Яҳудийлар ва форслар келажакда тинч-тотувликда яшайди — Нетаняҳу Эрон халқига мурожаат қилди
Исроил бош вазири оддий эронликларни ҳукмрон режимга қарама-қарши қўйиб, мамлакат халқи «бундан яхшироғига лойиқ» эканини ва Эрон раҳбарияти уларни ҳар куни «жарликка» яқинлаштираётганини айтди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрон халқига видеомурожаат қилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
«Ҳар куни Ливанни ҳимоя қилиш, Ғазони ҳимоя қилиш ҳақида жўшқин нутқлар қилаётган, аммо сизни қулликка солаётган режимни кўрасиз. Бироқ, бу режим ҳар куни минтақамизни зулмат ва урушга ботирмоқда», деди бош вазир инглиз тилидаги видеомурожаатида.
Нетаняҳу оддий эронликларни ҳукмрон режимга қарама-қарши қўйиб, мамлакат халқи «бундан яхшироғига лойиқ» эканини ва Эрон раҳбарияти уларни ҳар куни «жарликка» яқинлаштираётганини айтди.
«Агар улар сизга ғамхўрлик қилсалар, Яқин Шарқдаги маъносиз урушларга миллионлаб доллар сарфлашни тўхтатадилар. Тасаввур қилинг-а, агар режим ядро қуроллари ва хориждаги урушларга сарфлаган пуллар фарзандларингизнинг таълимига, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмага йўналтирилса», деди Нетаняҳу.
Исроил бош вазири сўзларига кўра, «Эрон ниҳоят кўпчилик ўйлагандан анча олдин озод бўлади», кейин эса «ҳамма нарса ўзгаради» ва «икки қадимги халқ - яҳудийлар ва форслар тинч-тотувликда яшайди».
Нетаняҳу ўз сўзини якунида «бир гуруҳ мутаассиб теократларнинг оддий эронликларнинг умид ва орзуларини йўқ қилишига йўл қўймасликка» чақирди.
Нетаняҳу ўз баёнотини Исроилнинг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» позицияларини бомбалаши фонида айтди, унинг асосий ҳимоячиси Эрон ҳисобланади.
Исроилнинг Байрутга берган ҳаво ҳужумларидан бирида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўринбосари ҳалок бўлди. Эрон бунинг учун Исроилдан қасос олишга ваъда берди.