлаш учун муросага тайёрликларини билдиришди.
Томонлар ва БМТ аъзолари нима дейди?
Доналд Трамп ушбу овоз беришни ижтимоий тармоқларда «ҳақиқий тарихий аҳамиятга эга лаҳза» сифатида нишонлади ва ёрдам берган давлатларга, БМТга миннатдорчилик билдирди. «Кенгаш аъзолари ва яна кўплаб қизиқарли эълонлар келгуси ҳафталарда эълон қилинади», — деб ёзди Трамп.
Ғарбий Соҳилдаги Фаластин маъмурияти ҳам резолюцияни олқишлаб баёнот чиқарди ва уни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Араб блоки номидан гапирган Жазоир элчиси Амар Бенджама эса «матндаги мувозанат ва яхлитликни таъминлаш учун зарур деб ҳисоблаган тузатишлар киритилганини” айтди. У келишувни Фаластин суверенитети уруғларини сепувчи ҳужжат сифатида кўраётганини билдирди.
«Жазоир ниҳоят ушбу матн учун овоз беришга қарор қилди. Чунки биз унинг асосий мақсадини — сулҳни сақлаш, Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва давлатчилик ҳуқуқларини амалга оширишга шароит яратишни қўллаб-қувватлаймиз», деди у.
Бенджама резолюцияга илова қилинган қўшимчага эътибор қаратди. Унда аниқ айтилади: «аннексия йўқ, оккупация йўқ, мажбурий кўчириш йўқ».
Россия ва Хитой нега бетараф қолди?
Резолюция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 5 нафар доимий ва 10 нафар вақтинчалик аъзолари томонидан 13–0 ҳисобида қабул қилинди. БМТда вето ҳуқуқига эга доимий аъзолар Хитой ва Россия бетараф қолди.
New York Times'нинг ёзишича, резолюция матни ўтган ҳафта бир неча бор қайта кўриб чиқилди ва кўплаб кенгаш аъзолари, жумладан европаликлар томонидан танқид қилинди. Улар Фаластин давлатчилиги ва Тинчлик Кенгашига оид аниқроқ формулалар талаб қилишди.
Ўтган ҳафта кечқурун бир пайт Хитой ва Россиянинг эътирозлари АҚШ резолюциясини тўлиқ барбод қилишга оз қолганди. Россия Ғазо бўйича ўзининг 10 бандли қарши резолюциясини ишлаб чиқди. Унда Фаластин давлатини дарҳол тан олиш, босиб олинган Ғарбий Соҳил ҳамда Ғазони Фаластин Маъмуриятига бирлаштириш чақируви бор эди.
АҚШ эса резолюцияда жуда кам муросага борди. Аксинча араб-мусулмон давлатларининг ёрдамини сафарбар қилиб, Россия ва Хитойни Ғазодаги дипломатик ютуққа қўшилишга мажбур қилди.
Шундан сўнг, вето ҳуқуқига эга бўлган Россия ва Хитой овоз беришда бетараф бўлди ва резолюциянинг қабул қилинишига имкон берди. Лекин Россия ва Хитойнинг БМТдаги элчилари, ҳужжат БМТга Ғазонинг келажагида аниқ роль бермаётганидан шикоят қилишди.
«Аслида, Кенгаш Вашингтоннинг ваъдаларига асосланиб, АҚШ ташаббусига ўз розилигини бермоқда. Шунингдек, Ғазо секторига тўлиқ назоратни Тинчлик Кенгаши ва Халқаро барқарорлаштириш кучи топширмоқда. Бироқ биз ҳозирча бу тузилмаларнинг қандай ишлаши ҳақида ҳеч нарса билмаймиз», — деди Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя.
Исроил Фаластин давлатчилигига қарши
Резолюция матнида «Фаластин маъмурияти ислоҳот дастурини амалга оширгач, Ғазони қайта тиклашда тараққиёт бўлгач – Фаластин ўз тақдирини ўзи белгилаши ва давлат тузиш учун ишончли йўл вужудга келиши мумкин» дейилади.
Дастлаб, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Вашингтон билан музокараларда резолюция матнининг айни шу қисмига истамай рози бўлган. Бироқ ҳукуматидаги ўта ўнг қанот босимидан сўнг бу позициясидан ортга қайтган. Шу сабабли якшанба куни Нетаняҳу «ҳар қандай ҳудудда Фаластин давлати тузилишига бўлган қаршилигимиз ўзгармаган,» дея баёнот берди.
Бу эса Исроил БМТ топшириғи асосидаги таклифларни амалга оширишга йўл қўядими ёки йўқми деган саволларни уйғотди.
Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари халқаро ҳуқуқнинг мажбурий нормалари ҳисобланади. Кенгаш уларни ижро эттирадиган механизмга эга бўлмаса-да, қоидабузарларга қарши санкциялар каби чораларни қўллаши мумкин.
Шу билан бирга, олдинда ечимини кутаётган бошқа кўплаб муаммолар ҳам бор. Исроилнинг Ғазодаги зарбалари давом этмоқда, Ғарбий соҳилда эса кўчманчиларнинг зўравонлиги авж олган. АҚШ Исроилга қанчалик сўзини ўтказа олади, Нетаняҳу бошчилигидаги ҳукумат халқаро кучларга ҳужум қилмайдими? Булар ҳам ноаниқ.
Шу сабабли халқаро ҳамжамиятдан ғазоликларга қатъийроқ ёрдам керак. Навбатдаги босқичларда Тинчлик Кенгаши аъзоларини белгилаш ва барқарорлаштириш кучлари кимнинг ваколати остида ишлашини тезроқ аниқлаштириш лозим.
Мавзуга оид
23:30 / 07.01.2026
АҚШ Эрон олий раҳбарини йўқ қилиши мумкин – сенатор Грэм
21:07 / 07.01.2026
Энг машҳур жосуслардан бири Олдрич Эймс АҚШ қамоқхонасида вафот этди
20:38 / 07.01.2026
АҚШ ҳарбийлари Атлантика океанида Россия байроғи остидаги нефт танкерини қўлга олди
19:50 / 07.01.2026