Қирғизистонда мамлакат номини ўзгартириш таклиф этилди
23 ноябр куни Бишкекда конституциявий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакат номини «Қирғиз республикаси» ёки «Қирғиз халқ республикаси» деб ўзгартириш таклиф этилди.
Kloop.kg нашрининг хабар беришича, мамлакат номини ўзгартиришни собиқ Адлия вазири Марат Кайипов таклиф қилган.
«Мамлакатимиз номи рус тилига «Қирғизлар Республикаси» (Кыргызская Республика) деб таржима қилинади. Аслида эса «Қирғиз республикаси» (Республика Кыргыз) деб тўғри ёзиш керак, «Қирғизлар Республикаси» атамаси бу мамлакатда фақат қирғизлар яшайди деган маънони англатади. «Қирғиз Республикаси» дейилганда эса кўплаб халқлар бирлашиб яшаётган мамлакат эканлигини аниқ кўрсатиб беради», – деган у.
Кенгаш аъзоси, «Қирғиз йўли» маърифий жамият бирлашмаси раиси Қодир Кошалиев эса бошқа вариантни илгари суради.
Унинг сўзларига кўра, янги конституция лойиҳасида «халқ қурултойи» тушунчаси киритилаётганлиги сабабли, мамлакат номида «халқ республикаси» атамаси, албатта, бўлиши керак.
«Биз биринчи марта халқ қурултойи институтини конституцияга расмий равишда киритмоқдамиз. Халқ ҳокимияти ва давлат тузилмаси нима эканлиги ҳақида тушунча мавжуд. Бугун халқ давлат тузилмасини қамраб олди. Ҳеч бир мамлакатда халқ ҳокимияти йўқ. Бизда ҳам ҳокимият олигархлар қўлида. Биз халқ хоҳишидан ўринли фойдаланишимиз зарур. Барча юқори лавозимга тайинланадиган шахслар халқ қурултойида тасдиқдан ўтиши керак. Ана шунда биз коррупцияни минимал даражага туширамиз ва мансабдор шахслар янада масъулиятли бўлишади», – деган Кошалиев.
Бундан ташқари, Қирғизистон Жогорку Кенешининг собиқ депутати ва Садир Жапаровнинг яқин ҳамкори Нооманжан Аркабаев конституциядан «дунёвий давлат» тушунчасини олиб ташлашни таклиф қилган.
«Бир гуруҳ диний уламолар мени учрашувга таклиф қилишди ва конституциядан «дунёвий давлат» сўзларини олиб ташланиши кераклигини сизга етказишимни илтимос қилишди. Ушбу сўзларни конституциядан бутунлай олиб ташлаш нотўғри бўлиши мумкин. Мен «дунёвий давлат» сўзлари ўрнига «илғор илм-фан ва маданиятга асосланган давлат» деб ёзишни таклиф этаман», – деган Нооманжан Аркабаев.
Собиқ депутатнинг таклифига Дин ишлари бўйича давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Зайирбек Эргешов қарши чиққан. У Марказий Осиё мамлакатлари ва барча туркий давлатлар конституцияларида «дунёвий давлат» сўзлари борлигини таъкидлаган.
«Кеча мен Туркия, Туркманистон, Озарбойжон, Татаристон, Ўзбекистон, Бошқирдистон, Қозоғистон ва Тожикистон конституцияларини кўриб чиқдим. Уларнинг барчасида «дунёвий давлат» сўзлари бор. Агар конституциядан «дунёвий давлат» сўзларини олиб ташласангиз, у ҳолда фуқароларнинг дин танлаш эркинлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келади», – деган Эргешов.
Қирғизистон конституциясини ислоҳ қилиш ташаббуси мамлакат Жогорку Кенешининг 80 депутати томонидан қўллаб-қувватланган. Улар асосий қонунга Қирғизистонни президентлик бошқарув шаклига қайтариш, янги маслаҳат кенгаши – халқ қурултойини жорий этиш, шунингдек, мамлакатдаги ОАВга ахлоқ доирасидан чиқадиган материалларни чоп этишни тақиқлаш ҳақидаги бандларни киритишни таклиф этишган.
Бундан ташқари, конституциявий кенгаш йиғилишида ушбу кенгашга янги конституция қабул қилишни танқид қилаётганларни ҳам қўшиш, ўлим жазосини қайта жорий қилиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Мавзуга оид
17:05 / 04.11.2024
Ўзбекистон президенти Қирғизистондаги ТДТ саммитида иштирок этиши кутилмоқда
12:30 / 02.11.2024
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси дипломатик миссиясини якунлаяпти
17:51 / 01.11.2024
“Ҳиндистон ва покистонликларга нисбатан ксенофобия кузатилган”. Қирғизистонда хорижлик талабалар хуш кўрилмаяптими?
17:16 / 01.11.2024