Ўзбекистон | 00:15 / 09.09.2020
8190
2 дақиқада ўқилади

Парламентда Адлия вазири вазирлик томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини тақдим қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов юқоридаги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъруза билан сўзга чиқди.

Адлия вазири ўз маърузасида бугунги кундаги қонунчилик аҳволи юзасидан айрим масалаларга тўхталиб ўтиб, ҳуқуқ назарияси ва қонунчилик амалиётининг узоқ йиллик тарихида шаклланган “қонун ҳужжатлари” ва “қонун” каби алоҳида фундаментал тушунчалар миллий қонунчилигимизда йиллар давомида бир хил маънони англатувчи тушунчалар сифатида қўлланиб келинганлигини таъкидлади.

Мазкур амалиётга чек қўйиш мақсадида қонун ҳужжатларида “қонунчилик”, “қонунчилик ҳужжати” ва “қонун ҳужжати” каби тушунчаларни умумъэтироф этилган мазмуни ва маъносига кўра баён этиш таклиф этилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан  Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 5 та Конституциявий қонунлари, 19 та кодекси ва 278 та қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида қонунчилик амалиётини тўғри йўлга қўйиб, ушбу тушунчаларни қўллаш юзасидан тушунмовчиликлар

ва турли хил талқинларнинг олдини олади.

Қонун лойиҳаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” янги таҳрирда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан бирга кўриб чиқилади.

Мавзуга оид