19:00 / 01.07.2022
20182

"UZAUTO MOTORS" компанияси ишлаб чиқариш рекордини янгилади

Фото: UzAuto Motors

“UzAuto Motors” компанияси Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғини бажариб, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 160 000 дона автомобиль ишлаб чиқарди. 

Компания ўз фаолиятини бошлаганидан буён, биринчи марта биринчи ярим йилликда заводда 160 000 дона автомобиль ишлаб чиқарилди. Шундай қилиб, корхона меҳнат жамоаси нафақат Президент топшириғини бажарибгина қолмай, балки ишлаб чиқаришнинг янги рекордини ўрнатди. 

Янги ишлаб чиқариш рекорди шарафига йиғиш цехида 160 000-чи автомобилнинг чиқишига тантанали тадбир ташкил этилди.

Корхона раҳбарлари ўз чиқиш сўзларида йиғилган ходимларни жамоанинг эришган ғалабаси билан самимий табриклашди.

"UzAuto Motors" АЖ бош директори Бо Андерссон мамлакат президенти томонидан жамоа олдига қўйилган мақсадга эришишда қўшган ҳиссаси учун барча ходимларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиль моделларини кутиш муддати қисқартирилгани ҳамда компаниянинг яқин орада мақсади, Chevrolet Tracker ва Oniх автомобиллари ишлаб чиқарилишини муваффақиятли йўлга қўйиш эканини маълум қилди. 

Ишлаб чиқариш ва технологияларни ривожлантириш бўйича бошқарувчи директор Иқбол Жўраев барча ходимларнинг меҳнатсеварлиги, қатъияти ва сабр-тоқати учун миннатдорчилик билдирди.

Хоразм филиали бошқарувчи директори Собир Жуманиёзов барчани аъло натижа билан табриклади, ходимларни бошқариш дирекцияси директори Илҳом Таиров эса компания бундай юқори натижаларга бутун жамоанинг саъй-ҳаракати, бирдамлик ва ҳамжиҳатлилик билан қилган меҳнати ҳамда юқори даражадаги ташкилотчилиги сабабли эришганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Компания касаба уюшмаси раиси Ўктам Мирзаев “160 000 – бу кимлардир учун шунчаки рақам бўлиши мумкин. Аммо фақат бизнинг ходимларимиз ушбу рақамлар ортида қандай инвестиция, қандай машаққат ва қандай меҳнат борлигини билашади”, – дея гапириб ўтди.

Шунингдек, ўз ишини яхши кўрсаткичлар билан қайд этган ходимлар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Тадбирдан сўнг бутун жамоа учун байрамона тушлик дастурхони ташкил этилди.

Фото: UzAuto Motors
Фото: UzAuto Motors
Фото: UzAuto Motors

Реклама ҳуқуқи асосида

Top