Жамият | 18:55 / 19.04.2026
5383
3 дақиқада ўқилади

“Мен ҳақимда тошлар гапирсин” — 120 метр чуқурдан сув чиқарадиган тошлоқлик қудуқчи

Равшанжон Исомиддинов ҳозир 44 ёшда. У 24 йилдан бери ичимлик сув етиб бормаган ҳудудларда қудуқ қазиб, одамларнинг оғирини енгил қилиб келади. Равшанжон қудуқчи номи билан танилган қаҳрамонимиз ҳатто 120 метр чуқурликкача бўлган қудуқларни қазиган.

Ер қаърида тупроғ-у тошлар оралаб анча ичкарига кириб кетиб қолганимни ўзим ҳам сезмай қоламан. Юқорида турган ёрдамчиларим овозимни эшитмай қолиши мумкин, ўша учун микрофонда гапираман. Ҳаво етишмай қолганида “пилесос” туширишади”, – дейди у.

Kun.uz тасвирга олган манзилда қудуқчи 40 метр чуқурга тушишга улгуриб, шағални ташқарига олаётган экан.

Қудуқ қазиб сув чиқариш машаққатли иш. Ичкарида доим дуода бўламан. Ҳар бир дақиқада хавф билан юзлашасиз-да. Қудуқ ичида сизга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Тақир ерларда кўпчиликка сув чиқариб бериб дуосини олдим. Ўша қудуқдан чорвасини, боғини суғоришяпти, бола-чақасига сув беришяпти. Яратганга шукур айтаман, ҳаётимдан нолимайман. Касбимнинг ортидан рўзғор тебратяпман, устим бут.

Фаолиятим давомида чуқурлиги 100 метрдан ортиқ қудуқлардан кўплаб қазиганман. Ўша қудуқларни тушларимда ҳам кўраман...

Чуқурликка қараб тушиб кетганимда ҳаво етишмай қолиши мумкин. Ўша пайтда шерикларим ичкарига “пилесосда” ҳаво бериб туришади.

Бир қишлоқда қудуқ қазиётганимда қувур ёрилиб кетиб ичкарида сув остида қолиб кетганман. Ўшанда юқорида турган дўстларим мени ўлди, деб хавотир олишган. Аллоҳга шукур, амаллаб чиқиб олганман.
 

Равшанжон Исомиддинов

Микрофонсиз иш бўлмайди. Ичкаридан гапирганимни тепадагилар эшитмай қолиши мумкин. Қудуқ ичига микрофон билан тушиб кетиб, ёрдамчиларимга иш буюриб тураман.

Машаққат билан қазилган жойда сув чиқишини кўришнинг завқи бошқача. Сув чиқишини олдинроқ сезаман ва ўша пайтда атай шогирдларимни тушираман. Хурсанд бўлсин дейман-да”, – дейди қудуқчи.

Қаҳрамонимиз қудуқнинг ҳар бир метри учун 300 минг сўмдан 1 млн 200 минг сўмгача хизмат ҳақи олар экан.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид