Жамият | 19:24 / 15.10.2025
6947
2 дақиқада ўқилади

Бухорода суд ходими тезкор тадбирда қўлга олинди

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди архив мудири кўриб тамомланган жиноят иши бўйича судланувчига танишлари орқали енгиллик яратиб бериш эвазига 700 доллар сўраган. Шундан 100 долларини олдиндан олган, қолганини олаётган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Бухорода суд тизими ходимининг ноқонуний ҳаракати фош бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ЖИБ Ғиждувон туман суди архив мудири ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 237 ва 238-моддалари билан қўзғатилиб, ЖИБ Когон шаҳар суди томонидан кўриб тамомланган жиноят иши бўйича судланувчига ваколатли танишлари орқали енгиллик яратиб беришни ҳамда келгусида ҳукм ўзгармаслигини ваъда берган. Бунинг эвазига эса 700 доллар талаб қилган.

Суд ходими келишилган пулнинг 100 долларини олдиндан олган. Қолган 600 долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Архив мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда судя катта ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид