Жаҳон | 08:38 / 11.03.2024
10071
3 дақиқада ўқилади

«Оскар-2024»: «Оппенҳаймер» энг яхши филм деб топилди 

Лос-Анжелесда 96-«Оскар» киномукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. «Оппенҳаймер» «Энг яхши филм» номинациясида, унинг режиссёри Кристофер Нолан эса «Энг яхши режиссёр» номинациясида «Оскар»ни қўлга киритди.

Фото: REUTERS

2024 йилги энг яхши филм мукофоти учун бошқа номзодлар қаторига қуйидагилар кирди: «Америка фантастикаси», «Қулаш анатомияси», «Барби», «Ташлаб кетилганлар», «Гул ойининг қотиллари», «Маэстро», «Ўтган ҳаётлар», «Бахтсиз қашшоқлар» ва «Қизиқиш зонаси». 

«Оппенҳаймер»да ўйнаган Киллиан Мерфи «Энг яхши актёр» сифатида «Оскар»ни олди, кичик Роберт Дауни эса ушбу филмдаги иши учун энг яхши иккинчи пландаги актёр сифатида эътироф этилди. Ҳаммаси бўлиб «Оппенҳаймер» еттита «Оскар» олди. 

Иккинчи пландаги энг яхши актриса Давайн Жой Рэндолф мукофотга «Ташлаб кетилганлар» филмидаги иши учун сазовор бўлди. «Энг яхши аёл роли» учун «Оскар» Эмма Стоунга режиссёр Йоргос Лантимос томонидан суратга олинган «Бахтсиз қашшоқлар» филмидаги роли учун берилди. Ушбу филм, шунингдек, энг яхши костюмлар, грим ва соч турмаги, шунингдек, бадиий рассом иши учун киноакадемия мукофотларини олди.

Режиссёр Мстислав Чернов томонидан суратга олинган «Мариуполда 20 кун» филми энг яхши тўлиқ метражли ҳужжатли филм деб топилди.

Энг яхши анимацион филм учун мукофот Хаяо Миядзакининг «Бола ва қуш» филмига насиб этди. Режиссёрнинг ўзи маросимда иштирок этмади. 

Филмдаги энг яхши қўшиқ учун «Оскар» мукофоти Билли Айлиш ва Финнеас ОʼКоннеллнинг «Барби»да ижро этган «What Was I Made For?» қўшиғига берилди. «Барби» режиссёри Грета Гервиг ва филмда бош ролни ижро этган Марго Робби «Оскар» мукофотига номзод сифатида қўйилмади. 

Мавзуга оид