Ўзбекистон | 19:07 / 11.02.2020
92444
3 дақиқада ўқилади

Янги орган коррупцияга қарши курашда барча куч ва воситаларга эга бўлади – Президент

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, дунё миқёсида коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали бу иллат барҳам топмаган.

«Юртдошларимизнинг фикрича, соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишда коррупция кенг тарқалган.

Мисол учун, таҳлилларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларнинг 25-30 фоизи самарасиз сарфланмоқда. Кўплаб соҳаларда давлат харидларини амалга ошириш тизими очиқ-ошкора эмас», – дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди.

Бугунги йиғилишда ушбу янги тузилмани ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Коррупция даражаси юқори бўлган соҳаларда бу иллатдан қутулиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

«Коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли – давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларини шаффоф қилишдир. Бунда энг асосий эътиборни ишга олиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашга қаратиш лозимлиги белгиланди.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизиминининг барча ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш шартлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга хорижий тажриба асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилмани ташкил этишга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди. Мазкур тузилма нафақат бу борада давлат сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши, балки коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларга эга бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди», дейилади расмий ахборотда.

Йиғилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш ва Жамоатчилик палатасини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

2020 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, коррупцияга қарши курашувчи янги органни ташкил этиш тўғрисидаги президент фармони лойиҳаси 1 майга қадар ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид