Жаҳон | 16:53 / 19.09.2023
33364
4 дақиқада ўқилади

5 киши учун 6 млрд доллар: Эрон АҚШга қайтарган одамлар ким эди?

АҚШ ва Эрон ўртасида Қатар ҳукумати воситачилигида йирик алмашув амалга оширилди. Эрон Вашингтоннинг сўрови билан беш нафар америкаликни қамоқхонадан озод қилди ва уларга уйига қайтишга рухсат берди. Бунинг эвазига Теҳронга Жанубий Корея банкида музлатиб қўйилган 6 миллиард доллар қайтарилди.

Фото: Reuters

Келишув Қатар ҳукумати воситачилигида амалга оширилди. Шартлашувга кўра аввалига АҚШ Корея банкида музлатилган 6 миллиард доллар пулни Доҳадаги банкка ўтказиб берди. Кейин эса АҚШ сўраган ва қамоқхонада бўлган 5 киши самолёт орқали Доҳага учириб юборилди. Уларни америкалик мулозимлар кутиб олиб, Вашингтонга жўнатишди.

Қизиғи, АҚШ сўрови билан озод қилинган 5 кишининг камида уч нафари форс миллатига мансуб.

Озод қилинган АҚШ фуқароларидан бири 51 ёшли тадбиркор Сиамак Намози. У 8 йилни Эрон қамоқхонасида ўтказган. Дубайдаги нефт компаниясида менежер бўлиб ишлаган Намози 2015 йилда қўлга олинганди. Бир йил ўтиб эса Эрон ҳукумати унинг кекса отаси Бакирни ҳам қўлга олади.

Ота-болага гўёки «хорижий душман билан алоқада бўлгани учун» 10 йил қамоқ жазоси тайинланади. 2022 йилда Намозининг отасига даволаниш учун озодликка чиқишга рухсат беришади.

Яна бир маҳкум 59 ёшли тадбиркор Эмад Шарги 2018 йилда қўлга олинганди. У ўша вақтда Эрон венчур фондида ишларди. Аввалига Шаргини гаров пули эвазига озод қилиб, ундан жосуслик айблови олиб ташланади. Аммо суд 2020 йил унга нисбатан 10 йиллик сиртдан қамоқ жазоси эълон қилади. 2021 йил Эрондан чиқиб кетаётганида ушланади.

АҚШга қайтарилган 67 ёшли Мурод Таҳбаз эса атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мутахассис бўлиб, унда Британия фуқаролиги ҳам бор. Уни 2018 йил саккиз нафар эронлик табиат ҳимоячилари билан бирга қўлга олишганди. Улар шунчаки гепардларни суратга олаётганда қўлга олиниб, жосусликда айбланади. Таҳбаз ўзига қўйилган айбловларни рад этганига қарамай, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Фото: ANYHOPEFORNATURE/FREETHENAMAZIS/NEDASHARGHI

Вашингтонга қайтарилган яна икки киши шахси ошкор қилинишини истамаган. АҚШ томонига кўра, Эрон бу 5 кишини Вашингтонга сиёсий босим ўтказиш мақсадида ҳеч қандай асоссиз қамоққа олган.

«Эрон қамоқхоналарида бўлган 5 нафар айбсиз америкалик бугун ниҳоят уйларига қайтади», деди Жо Байден Эрондан қайтган америкаликлар самолёти Доҳага қўниши билан.

Байден ушбу иш бўйича Эрон собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажот ва Эрон разведкасига нисбатан санкциялар жорий этилганини эълон қилди. АҚШ президентига кўра, собиқ президент ҳам юқоридаги 5 кишини қўлга олишда алоқадор бўлган.

Теҳрон ва Вашингтон келишувига кўра, Америка томони Эронга қарши санкцияларни бузгани учун турли муддатларни ўтаётган 5 нафар эронликни ҳам афв этган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам Эронга қайтарилмайди.

Бу шов-шувли келишув ҳақида эшитгач, барчада бир хил савол пайдо бўлади: бундан ким ютди?

Албатта, бир қарашда келишув Эрон учун фойдали бўлди. Чунки АҚШ қўйиб юборилган 5 фуқароси эвазига Америка қамоқхоналарида қолаётган эронликларни қайтаради. Қўшимчасига, Эрон 6 миллиард доллар олади.

Оддий арифметика бўйича қаралса, Америка ҳар бир қутқарилган фуқароси учун 1,2 миллиард доллар тўлагандек. Лекин бу қайтарилган пуллар Эроннинг ўзиники бўлганини унутмаслик керак.

Келишув амалга ошишида Эроннинг энг яқин иттифоқчиларидан бўлмиш Қатар томони катта жонбозлик кўрсатди. Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда юқори мартабали қатарлик сиёсатчилар ҳам иштирок этган. Умумий ҳисобда қатарликлар воситачилик қилган тўққиз раундлик музокаралар 7 ой давом этган.

Эрон томони АҚШ санкциядан чиқарган 6 миллиард долларни ўзи хоҳлаганидек ишлатишини айтган, лекин музокараларда иштирок этган BBC манбаларига кўра, блокдан чиқарилган пул ишлатилиши АҚШ томонидан жиддий назорат қилинади.

Бу пуллар Эрон ҳукуматига юборилмайди, аксинча инсонпарварлик ёрдами, дори воситалари ва қишлоқ хўжалиги секторига учинчи томонга тўлов қилиш орқали йўналтирилади.

Экспертлар фикрича, Байден учун сайлов арафасида америкаликларни Эрондан қайтариш айни муддао бўлди. Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари энди Эрон янада кўпроқ қўшфуқароликка эга Ғарб фуқароларини ушлашга зўр беришидан хавотир билдирган.

Мавзуга оид