Ўзбекистон | 15:25 / 05.06.2024
7619
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Чобаҳор портини бошқарувга олмоқда. Бунинг Ўзбекистон учун муҳимлиги нимада?

Хитой товарлари ташиладиган Покистоннинг Гвадар портидан унча узоқ бўлмаган масофадаги Эроннинг Чобаҳор портига Ҳиндистон катта инвестиция киритмоқда. Kun.uz Ўзбекистон ташқи савдоси учун ҳам катта аҳамиятга эга бу янгилик ҳақида сўз юритиш учун сиёсий таҳлилчилар Наргиза Умарова ва Фарҳод Каримовни таклиф этди.

Чобаҳор – Эроннинг ягона океан порти ҳисобланиб, дунёнинг 10 та мега портлари даражасига чиқиш потенциалига эга. Лекин бу объект узоқ йиллар давомида санкциялар остида бўлган. Орада маълум муддат Афғонистондаги эски режим – президент Ашраф Ғани бошқаруви даврида Кобулга имкониятлар яратиш мақсади билан портдан санкциялар олиб ташланган.

Чобаҳор “шимол-жануб” коридорининг муҳим порти саналади ва объектни оммалаштириш, халқаро даражага олиб чиқиш ташаббуслари Эрон шоҳи даврига бориб тақалади. Аммо ҳали-ҳануз стратегик аҳамиятга эга порт чекловлардан тўла халос бўлолмаяпти. Узоқ йиллик музокаралардан сўнг Ҳиндистон ва Эрон келишувга эришди. Порт бошқаруви 10 йил муддатга Ҳиндистонга берилмоқда.

Хўш, нега Ҳиндистон бу порт оммалашуви учун бу қадар ҳаракат қиляпти?

Деҳлининг амбициялари сиёсий, геосиёсий ва иқтисодий, дейишимиз мумкин. Аввало, минтақада Ҳиндистон учун энг катта рақобатчи Хитой экан, Деҳли алтернатив йўлларни излаши табиий. Бундан ташқари, Покистондаги икки муҳим портлар – Гвадар ва Карачи, асосан, Хитой товарлари экспортига хизмат қилиб келмоқда. Икки давлат билан ҳам совуқ алоқаларига эга Ҳиндистон учун “чиқиш йўли” Эроннинг Чобаҳори бўлмоқда.

Бундан ташқари, Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон”нинг Покистон билан муносабатларини жуда яхши деб бўлмайди. Хусусан, Покистондаги портлар афғон товарлари экспорти чунки бугунги кунда ягона имкон экани инобатга олинса, Исломободнинг инжиқлиги – табиий. Шундай вазиятда Покистонни айланиб ўтувчи коридор “Толибон” манфаатларига ҳам жавоб беради. Ҳолатдан хабардор Ҳиндистон портни оммалаштириш ишларига “Толибон”ни ҳам сафарбар қилиш ҳаракатида. Масалан, жорий йилнинг мартида учрашган икки давлат ташқи ишлар бўйича амалдорлари Чобаҳор масаласида кенгашган. Толиблар 35 млн доллар сармоя киритиши маълум қилинган.

Сиёсатшунос олима Наргиза Умаровага кўра, Гвадар ва Чобаҳор – бир-биридан узоқ бўлмаган ва ўзаро рақобатдаги икки порт ҳисобланади. Чунки иккала объект ортида Хитой ва Ҳиндистондек гигантлар манфаатлари ётибди. Ҳиндистоннинг Чобаҳорга кўз тикиши эса Пекинни асабийлаштиради. Айни вазиятда Хитой Исломобод воситачилигида масалага аралашиши мумкин.

Сиёсатшунос Фарҳод Каримов фикрича эса, асосий нуқта – ғарб ва АҚШ позициясига бориб тақалади. Ҳаттоки, Вашингтон Ҳиндистоннинг режасини пухта муҳокама қилиб, Эронга эълон қилган санкцияларини юмшатиши ҳам мумкин. Чунки Ҳиндистон АҚШ учун асосий рақобатчиси Хитойга қарши туришда минтақадаги асосий давлат бўлиб қолмоқда.

Чобаҳорнинг Ўзбекистон ташқи савдоси учун ҳам аҳамияти ниҳоятда юқори. Ҳам биринчи, ҳам иккинчи маъмурияти даврида савдо йўлларини қидирган Тошкент учун Чобаҳорнинг оммалашуви яхши имконият. Лекин бу билан Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга чиқиш имкониятлари ва режаларидан воз кечмайди. Алтернатив йўлларга интилади. Чунки Эронга чиқишда Туркманистондек инжиқ ҳамкор билан ҳам ҳисоблашишни унутмаслик лозим.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид