Пойтахтдаги яна бир яшил ҳудуддаги дарахтлар ва болалар майдончаси хавф остида қолган. Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалласи аҳолиси 3,5 йилдан бери уларни сақлаб қолиш учун курашмоқда. Бу ерда маиший комплекс қурилиши режалаштирилган.

Яккасаройдаги Юнус Ражабий маҳалласи аҳолиси 3,5 йилдан бери болалар спорт майдончаси ва 18 та дарахтни сақлаб қолиш учун курашмоқда, аммо тадбиркорнинг ҳам қурилишдан воз кечиш нияти йўқ. 2022 йилда аукционда тадбиркор Дониёр Юсупов томонидан 1 миллиард 300 миллион сўм эвазига офис биноси қуриш шарти билан қўлга киритилган, бироқ кейинчалик лойиҳа ўзгартирилиб офис, автотураргоҳ, кўнгилочар мажмуа қурилиши режа қилинган.

Аҳоли бу қарорга қарши судга мурожаат қилган, бир неча босқичли суд жараёнларидан сўнг 2024 йил охирида улар фойдасига қарор чиқарилган. Шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанциясида бу ҳолат Шаҳарсозлик кодексига зид экани айтилган. Чунки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига кўра, бундай объектлар мактаб-боғчалардан 50 метрдан кам бўлмаган масофада узоқ бўлиши керак. Аммо қурилиши режа қилинган бино билан тумандаги 323-болалар боғчасининг оралиғи бор-йўғи 3 метр масофада лойиҳа қилинган.

“Бу ерда болалар боғчаси бор, жажжи болачаларимиз ўсиб-улғайишига тадбиркор қурадиган бино салбий таъсир қилиши аниқ. Бу халқнинг норозилигига сабаб бўляпти. Нима сабабдан 1 йил-у 2 ой ўтиб шаҳар прокурори ўринбосари протест беряпти? Чунки биз судларда ютиб чиқдик, исботланди бу ерда қурилиш мумкин эмаслиги”, - дейди МФЙ раиси ўринбосари Холида Муродова.

Бироқ 2026 йил феврал ойида Бош прокуратура ушбу қарор юзасидан протест киритди. Унда айтилишича, ҳудуддаги 18 та дарахт қурилиш остига тушган ва шундан 8 та дарахтни кесиш, 2 тасини кўчириш 5 млн 100 минг сўм тўлов эвазига амалга оширилиши мумкин. Бунга Экология қўмитасининг рухсати берилган. Аммо Ботаника боғи мутахассислари хулосасига кўра, бундай катталикдаги дарахтларни кўчириб ўтказиш деярли имконсиз. Бу уларнинг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Ҳудуддаги барча дарахтлар «Яшил макон» дастурига киритилган.

Иш 3 апрел куни қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда. Аҳоли Президент администрациясига ҳам мурожаат йўллаган.

«Бу ҳудудда иссиқ сув қувурлари тепадан ўтказилган, чунки бу маҳалла қурилган пайтда уларни пастдан ётқизишнинг иложи бўлмаган. Бу ердаги барча уйлар тахминан 60 йил аввал қурилган уйлар. Агар қурилиш жараёнида қазишни бошлашса ва бирон бир қувурга тегишса, бутун маҳалла газ, сув ёки канализациясиз қолади. Ҳатто телефон алоқасини ҳам узиб қўйиши мумкин», - дея таъкидлади яна бир фуқаро.