Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда бекатлар инфратузилмаси янгиланади: 110 та савдо объекти аниқланди
Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони ортиб бораётган бир пайтда бекатлар инфратузилмасини тартибга солиш ва янгилаш ишлари давом эттирилмоқда. Ўтказилган аудит натижасида бекатлар ўрнида 110 та савдо объекти жойлашгани маълум бўлиб, уларнинг 61 таси ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Фото: Тошшахартрансхизмат
Тошкентда йўловчи оқими ортиб бораётгани сабаб шаҳарликлар жамоат транспортини тобора кўпроқ танламоқда. Бу эса қулайлик, хавфсизлик ва хизмат сифатига бўлган талабни оширмоқда. Шу муносабат билан давлат транспорт тизимини босқичма-босқич кучайтириб, автобуслар паркини кенгайтириш, йўналишлар ва инфратузилмани янгилаш ишларини олиб бормоқда.
Қайд этилишича, пойтахтда бекат инфратузилмасини тартибга солиш ва янгилаш бўйича ўтган йили бошланган ишлар ҳозир ҳам давом эттирилмоқда. Рақамли транспорт маркази ташкил этилганидан сўнг, ушбу вазифа марказ мутахассислари ва ходимлари томонидан мувофиқлаштириб келинмоқда.
Аввалроқ мутахассислар пойтахтнинг энг тирбанд 472 км автомобил йўлини аниқлагани ва устувор йўналишлар бўйича ишлар бошлангани маълум қилинган эди. Биринчи босқичда 100 кмлик масофа қамраб олиниб, 360 дан ортиқ бекат ва 190 та катта-кичик чорраҳа хатловдан ўтказилди.
Ўтказилган аудит натижаларига кўра, жамоат транспорти йўналишидаги бекатлар ўрнида халқ тилида “тижорат дўконлари” деб аталадиган 110 та савдо объекти жойлашган. Улардан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Маълум қилинишича, ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилади.
Шаҳар маъмуриятининг тегишли қарорига асосан барча бекатларни янгилаш режалаштирилган. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо нуқталарини ўрнатиш учун бошқа жой ажратиш орқали компенсация тўлаш механизми ҳам кўзда тутилган.
Мутахассислар таъкидлашича, жаҳон амалиётига кўра жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепцияси бекат ҳудудида савдо объектлари бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, платформалар етарлича кенг бўлишини ҳамда тирбандлик юқори бўлганда уларни кенгайтириш имконияти мавжудлигини, шунингдек инклюзив муҳит яратилишини назарда тутади.
Маълумотларга кўра, “Долзарб 90 кун” доирасидаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
09:10 / 03.04.2026
Тошкент ва Ўш ўртасида илк авиақатнов йўлга қўйилди
14:58 / 02.04.2026
Аҳоли норози: Тошкентда футбол майдончаси ва дарахтларга қурилиш хавф солмоқда
09:13 / 01.04.2026
Экологик чоралар энди фақат Тошкент билан чекланмайди
18:49 / 31.03.2026