Жаҳон | 18:34 / 14.03.2023
26299
10 дақиқада ўқилади

Актёрнинг қайиқда бошланган саёҳати: «Индиана Жонс»даги унутилган юлдуз боладан «Оскар»гача

Келиб чиқишига кўра вьетнамлик бўлган Ке Ҳюи Куан болалигидаёқ Ҳолливудни забт этганди, аммо кейинги ўн йилликларда саҳналардан ғойиб бўлганди. Бир неча йил олдин эса орзусини амалга ошириш учун қайтишга ва яна актёр бўлишга қарор қилди. BBC мухбири Иэн Янгс у ҳақида ҳикоя қилади.

Ке Ҳюи Куан болалигида 1980-йилларнинг машҳур блокбастерлари – «Тентаквойлар» (The Goonies) ва «Индиана Жонс ва Тақдир ибодатхонаси» (Indiana Jones and the Temple of Doom) фильмларида рол ижро этади, аммо кейин экранлардан ғойиб бўлади. У Ҳолливудга кераксиз бўлиб қолганидан кейин актёрликдан воз кечганди. Энди эса ғалаба билан қайтди ва дарҳол иккинчи пландаги энг яхши эркак актёр учун «Оскар» мукофотини қўлга киритди.

«Айтишларича, бундай ҳодисалар фақат кинода бўларди. Бу мен билан рўй берганига ишона олмаяпман. Бу америкача орзу», дея кўзда ёш билан гапирди Куан мукофотни топшириш маросимида.

У 1970-йилларда етти ёшлигида оиласи билан фуқаролар уруши гирдобидаги Вьетнамни тарк этади. У отаси билан Ҳонгконгга, онаси бошқа уч фарзанд билан – Малайзияга бориб қолади.

Куан «Индиана Жонс ва Тақдир ибодатхонаси» филмида Ҳаррисон Форд билан бирга суратга тушганди

Кейинчалик оила яна бирлашади, 1979 йилда АҚШга эммиграция бўлади, 1984 йилда 12 ёшидалигида Куан тасодифан «Индиана Жонс ва Тақдир ибодатхонаси» фильмидаги Пакана киссавур роли учун синовга бориб қолади.

Кейинги йил эса у «Тентаквойлар»да гаджетлар ишқибози Дата ролини ўйнайди.

Аммо у ўсмирликдан йигитликка қадам қўйгани сари роллари камайиб боради, якунда турли филмларда каскадёрлар бўйича координатор ва режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлайди.

2018 йилда прокатга чиққан «Ўта бадавлат осиёликлар» (Crazy Rich Asians) фильмидан кейин Куан 50 ёшида яна ўз омадини синаб кўришга ва саҳнага қайтишга қарор қилади.

«Тентаквойлар» ҳозиргача болалар киноси классикаси ҳисобланади. Фото: ALAMY

Агент дўсти унинг вакили бўлишга розилик беради, бир неча ҳафта ўтиб эса Куанга «Ҳаммаси ҳар жойда ва бирдан» (Everything Everywhere All at Once) филми ижодкорларидан қўнғироқ бўлади. Бу фильм унинг актёрликдаги иккинчи ёрқин ижросига айланади ва унга Америка киноакадемияси бош мукофотини олиб келади.

«Онам 84 ёшда ва у [бу маросимни] уйдан туриб томоша қилмоқда. Она, мен ҳозиргина «Оскар» ютдим!» – деди у саҳнада ҳиссиётга берилиб ва ўз олтин ҳайкалчасини ўпа туриб.

«Менинг саёҳатим қайиқда бошланганди. Мен бир йилни қочқинлар лагерида ўтказганман ва қандайдир тарзда Ҳолливуднинг энг катта саҳнасига чиқиб қолдим».

Ўзининг эмиграциядаги тажрибасини Куан «жароҳат қолдирувчи» деб атаган.

«Биз қочқинлар эдик. Биз ҳеч кимга керак эмасдик, бизни «қайиқдан тушганлар» деб аташарди. Мактабда устимиздан кулишарди. Бу бола руҳиятига қандай таъсир кўрсатишини тасаввур қила оласизми?» – деганди у ўтган йили Guardian нашрига.

Қуаннинг ҳаёти 12 ёшида, «Индиана Жонс» учун синовда қатнашаётган ўз кичик укасини қўллаб-қувватлаш учун борганида ўзгариб кетади. У синовдан ўтиш ниятида эмасди, аммо режиссёр уни ҳам таклиф қилади.

Стивен Спилберг ва Ке Ҳюи Куан 1985 йилда
Ке Ҳюи Куан, Стивен Спилберг ва унинг рафиқаси Кейт Кэпшоу «Оскар» тақдимот маросимида

У ҳафта ўтиб эса у ижодий гуруҳ билан фильм съёмкалари бошланадиган Шри-Ланкага йўл олади.

«Бу менинг ҳаётимдаги энг бахтли даврлардан бири эди», дея ҳикоя қилади Куан.

«Индиана Жонс»даги айрим қаҳрамонлар ва мавзулар тасвири учун ҳозиргача танқид қилишади, аммо Куаннинг фикрича, Спилберг мақтовларга лойиқ.

«Спилберг Ҳолливуд блокбастерида осиёча юзларни кўрсатган биринчи одам бўлганди. Пакана – қизиқ ва жасур персонаж, у Индини қутқаради», дейди актёр.

Кейин у Шон Эстин, Жош Бролин, Кори Фельдман ва Марта Плимптон каби бошқа ёш юлдузлар билан бирга «Тентаквойлар» фильмида рол ижро этади.

Ке Ҳюи Куан ва Дрю Берримор 1984 йилда «Ёш актёр» мукофоти топшириш маросимида

Шундан кейин Куан телевизион комедияларда кўриниш беради. Аммо 90-йиллар бошига келиб унга таклифлар камая боради. Унга таклиф қилинадиган барча роллар кичик ва шаблон роллар эди.

«Болалар актёрлигидан катта кинога ўтиш доим қийин. Сен осиёлик бўлганингда эса юз баробар мураккаброқ», – дея фикр билдиради Куан Telegraph учун интервюсида.

«Мисол учун юзта сценарийни олсак, катта эҳтимол билан уларнинг бирортасида жиддий осиёлик персонажлар бўлмайди. Кўп ҳолларда биз ҳазил мавзусига айланамиз».

«Одатда, сиз йигирма ёш атрофида бўлганингизда – бу ҳаётингизнинг олтин йиллари бўлади. Аммо мен бу ёшимда қилган барча иш – телефон келишини кутишдан иборат эди», дея тан олади Куан.

Вақт ўтиб у кутишни бас қилади ва фақат 2018 йилда, «Ўта бадавлат осиёликлар» филми муваффақиятидан кейингина қайтишга қарор қилади.

Ниманидир ўтказиб юбориш қўрқуви

«Эслайман, кинотеатрда бу фильмни уч марта томоша қилдим ва ҳар сафар йиғладим, – дейди Куан. – Мен фильм шу қадар ажойиблиги учун ҳам йиғладим, аммо бошқа сабаб ҳам бор эди – бой берилган имкониятлар қўрқувини ҳис қилдим. Мен бу ерда, бошқа осиёлик актёрлар билан бирга бўлишни хоҳладим».

«Айнан ўшанда менда ўзимнинг илдизларимга қайтиш ғояси пайдо бўлди».

Куан «Ҳаммаси ҳар жойда ва бирдан» филми сценарийсини олганида у бу филм унга «Оскар» олиб келиши ҳақида ўйламаган.

Қоғозда бу филм у қадар жозибали кўринмайди. Бу иммигрантлар оиласи инди-драмаси, илмий-фантастик саргузаштлар ва суперқаҳрамонлар ҳақидаги жангари фильмларнинг топқирона аралашмасидир.

Куан кир ювиш корхонаси менежери (Мишел Йео)нинг турмуш ўртоғи Веймонд Ван, шунингдек Веймонднинг муқобил оламлардаги версияларини ўйнайди.

Веймонд Ван – эътиборга лойиқ ҳеч нарсаси бўлмаган эр ва суперқаҳрамон

Куан собиқ бола юлдузни ўрта ёшли эркак қиёфасида кўрган томошабинлар қандай реакция кўрсатишини билмаганини айтади.

«Мен актёрликка қайтганимда 50 ёшда эдим. Воз кечишим керак бўлган ва ўзим қайтади деб ўйламаган орзум ҳақида овоз чиқариб айтишим учун жасорат талаб этиларди», дейди у Los Angeles Times нашрига.

Тақдир ҳазилини қарангки, ўтмишдаги филмда бирга рол ўйнаган ҳамкасби Куанга янги филмда рол олишга ёрдам беради.

«Тентаквойлар»да Чанк ролини ижро этган Жефф Коэн ўзини кинооламидаги ҳуқуқшунос сифатида қайтадан кашф этади ва Қуанга шартнома имзолашда ёрдам беради. Филм продюсери ҳеч қачон ўз филми учун Чанк ва Дата билан музокара ўтказишига тўғри келиши ҳақида ўйламаганини айтиб ҳазил қилади.

«Орзудан чекинманг»

Куан ҳам, у рол ижро этган фильм ҳам Ҳолливудни забт этди. «Ҳаммаси ҳар жойда ва бирдан» якшанба куни еттита «Оскар» қўлга киритди, жумладан «Энг яхши фильм» ва «Энг яхши аёл роли» (Куаннинг экрандаги рафиқасини ўйнаган Йеога берилди) номинацияларида ҳам ғолиб чиқди.

Куан бу йилги мукофотларни топшириш маросимидаги энг таниқли меҳмонлардан бири эди, машҳур юлдузлар ҳам чексиз иштиёққа тўлган ва табассум қилишдан тўхтамаётган бу инсон билан селфи тушишдан мамнун эди.

Ке Ҳюи Куанга «Оскар»ни Индиана Жонснинг ўзи – Ҳаррисон Форд топширди

«Оскар» тақдимот маросимида Куан «Индиана Жонс» филмидаги собиқ ҳамкори Ҳаррисон Форд билан таъсирли учрашуви рўй берди, иккинчи пландаги энг яхши актёр учун мукофотни айнан у топширди.

Ўз нутқида Куан унинг учун «ўзини қурбон қилган» онасига миннатдорчилик билдирди. У шунингдек акаси ва рафиқасига раҳмат айтди: «20 йил мобайнида ойма-ой, йилма-йил менинг вақтим келишини айтиб келган ҳаётим муҳаббати».

У шундай қўшимча қилди: «Орзуга ишониш керак. Мен ўзимникига деярли ишонмай қўйгандим. Сизларга мурожаат қиламан - илтимос, орзу қилишдан тўхтаманг».

Мавзуга оид