Ўтган аср 90-йилларидаги ушбу жиноят очилиши миллий прокуратура тарихидаги муваффақият намуналаридан бири бўлиб қолган.

Шахси номаълум мурда

1993 йил 20 июн. Кундузи соат 12ларда Навоий вилояти Конимех туманидан ўтган асфалт йўлдан икки юз метрлар узоқликдаги даладан ер қазувчилар номаълум шахснинг кўмиб ташланган жасадига дуч келишди.

Мурда ҳақида тегишли идораларга хабар берилди. Воқеа жойига вилоят прокурори, вилоят бош терговчиси, прокурор-криминалист, суд-тиббиёт эксперти, ички ишлар бошқармасининг мутахассис изқувари, тезкор-қидирув ходимлари ҳозир бўлди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгани сабабли, воқеа жойида бирорта из йўқ эди.

Ягона илинж – ўқотар қуролдан икки марта отилиши натижасида боши мажақланиб кетган ва юзи таниб бўлмас ҳолга келган мурда ва унинг устидаги чириш даражасига етиб қолган кийимидан эди.

Бу инсон ким, бу ерга қандай келиб қолган, қотиллар ким, нима сабабдан, қаерда, қачон ўлдирилган, деган саволларнинг ҳеч бирига жавоб йўқ. Шу туфайли, терговчилар олдида ўта мураккаб вазифа тургани аниқ эди.

Дастлаб, қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Воқеа жойи, унинг яқин атрофи ўрганиб чиқилди. Мурданинг танаси синчиклаб ўрганилди, намуналар олинди.

Суд-тиббий экспертиза қуйидаги хулосани берди: марҳум ўрта ёшлардаги европа миллатлари тоифасига мансуб. Бошига қўшоғиз ов милтиғи билан 2 марта тираб отилган сочма ўқ оқибатида ўлим топган. Шу билан бирга, ўнг умуртқасидаги 6, 7 ва 8-қовурға суяклари синган бўлиб, бу жароҳатлар жиноят содир этиш пайтида жисмоний куч ишлатилгани, тепкилаш таъсирида бўлгани эҳтимоли бор. Бош суягида ўқ изларидан ташқари, мажақланган бошқа жароҳатлар изи ҳам бор эди. Бу жароҳат болтанинг сирти ёхуд шунга ўхшаш оғир ва қаттиқ предмет билан уриш натижасида етказилган бўлиши мумкин.

Навбатдаги вазифа – марҳумнинг шахсини аниқлаш эди. Шу сабабли, теварак-атрофдаги аҳоли яшаш пунктларидан бедарак йўқолган инсонлар суриштирилди. Аммо бедарак йўқолганлар орасида мурдадаги белгиларга ўхшаши топилмайди.

Калаванинг учи топилгандек...

Ниҳоят, Бухоро вилоятидаги (Ҳозирда Навоий вилоятида) Зафаробод қўрғони ички ишлар бўлимидан келтирилган йиғмажилдлар орасида 1993 йил 25 май куни Сергей Иванов исмли шахс бедарак йўқолгани ва кейинроқ унинг хабари топилгани ҳақидаги иш учраб қолади.

Маълум бўладики, эр-хотин Ивановлар Зафаробод посёлкасида яшаб келган. Эрининг тўсатдан йўқолиб қолиши натижасида марҳумнинг рафиқаси Мария Иванова 1993 йил 25 май куни милиция бўлимига мурожаат қилади. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, Тошкентдан эрининг номидан жўнатилган телеграмма келиб қолади: