Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Фарзандим ташлаб кетди, ватаним ташлаб қўймади” — қисматидан куйганлар қувончи
Навоий вилоятининг Конимех туманида яшовчи Қулназар Абдураҳмонов ва Назира Холованинг умр йўллари бир-бирига ўхшайди: иккови ҳам якка-ёлғиз, уйсиз, яқинлари вафосизлигидан куйиб, кўчада қолган. Бугун улар инсон зоти яшаши қийин бўлган оғир шароитда, хароба ҳолатдаги уйларда ижарада истиқомат қилишяпти.
Фақатгина бир илинж уларнинг юрагида умид чироғини ёққан. Бу ҳам бўлса, “Ташаббусли бюджет”га Конимехда якка-ёлғизлар учун уй қуриб бериш борасида таклиф киритилгани ва унинг кўп овоз тўплаб, ғолиб бўлгани.

“Кечқурун ўлиб қолишдан қўрқаман”
Назира Холова 1957 йилда Конимехда оддий ишчи оиласида таваллуд топган. Ёшлигида ҳамма инсонлар каби у ҳам нурли келажакни орзу қилган. Бироқ ҳаёт уни оғир синовлар гирдобига улоқтирди. Турмуш ўртоғи вафосизлик қилиб, ташлаб кетди. Ягона фарзанди ҳам гўдаклик пайтида вафот этди. Бу ғамлар уни эрта қаритди. Қолаверса, умрининг катта қисми уйсизликда, ёлғиз ўтди. Турли манзилларда ижарада яшаш қисматида бор экан. Ака-укалари ҳам иқтисодий имкониятлари етмаганлиги сабабли ўз рўзғорларидан ортиб, унга уй қуриб беришолмади.

Ўтмайдиган кун-ку йўқ. Назира опани ҳаммасидан ҳам ЁЛҒИЗЛИК аталмиш улкан изтироб ўз домига тортиб кетганди. У ҳамон ана шу изтироб исканжасида, оғир шароитда яшамоқда.
“Ёлғизликдан ёмон нарса йўқ. Кечқурун ўлиб қолишдан қўрқаман. Қачон тонг отаркин, қўни-қўшниларимни кўрарканман, деб кутиб чиқаман. Менинг ҳам орзуларим кўп эди, бола-чақали, уйли-жойли бўлишни, яхши ҳаёт кечиришни истардим. Бир ўзим ёлғиз ва бунақа шароитда қоламан деб ҳеч ўйламаганман. Лекин ҳаёт экан. Бир йил ичида 5-6 жойга кўчдим. Кўч-кўронни кўтариб, ижарада яшаш қийин. Бизга уй қуриб берилаётганини эшитиб, йиғлаб юбордим. Ташаббусни бошлаганларга, овоз берганларга раҳмат айтаман”, – дейди Назира Холова.

Назира опа ўзи учун таом тайёрлайди, чой қайнатади. Уй юмушларини қилган бўлади, ўзини чалғитишга уринади. Айни кунларда ўз уйи бўлишини ўйлаб, кунлари умид ва қувонч билан ўтмоқда.
Кўзи ожиз отахоннинг изтироблари
Қулназар Абдураҳмоновнинг дарди Назира Холованикидан ҳам аянчлироқ. 66 ёшни қаршилаган отахон кўп йиллар Конимех чўлларида чорва ортидан юриб, чўпонлик қилган. 1985 йилда турмуш ўртоғи якка-ю ягона ўғлини олиб, Қозоғистонга кўчиб кетади. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, ўғил отаси ҳолидан хабар олмаган, излаб келмаган.
Бир неча йил олдин Қулназар ота яқинларини излаб Қозоғистонга борган. Уларни учратган ҳам. Бироқ на ўғли, на турмуш ўртоғи уни қабул қилмаган. Кўрса-да, кўрмасликка олиб, нари кетган. Бундай оғир изтиробни кўтара олмаган Қулназар ота бир муддат Қозоғистонда чўпонлик қилган ва минг ўкинч билан ортга қайтиб келган. У ҳозир бир хона хароба уйда, ёлғиз ўзи ижарада яшайди.

Бунинг устига кўзлари ожиз. Шундай бўлса ҳам ўзи учун ҳаракат қилади. Аксарият ҳолларда деворга илинган радионинг мурватини бураб, кўзда ёш билан янгиликларни эшитиб ўтиради.
Қулназар Абдураҳмонов бошидан ўтказганлари ҳақида шундай дейди:
“Конимехда туғилиб ўсганман. Биз уч оғайни эдик. “Деддом”да улғайганмиз. Ҳарбий хизматдан қайтиб келгач, чўпонлик қилдим. 1979 йил оилали бўлдим. Лекин орадан 3-4 йил ўтиб, ажрашиб кетдик. Шундан кейин ёлғиз қолдим. У ёқда юрдим, бу ёқда юрдим, қурилишларда ишладим. 20 йилдан бери уйсизман. Бу ерда ҳеч кимим йўқ. Маҳалла, ҳокимлик ёрдам бериб туради. Мен каби ёлғиз муҳтожларга уй қуриб берилишини эшитиб, хурсанд бўлдим. Фарзандим ташлаб кетди, ватаним ташлаб қўймади”.

Хайрли ташаббус ғолиб бўлди
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил 1-ярим йиллик мавсуми учун Конимех туманидан 100 га яқин ташаббус илгари сурилди. Улардан бири тумандаги якка-ёлғиз фуқароларга уй-жой қуриб бериш ҳақида. Фуқаро Алия Сапарова томонидан киритилган ташаббус 520 та овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Лойиҳани амалга ошириш учун 1 млрд 80 млн сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда дастлабки рўйхат шакллантирилмоқда.

Бу қандай амалга оширилади?
Конимех тумани молия бўлими бошлиғи Бахтияр Заркуновнинг таъкидлашича, уйлар намунавий лойиҳа асосида, барчаси битта ҳудудда қурилади.
“Ғолиб бўлган ташаббуслар халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида депутатлар муҳокамасига қўйилади. Агар лойиҳа депутатлар томонидан қўллаб-қувватланса, сессия қарори қабул қилинади ва кейинги босқичда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ер ажратиш, молиялаштириш ва қурилиш жараёнлари бошланади. Қурилган уйлар якка-ёлғизларга вақтинча фойдаланишга берилади ҳамда ҳокимлик балансида бўлади. Улар ўзлари истаганча бу уйларда яшашлари мумкин. Уйни сақлаш ва коммунал хизматлар фуқароларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади”, – дейди Бахтияр Заркунов.

Хуллас, Конимехда хайрли ташаббусга қўл урилди. Ушбу ташаббус тез фурсатларда амалга оширила бошлашидан якка-ёлғизлар ҳам, бошқалар ҳам умидвор.
Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Муҳиддин Нидо
Мавзуга оид
15:36 / 07.03.2022
Чорванинг ортидан Captiva минган аёл
13:55 / 24.01.2022
Навоийда Lacetti туя билан тўқнашиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди
14:50 / 26.12.2021
Навоийдаги сирли қотиллик тарихи: Таниб бўлмас мурдадан уюшган гуруҳнинг фош этилишигача
14:59 / 11.03.2021